19 июл 18:51
Янгиликлар
Интервью. Ришод Собиров: “Асосий мақсадим – Олимпиада чемпионлиги”
Ришод Собиров – 1986 йил 11 сентябрда Бухоро вилояти Жондор туманидаги
Бурбоғи қишлоғида туғилган. 11 ёшида дзюдо билан шуғуллана бошлаган.
Спортдаги фаолияти
2008 йил Бухоро давлат университетини тамомлаган. 2005 йил 12-14 ноябрь кунлари Хитой Тайпейида ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё биринчилигида 1-ўринни эгаллаган Ришод орадан икки йил ўтиб, 12-18 май кунлари Қувайтда ташкил этилган қитъа чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди. Ўша йилнинг 17-19 мартида Қозоғистоннинг Алмати шаҳридаги халқаро турнирда 3-ўринни эгаллади. 2008 йил 23-29 апрелда Жанубий Кореянинг Чеджу шаҳрида Осиё чемпионатда 5-ўринга лойиқ топилди. Шу йили Хитойнинг Пекин шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида бронза медали билан тақдирланди. 3-6 октябрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида жамоалар ўртасида жаҳон чемпионатида кумуш медал совриндори бўлган.
2009 йил 20-23 март кунлари Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтган халқаро
турнирда 1-ўринни қўлга киритган қаҳрамонимиз 15-25 майда Хитой Тайпейидаги
Осиё чемпионатида яна бронза медалини қўлга киритади.
2010 йилнинг 16-18 январ кунлари Жанубий Кореянинг Сувон шаҳридаги
халқаро турнирда биринчи, 4-6 февралда Франциянинг Париж шаҳридаги халқаро
турнирда иккинчи, 7-11 май кунлари Туниснинг Гаммарт шаҳри мезбонлик қилган
халқаро турнирда биринчи, 11-17 май кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида
ўтган халқаро турнирда иккинчи, 1-5 июл кунлари Россиянинг Москва шаҳрида ўтган
халқаро турнирда 1-ўринларни эгаллаган. 6-12 сентябр кунлари Япониянинг Токио
шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медалини қўлга киритган.
Ўша йилнинг 13-16 ноябр кунлари Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган XVI
Осиё ўйинларида 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Шундан кейинги натижалари
жуда ҳам сермаҳсул бўлди. 2011 йил 5-7 февралда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида
ўтказилган халқаро турнирда 1-ўринни қўлга киритади. 5-6 февралда Париж, 20-25
майда Москва турнирларида олтин медални қўлга киритган Ришод 23-27 августда
ўтган жаҳон чемпионатида (Париж) бош соврин соҳиби бўлади.
2012 йил 9-12 январ кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтган
турнирда кумуш, 1-12 февралда яна ўша Парижда ўтказилган халқаро турнирда олтин
медалларни қўлга киритади. Лондон-2012 ёзги Олимпия ўйинларида яна бир бронза
медалини қўлга киритиб, шахсий совринларини бойитиб олади.
Мукофотлари
2003 йилдан терма жамоаси аъзоси. Халқаро тоифадаги спорт устаси.
2008 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий
унвони билан мукофотланган.
2012 йилда эса “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган.
Улкан орзулар
- Мен ҳеч қачон ҳамма қатори орзу қилмаганман. Орзуим бошқаларникидан жиддийроқ бўлган, меҳнатим ҳам шунга яраша бўларди. Олот туманидаги кураш мактабида ўқиб юрган вақтларда чемпионлик, айниқса олимпиадада ғолиб бўлиш энг юксак орзум бўлган, - дейди Р.Собиров.
Чемпионлик формуласи
- Ҳар бир спортчи ўз олдига катта мақсад қўйиши шарт. Олимпия, жаҳон
чемпиони бўламан, деб. Кейин шу мақсад сари интилиб меҳнат қилиши керак. Ҳар
бир ғалабанинг сири – қатъий тартиб-интизом ва машғулотларда тер тўкиб ишлашдан
иборат. Меҳнат, машаққат, сабр, ҳаракат – ҳамма спорт турида ютуқларнинг гарови
ҳисобланади.
Асосий рақиблар...
