28 сен 17:07
Янгиликлар
Даврон Файзиев Маҳмуд Мурадовнинг UFCдаги дебюти, рақиб ва бошқа мавзулар ҳақида фикр билдирди
"Бугун Маҳмуд Мурадов UFCда дебют қилади. Бугун аслида иккита дебют бўлади. Биринчиси албатта Маҳмуд учун. Иккинчиси эса Копенгаген шаҳри учун бўлади. Бунгача Дания пойтахти хеч қачон UFC турнирларини қабул қилмаган.
Жангнинг Европада бўлаётгани Маҳмуд учун яхши. Сабаби у бунгача ММАдаги жангларини асосан Европада ўтказган. Тўғри, аввалги баҳсларини кўпроқ Чехияда олиб борган. Лекин, Копенгагенга анча яқин. Адаптация борасида ҳам қийинчилик у қадар бўлмайди. Бу Америкага бориб бирданига кучли рақиб, янги муҳит, бошқа об-ҳаво билан тўқнашгандан кўра яхшироқ. Ҳозирги вазиятда эса бу омиллар унга қулайлик туғдириши керак.
ММА бу ММА. UFC эса ушбу спортдаги энг юқори лига. Аммо, қоидалар ва октагон ўша-ўша. Маҳмуд UFCда дебют қилаётгани билан ММАда жуда тажрибали жангчи ҳисобланади. Унга афсонавий Флойд Мэйвезер ишонч билдирди, шу орқали Мурадов омма эътиборига тушди. Энди у энг кучли лигада кучли жангчи эканлигини исботлаши лозим.
Маҳмуд бундан олдин Вендел де Оливейра билан жанг қилганди, у UFCнинг собиқ жангчиси. Ҳамюртимиз Вендел устидан ишончли ғалабага эришди. Муродовда 11 та ғалабадан иборат серия кетмоқда. Катта жангчилар ММАда 1-2 маротаба ютқазиб қўйсалар ҳам, ғалабали серияга тушиб олишади. Масалан, Тони Фергюсон фаолиятининг бошида ютқазган. Кейин эса умуман ютқазмади. Маҳмуд ҳам фаолиятидаги 22 та ғалабанинг 15 тасини нокаут билан қўлга киритган. У ёрқин жанг қилишни яхши кўради. Шунинг учун ҳам UFC у билан шартнома имзолади. UFC бирорта спортчини шунчаки рекорди учун чақирмайди. Қандайдир ўзига тортадиган жиҳатлари бўлиши лозим.
Алессио ди Чирико ҳақида гапирсам, бунгача уни бироз ўрганиб чиқдим. Промоушен билан шартнома имзолаганига ҳали кўп вақт бўлмади, 3 йил бўлди. Ташкилотда 6 та жанг ўтказиб, 3 тасида ғалаба қозонди. Охирги ютқазган жангида ҳакамларга эътироз бўлган. Чунки жанг тенг бўлган, очколар бўйича ютқазган. Бунгача Том Бриз билан жанг қилиши лозим эди, аммо ди Чириконинг жароҳати сабаб баҳс бекор қилинган экан. Энди Маҳмудга қарши жанг қилади. У UFC билан шартнома хато эмаслигини исботлаши лозим. У Мэйвезер тавсия қилган Маҳмудни мағлуб этиб, UFCга муносиб эканлигини кўрсатмоқчи.
Маҳмуд учун муваффақиятли дебют муҳим. Агар у омадли келса 1-2 та жанг ўтказиб, рейтингда ТОП-15га даъвогарлик қилса бўлади ва ўша даражадаги рақиблар билан жанг қилиши мумкин бўлади. Бугунги баҳсда ҳамюртимизга омад тилаймз. Чиройли ғалабага эришсин ва ташкилот раҳбари Дана Уайтни ишонтира олсин", - деди Даврон Файзиев Olamsport.com сайти мухбири билан суҳбатда.
Фикрлар