UZ

Сўнгги янгиликлар

13:37"Манчестер Юнайтед" ходимлардан пул тежашни яна бир йўлини топди 0 13:16Спорт вазирининг навбатдаги ташриф манзили мамлакатимизнинг энг жанубий ҳудуди бўлди 0 12:55Арман Царукян Ислам Махачевга жавоб қайтарди 0 12:34Элина Свитолинада кутилмаган мағлубият 0 12:13"Кальяри" Шомуродовни олиб қолмоқчи. "Рома" терма жамоамиз сардорига нарх белгилади 0 11:52Собиқ UFC чемпиони Лига билан яна 8 та жанг учун шартнома имзолади 0 11:31Лицензия учун сўнгги имкониятдан фойдаланадиган аёллар кураши жамоамиз таркиби маълум 0 11:10Ига Свёнтек Мадрид WTA 1000 турнири учинчи даврасига чиқди 0 10:49Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур якунланиб, 3-тур бошланади 0 10:28Магомед Курбанов Виржил Ортис - Тим Цзю жанги учун захира варианти бўлишга тайёр 0 10:07Қирғизистонлик курашчи лицензион турнирда қозоғистонлик рақибига шапалоқ туширди + ВИДЕО 0 09:46Шин Шимкентда Фомин учун ўч олди 0 09:25Футзал. Бугун Эронга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб борамиз 0 09:04Шавкат Раҳмонов навбатдаги рақиби ким бўлишини айтди 0 08:43Madrid Open. Надаль 16 ёшли теннисчига биттагина гейм берди 0

20 июл 10:10
Янгиликлар

Шахмат

Даъвогарлар чемпиони – Виктор Корчной!

2016 йилнинг 6 июнь куни афсонавий шахматчи, ҳайратларга тўла тақдир эгаси, жуда мазмунли фаолият соҳиби Виктор Корчной 85 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Тўғри, у жаҳон чемпиони бўла олмади, лекин умрининг охиригача ер юзидаги энг кекса ўйновчи гроссмейстер бўлиб қолаверди. Келинг, бираликда ажойиб шахмат устаси ҳаёт китобини варақлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Узун йўлнинг бошланиши ва қамал

Болалиги Корчнойникидан ҳам оғир кечган бирон-бири кишини топиш жуда қийин. Петербурглик бу инсон нацистлар қамалига ўсмирлик чоғидаёқ бевосита гувоҳ бўлган, ўша пайтда отасидан айрилиб, ўгай она қўлида қолган. Айнан шу аёл болакайни уруш йиллари кашшоф(ўқувчи)лар саройи қошидаги турли хил тўгаракларга юборган. Адабиёт тўгарагида 13 ёшли Виктор узоқ қолмади, сабаби унинг нутқида камчиликлар бор эди, ёш мусиқачилар машғулотини ҳам давом эттира олмади, чунки шахсий фортепианоси йўқ эди, шахмат эса унга жуда маъқул келди. 1944 йил, миллионлаб шўро ўспиринлари қўлларига қурол олиш ишқи билан ёнаётганларида, Корчной илк бор шахмат тахтаси ёнига келди.


Янги машғулот болакайни бутунлай ўзига ром этди. У ўқишдан бўш пайтини бутунлай шахматга бағишларди. Виктор бу одатига Ленинград университетида ўқиб юрган дамларида ҳам содиқ қолган. Фақат баъзи-баъзида у уй юмушларида ўгай онасига қарашиш учун қизиқарли ўйиндан бироз ажраларди. Дарвоқе, бунинг учун йиллар ўтиб, жувон йигитчадан чексиз миннатдор бўлган.

Корчной шахматчи сифатида жуда тез ўсган, буни ўқитувчиси, шахмат адабиётчиси, хизмат кўрсатган мураббий Владимир Зак биринчи кунданоқ сезганди. 1947 йил 16 ёшли Виктор Корчной мактаб ўқувчилари ўртасида собиқ иттифоқ чемпиони бўлди, орадан беш йил ўтиб катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатида дебют қилди ва ўзи учун фахрли олтинчи ўринни эгалади. Яна бир йилдан сўнг иккинчи-учинчи ўринларни бўлишди.

Гроссмейстер унвони Корчнойга 1956 йил, 25 ёшида берилди, ваҳоланки, у пайтлар мазкур фахрий унвон ўта қадрланарди ва унга сазовор бўлиш ҳам, ҳозирги даврга нисбатан жуда қийин эди. Ажабланарлиси, айнан шу воқеадан кейин шахматчи фаолиятида ортга кетиш кузатилди. Бир неча йил давомида у иттифоқ биринчилигида совринли ўрин ололмади, фақат 1960 йилга келиб, унда ҳам ўзининг жонажон юрти Санкт-Петербургида ўтган чемпионатдагина ғолиб чиқди.

