22 июн 18:30
Янгиликлар
Оғир атлетика
Фарходбек Собиров ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди
Хабар бериб ўтганимиздек, айни кунларда Япония пойтахти Токио шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
23 июнга қадар давом этадиган мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар аъзоси ҳам иштирок этяпти. Жумладан 77 кг. вазн тоифасида Шаҳзод Худойберганов, 94 кг. вазнда Фарходбек Собиров ва 105 кг. вазнли полвонлар баҳсида Акбар Жўраевлар кунчиқар юртда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишмоқда.
Вакилларимиз орасида
биринчи бўлиб 77 кг. вазн тоифасида Шаҳзод Худойберганов баҳсларга
киришган, у даст кўтаришда 152 кг, силтаб кўтаришда эса 186 кг. натижа
билан умумий 338 кг. оғиргликни ўзига бўйсундириб, жаҳон чемпионатининг
кумуш медалига сазовор бўлганди.
Бугун яна бир
ҳамюртимиз Фарходбек Собиров 94 кг. вазнли полвонлар баҳсида ўз
иштирокини бошлаб, якунда жаҳон чемпиони номига сазовор бўлди. Фарходбек
даст кўтаришда аввало 170 кг. тош кўтарган бўлса, кейинги уринишларда
175 ва 180 кг. оғирликни ҳам ўзига бўйсундириб 1-ўринни эгаллади.
Силтаб кўтаришда ҳам
ўзбек полвонига тенг келадиган рақиб топилмади. Собиров ушбу йўналишда
биринчи уринишда 200 кг. тошга буюртма берди ва ушбу оғирликни ортиқча
қийинчиликсиз забт эта олди. Кейинчалик эса Фарходбек 206 ва 210 кг.
оғирликдаги тошларни кўтариб, умумий 390 кг. натижаси билан хақли
равишда жаҳон чемпионлигига эришди. 94 кг. вазн тоифасида жаҳон
чемпионатининг кумуш медали белоруслик Яухени Цихантсоуга насиб қилган
бўлса, Эрон терма жамоаси аъзоси Раҳмон Урамех бронза медалига лойиқ
кўрилди.
Демак, жаҳон
чемпионатида иштирок этаётган уч нафар вакилимиздан иккитаси ҳозирча
олтин ва кумуш медалларига сазовор бўлиб улгуришди. Эртага, 22 июнь куни
оғир вазндаги полвонимиз Акбар Жўраев ҳам баҳсларга киришади. Биз ёшлар
ўртасидаги жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган
Акбаржонга ҳам омад тилаб қоламиз ва албатта жамоадошлари бошлаб берган
зафарли юришни муносиб давом эттиришга умид қиламиз.
Ҳавола :
Манба : olympic.uz
Фикрлар