21 авг 19:31
Янгиликлар
Фазлиддин Ғоибназаров: “Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади”
Жумладан, -64 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Фазлиддин Ғоибназаров Рио Олимпиадаси олтин медали учун кечадиган жангда асли кубалик, лекин Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган Лоренсо Сотомайор билан тўқнаш келади. Биз бир неча соатдан сўнг ўтказиладиган ушбу жанг олдидан Фазлиддиндан интервью олдик.
- Фазлиддин, аввало россиялик рақибингизга қарши кечган жанг ҳақидаги фикрингиз билан ўртоқлашсангиз...
- Жанг кутилганидек оғир кечди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Ўртага финал чиптаси қўйилганди. Қолаверса, Виталий Дунайцев билан алоҳида хисоб-китобим бор эди. Қатардаги жаҳон чемпионатида имкониятни бой бергандим. Шу боис, икки хисса иштиёқ билан рингга кўтарилдим ва рақибимни мағлубиятга учратдим. Фикримча, биринчи раунд ҳам менинг фойдамга ҳал бўлганди.
- Финалда сизни жиддий рақиб кутиб турибди. Асли кубалик бўлган Сотомайор финалгача деярли қаршиликка дуч келмади. Бу боксчи билан аввал ҳам учрашганмисиз?
- Ҳа, бир марта тўқнаш келганмиз. Болгариядаги мусобақада рақибимнинг қўли баланд келганди. Аммо, ўшанда ҳакамлар рақибимга ён босишганди. Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлиши керак. Ўйлайманки, ўз ғалабам билан терма жамоамизга навбатдаги медални тақдим этаман. Бир неча минг километр узоқда бўлсамда, ҳамюртларимизнинг ғойибона қўллаб-қувватлаб туришларини хис қиляпман.
Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин ярим финал баҳсида россиялик боксчи, амалдаги жаҳон чемпиони Виталий Дунайцевни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Ғоибназаров – Сотомайор жанги Тошкент вақти билан соат 23:00да бошланиши белгилаб қўйилган.
Фикрлар