Шундан кейин гроссмейстер Корчнойнинг ўйини ва мусобақалар солномасида тез суръатлардаги юқорилаш рўй берди. Унга собиқ иттифоқда хизмат кўрсатган спорт устаси фахрий унвони берилди, Буэнос-Айрес шаҳрида ташкил этилган йирик халқаро турнирни ютди. Бир йилдан кейин, мамлакат биринчилигида иккинчи ўринни олганига қарамасдан, Корчной биринчи марта шахмат тожи учун курашга қўшилди. Даъвогарлар турнирида қатнашиш учун Кюрасао оролига қилинган сафар унга омад келтирмади: Виктор Львович бор-йўғи 5-ўринни банд этди.

1960-йилларнинг боши ва ўрталари шўро шахмати учун ҳақли равишда Корчной даври ҳисобланади: 1960-1964 йиллар мобайнида у уч бор мамлакат чемпиони, икки бор кумуш медал соҳиби бўлган. Ўша вақтларда унинг асосий рақиблари Борис Спасский ва Леонид Штейн эди.

Жаҳон тожи учун кечган курашдаги муваффақиятсизликлар

Олдига юқори мақсадлар қўйган ва ўзига ишонган гроссмейстерга ички мусобақалардаги ютуқлар камлик қиларди. Асосий мақсади дунёда энг кучли деб тан олиниш эканлигини у ҳеч қачон яширмаган. Аммо шахмат тожи сари олиб борувчи йўл, мамлакат миқёсидаги чўққига кўтарилишдан анча қийин эди. 1968 йил Корчной даъвогарлар финал матчида Спасскийдан мағлуб бўлди, уч йил ўтиб ярим финалда уни бошқа бир шўро гроссмейстери  Тигран Петросян тўхтатиб қолди.

1974 йил Корчной яна даъвогарлар турнири финалигача етиб борди, бироқ жаҳон шахмат элитаси таркибига ёниб, ёриб кирган вундеркинд Анатолий Карповга ютқазиб қўйди. Шундан кейин айнан у узоқ йиллар давомида Корчной учун жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш йўлидаги бош тўсиқ бўлиб қолди. Бу жиддий рақибни енгиш Виктор Львовичга умрининг охиригача насиб этмади. 1976 йил Корчной икки маротаба даъвогарлар мусобақасида ғалаба қозонди, лекин Карповга келганда оқсаб қолаверди.


1978 йил Багио (Филиппин)да Корчной яна тож учун курашда Карповга тўқнаш келди. Ўшанда 2:5 ҳисобида мағлубиятга учраб туриб, у деярли иложи йўқ ишни амалга оширди: ҳисобни тенг­лаштиришга муваффақ бўлди, аммо барибир охирги ҳал қилувчи партияни бой бериб қўйди. Шу сафар Корчной ўз мақсадига жуда яқинлашганди. Уч йилдан сўнг Мерано (Италия) шаҳрида эса муросасиз баҳс кузатилмади: Карпов 6:2 ҳисобида устун келди.

Шахмат жамоатчилиги Виктор Корчнойни жаҳон чемпиони унвонига эриша олмаганлар орасида энг кучлиси дея эътироф этган.

Муҳожирликми ёки Ватандан қочиш?

Корчнойнинг тан олишича, 1966 йилдаёқ, Германияда унга иттифоққа қайтмаслик таклифи билан чиқишган, бироқ у кўнмаган. Кейинчалик шу қилмишидан афсусланган ва «11 йиллик умрим зое кетди» деб ёзғирган. Ўзининг шартакилиги ва камгаплиги билан Корчной шўро спорти раҳбарияти учун ўта ноқулай шахс ҳисобланарди.

1974 йил даъвогарлик матчида Анатолий Карповдан мағлуб бўлгач, Корчной Югославия ОАВ ва ТАНЮГ агентлигига интервью бераркан,  ғолиб шаънига нисбатан салбий фикрлар билдиради, энг асосийси, ўзининг мағлубияти «юқори»дан ўтказилган тазйиқлар натижаси эканлигини таъкидлайди. Бунга мамлакат спорт қўмитаси раҳбарияти кескин жавоб қайтаради. Корчнойнинг стипендияси миқдори камайтирилади ва унинг  иттифоқдан чиқиши тақиқлаб қўйилади. Бир йилдан кейин тақиқ олиб ташланади ва энг қизиғи, бунга Карповнинг аралашуви сабаб бўлади.

