13 сен 15:35
Янгиликлар
Расман. Федерер, Вавринка, Чидунелли Тошкентга келмади
Биз учун аҳамиятлиси, Тошкентга келган терма жамоа таркибидан Швейцария теннисининг уч нафар энг кучли ракетка усталари жой олмаган. Дунёнинг тўртинчи ракеткаси Рожер Федерернинг аввалдан пойтахтимизга келмаслиги аниқ бўлганди.
Куни кеча йилнинг тўртта энг йирик турниридан бири – US Open-2016 мусобақаси ғолиблига айланган Стэн Вавринка ҳам юртимизга ташриф буюрмайдиган бўлди. Вавринка дунё рейтингида 3-ўринни эгаллаб турибди.
Шунингдек, Швейцариянинг учинчи ракеткаси, дунё рейтингида 144-поғонадан жой олган Марко Кьюдинелли ҳам теннисчиларимизга қарши учрашувга келмади.
Кьюдинеллининг ўрнини рейтингда 890-ўринни эгаллаб турган Йоан Никлес тўлдирди. ATP рейтингида 161-поғонани банд этиб турган 25 ёшли Генри Лаксонен Швейцариянинг биринчи ракеткаси сифатида Тошкентга келган. Иккинчи ракетка Адриен Боссел рейтингда 472, Энтони Бельер эса 537-ўриндан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси саралашда Хитой теннисчиларини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, плей-оффда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.
Швейцарияликлар эса Жаҳон лигаси биринчи босқичида Италияга қарши ўйин ўтказиб, 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Ўзбекистон – Швейцария учрашуви ғолиби Жаҳон лигасига йўлланмани қўлга киритади.
Фикрлар