- Бу – спорт. Кимда тайёргарлик ва иштиёқ юқори бўлса, ким омадли бўлса, ўша ғолиб бўлади. Бошқа рақиблар хусусида гапирадиган бўлсам, португалиялик, япониялик, мўғулистонлик курашчилардан ҳам бирор нарса кутиш мумкин. Япониялик Сато Абэ ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада ғолиби. Ёш ва маҳоратли эканлигини катталар ўртасидаги бир қатор турнирларда ҳам ғалаба қозониб, исботлай олди.
Кореялик Ан Баулни анчадан бери кузатиб бораман. Жанубий Кореяда ташкил
этилган йиғинларимизда у билан кўп куч синашиб кўрганман. Ҳақиқатда кучли
рақиб. Унинг бу даражада етишига устози, Олимпиада чемпиони Чо Мин Хонинг
хизматлари катта. Ўзининг жангларида устози қўллаган усуллардан кўп
фойдаланади.
60 килограммдаги ўринбосарлар
- Бу вазнда 2 та бири-биридан кучли ва юқори техника эга бўлган ёшларимиз бор. Улар – Диёрбек Ўрозбоев ва Шарофиддин Лутфуллаев. Ҳар иккиси ҳам ўтган йили халқаро ареналарда юқори натижаларга эриша олишди (Ўрозбоев ўтган йилги жаҳон чемпионатида Олимпиада совриндорини иппон баҳоси билан енга олган). Умидимиз мана шундай ёшлардан. Насиб қилса, улар бу вазнда мени натижаларимдан ҳам юқориларини кўрсата олишади. Мен ҳар бир рақибимни маҳоратини, ожиз томонлари ҳамда устун томонларини ҳисобга олиб қатъий белгиланган режа асосида иш тутишга ҳаракат қиламан. Вазним 60 кг бўлган вақтда ҳар бир рақибимни ўрганиб чиққан эдим. Бугун 66 кг даги рақибларимни ўрганиш билан бандман. Энг асосий рақибларим Россия, Корея ва Япония полвонлари.
- Ўтган йилларда вазним ошиб 70 кг га етди. Бу вазндан 60 кг га тушишни ўзи бўлмайди. Бу соғлик учун ҳам зарар бўлиши мумкин. Шу сабабдан энди 66 кг вазнда мусобақаларда иштирок этаман. 66 килограмм вазнда янги рақиблар кўп эмас. Деярли ҳамма 60 килограммдан чиққан полвонлар. Олимпиадада ҳам барибир шулар чиқади.
Олдинги вазнда барча рақибларим билан ишлаб, улардан устунлигимни ҳис
қилганман. Ҳар бир вазнни ўзига яраша профессионал спортчилари бор. Катта
вазнга ўтгач, шу 1,5-2 йил давомида барча рақибларим билан курашиб кўрдим.
Ўзига яраша камчилик ва ютуқларим маълум бўлди. Худо хоҳласа, 66 килограмм
вазнда ҳам чемпион бўла оламан. Бунга кўзим етади.
Рақибларга ўзгача
- Кўнглим бўшлиги балки тўғридир, аммо фақат ўзимга яқин деб билган,
мени ардоқлаган ва мен ардоқлайдиган инсонларга нисбатан меҳрибонман, холос.
Рақибларимни эса, аяб ўтирмайман.
- Лондонда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални оламан, деб
ниҳоятда кўп ҳаракат қилгандим. Бронза медал олган вақтимда руҳий тушкунликка
тушганман. Ўзимни кўниктиришим қийин бўлди. Кейин медалсиз қолгандан кўра,
бронза олиб келдим-ку, деган умид бор эди, холос.
- Полвонлар икки хил бўлади, биринчиси, аждоди курашчи бўлган полвон, иккинчи тури эса машаққатли ва режим асосида меҳнат қилган полвонлар. Қондан ўтган полвонлар 70 фоиз ҳаракат қилиб, Худо берган иқтидори билан 100 фоиз меҳнат қиладиган спортчини ер тишлатиши мумкин. Менинг бобом халқ орасида донғи чиққан ва кураги ерга тегмаган Ҳазрат полвон бўлган. Демак, қонимизда полвонлик бор.
Ватан шарафи
Манбалар асосида Мусулмонбек ИБРОҲИМОВ тайёрлади
“News Arena” газетасининг 2016 йил 21-сонидан олинди
Фикрлар