Пишиб етилган воқеа 1976 йил барибир содир бўлди. Амстердам шаҳрида уюштирилган IBM шахмат турниридан сўнг Виктор Корчной шўролар мамлакатига қайтишдан бўйин товлайди ва Нидерландлар ҳукуматидан сиёсий қочоқ мақоми беришларини сўрайди. Бу таклифга рад жавоби берилади, аммо шахматчининг унвонлари ва жаҳон чемпионлиги учун курашни давом эттириш ҳуқуқи сақланиб қолиши кафолатланади.

Бир неча йилдан кейин Корчной Швейцариядан қўним топади, бу ерда аввалига сиёсий қочоқ мақомига эришади, 1994 йилга келиб фуқароликни ҳам олади. Шўро фуқаролигидан шахматчи 1978 йилдаёқ маҳрум бўлганди. Корчнойнинг оиласини олти йил ўтибгина Швейцарияга қўйиб юборишади.

Иттифоқдан кетгач, Корчной турнирларда муваффақиятли иштирок этиш ва юқори ўринларни эгаллашда давом этади. Унинг номи тез-тез аксилшўро кайфиятдаги муҳожирлар сафида тилга олинарди, бироқ у ўзини диссидент деб ҳисобламасди. Китобларида ва интервьюларида у Ватандан чиқиб кетишининг асосий ва ягона сабаби профессионал шахматчи сифатида фаолиятини давом эттириш истаги бўлганлигини айтади.

– Миллионлаб инсонлар мени иттифоқнинг парчаланиб кетиши учун курашган диссидент деб ўйлашади. Аслида, ҳечам бундай эмас. Мен шунчаки шахмат ўйнагим келарди. Шўролар юртидан кетишимнинг сабаби, шундаки, фаолиятим хавф остида қолганди. Мен биринчи бўлиб бошлаганим йўқ, аксинча улар – ҳукумат вакиллари мени урушга тортишди. Қисқаси, бундай деса ҳам бўлади: иттифоққа қарши кураша туриб, мен ўзим учун курашдим, — дея ёзганди Корчной.

1990 йил Россияни тарк этган бошқа кўплаб таниқли кишилар қатори Виктор Корчной ҳам оқланди ва унинг фуқаролиги тиклаб берилди. Унга тарихий  юртига қайтиши мумкинлиги ҳам билдирилди, лекин у таклифни кескин рад қилди.

- Европада ўртача умр кўриш Россияга нисбатан ўн-йигирма ёш юқори. Ғарбга кетиб, мен умримни анчагина узайтирдим. Россиядаги тенгдошларим, авваллари ўзим гаплашиб юрган инсонлар ҳозир ҳаётда йўқ. Бу ерга келсам, биров билан бир оғиз сўзлаша олмайман. Нима, мени ҳам улар ортидан жўнатмоқчимисиз? — деганди у интервьюларининг бирида.

Корчной бир неча бор ўзини буюк иқтидор эгаси деб ҳисобламаслигини, унинг барча муваффақиятлари, хусусан шахматдаги ютуқлари собитқадамлик, қатъийлик ва зўр бериб интилишга асосланганлигини тан олган. Корчнойга хос сифатлардан бири тахтадаги вазиятни узоқ, ипидан-игнасигача таҳлил қилиш эди. Натижада кўпинча, аввалдан маълум вазиятларни янгича кўринишда давом эттириш ёки қийин ҳолатдан чиқиб кетишнинг бунгача шахмат назариясида шубҳали ёхуд умуман яроқсиз деб ҳисоблаб келинган йўлларини қайта жонлантириб юбориш мумкин бўларди.

- Тан бериш керак, Корчной шахмат оламидаги бемисл воқеликдир. Унинг услуби ўзига хос, бетакрор. Бу шахс шахматга бутунлай бошқача кўз билан қарайди. У жуда меҳнаткаш ва алоҳида истеъдод эгаси, ўта юқори даражадаги шахматчи эди. Муайян бир даврнинг сўнгги вакилларидан бири бизни ташлаб кетгани шахмат учун чексиз қайғули, – деди Анатолий Карпов вафот этган гроссмейстер ҳақида.

Корчной 25 йил мобайнида жаҳон чемпионлигига даъвогарлик қилди, кўплаб йирик турнирлар ва матчларни ютди, жумладан Петросян, Спасский, Полугаевский, Геллер, Таль, Портиш, Хюбнерларни доғда қолдирди. Шахматда узоқ умр кўриш бўйича барча рекордлар унга тегишли. 2001 йил қаҳрамонимиз ўзининг 70 йиллик юбилейига бағишланган айлана тизимдаги кўргазмали турнирда иштирок этди (ушбу турнирда Гельфанд, Свидлер ва Гришчук қатнашдилар). 80 ёшида Виктор Львович Корчной Швейцария чемпионатида ғолиб чиқиб, ўз ғалабалари рўйхатига яна бир совринни қўшиб қўйди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади, “NewsArena” газетасининг 2016 йил 21-сонидан олинди

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг