28 янв 12:30
Янгиликлар
Ҳаммаси Денис Истомин ҳақида, сиз билган ва билмаган маълумотлар
Бу албатта, унча-мунча маҳорат соҳибининг қўлидан келавермайдиган иш. Шу боис Истомин ҳақида алоҳида мақола чоп этишга қарор қилдик.
Топ-40нинг собиқ аъзоси
Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин 30 ёшга тўлган бўлиб, у профессионал фаолиятини 2004 йили бошлаган ва 2012 йил ёзида дунё рейтингида 33-ўрингача кўтарилган. У асосан, ҳужумкор ўйин намойиш қилиб, кутилмаган зарбалар бериши орқали танилган.
Истомин фаолияти давомида «Челленжер»ларнинг яккалик баҳсларида 10та совринни қўлга киритган. АТР мусобақаларида эса Денисга омад бир марта кулиб боққан. Бу воқеа 2015 йили юз берган бўлиб, ўшанда Истомин Ноттингемдаги финал учрашувида Сэм Куэррини мағлуб этганди.
Ҳамюртимиз ҳозирги кунга қадар ўзининг энг яхши ўйинлари сифатида Индиан-Уэллс-2012да Давид Феррерни мағлуб этгани-ю, «Уимблдон»-2010да Стэн Вавринкадан устун келганини таъкидлар эди. Адолат юзасидан айтганда, швейцариялик теннисчи у пайтлари энди-энди танилиб келаётганди. Испаниялик Феррер устидан қозонилган ғалаба эса чиндан ҳам, мақтанишга арзирди. Боз устига, мана шу муваффақият Денис учун Топ-10ликка кирувчи рақиб мағлуб этилган ягона ўйин эди.
Онасининг ўғли
Истомин - бутун фаолияти давомида аёл мураббий қўли остида шуғулланаётган ягона теннисчи. Энг муҳими, бу мураббий - Дениснинг онасидир. Аниқроғи, ўтмишда ўзи ҳам маҳоратли теннисчи бўлган Клавдия Истомина катта спортдаги фаолиятини тугатганидан сўнг мураббийликка қўл уриб, ўғли, тўрт яшар Денисни шуғуллантира бошлади. Мана, орадан 25 йил ўтди ҳамки, мазкур жараён давом этмоқда. Ўйлаймизки, Жоковичга қарши ўтган ўша машҳур ўйиндан сўнг Истомин нега айнан онасига миннатдорчилик билдирганини энди тушуниб олдингиз.
Эътиборлиси, мураббий-аёллар ҳатто аёллар теннисида ҳам кам учрайди. Эркаклар турниридаги аёллар ҳақида эса умуман, гапирмаса ҳам бўлади. Шу боис, Истомин билан суҳбатлашган мухбирлар тез-тез ундан устози ҳақида сўраб-суриштиришади. Денис эса бундай саволларга аксарият ҳолларда ҳазиллашиб, агар четдан ўзига мураббий ёлласа, унга йирик миқдордаги маош бериши кераклигини, онаси қўлида шуғулланиб, катта маблағ тежаётганини уқтиради. Лекин масалага жиддий қаралса, оилавий муносатларнинг натижаларга ижобий таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Негаки, бундай кўринишдаги устоз-шогирд муносабатларида ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш даражаси юқори бўлади. Бегона мутахассислар билан ишлаш жараёнида эса бунга эришиш жуда қийин.
Болаликдаги фожиа
2001 йили Истомин жиддий автоҳалокатга учрайди ва бунинг оқибатида уч ой шифохонада даволаниб, икки йилгача қўлига ракетка ушламайди. Денис бутунлай соғайгач, онаси уни яна теннис билан шуғулланишга ундайди. Ўсмирдаги иқтидорни пайқаган Ўзбекистон теннис федерацияси эса машғулотлар жараёнига боғлиқ барча сарф-харажатларни қоплайди. Бу ҳаракатлар туфайли Истомин ҳамон фаолиятини давом эттирмоқда. Шундай қилиб, 2004 йили яна кортга қайтган Истомин ўсмирлар ўртасида ташкиллаштирилган илк турнирдаёқ ғолиб чиқиб, профессионал теннисдаги биринчи қадамларини ташлайди.
US Openдаги алоҳида соврин
Кучли ўнликдаги рақибларга қарши ўйинларда рўй берган 32 мағлубиятдан бири US Open-2010 турнирида кузатилган. Ўшанда Денис мусобақанинг иккинчи даврасида турнирнинг бўлажак ғолиби - Рафаэль Надалга уч сетда мағлуб бўлади - 2:6, 6:7, 5:7. Бироқ бу ўйинда Истоминнинг зарбаларидан бири шундай ажойиб чиқадики, ЎТФ теннисчини алоҳида мукофот билан рағбатлантиришга қарор қилади. Муайян зарба учун берилган мазкур совға нима экани албатта, қизиқтирса керак. Бу - «Ажойиб зарба учун» сўзлари битилган замонавий музлаткич бўлиб, буюм ҳамон теннисчининг Тошкентдаги уйида сақланмоқда.
Миллиметрга боғлиқ омад
Ўтган мавсум Денис учун унчалик муваффақиятли келмаганидан хабарингиз бор. Чунончи, Истомин кетма-кет жароҳатлар туфайли ўзи истаган натижаларга эриша олмай, дунё рейтинггида 61-ўриндан 121-поғонага тушиб кетди. Бу эса табиийки, теннисчининг Australian Open асосий тўрига тўғридан-тўғри йўл олиш имкониятини ҳам йўққа чиқарди. Аммо у Ўзбекистоннинг ягона вакили сифатида wild card учун ярим финалда ҳиндистонлик Праджнеш Гуннесваранга қарши кортга чиқиб, ҳал қилувчи сетда уч марта матчбол ҳолатини бошидан ўтказди. Учинчи матчболда Истоминнинг зарбасидан сўнг коптокча кортнинг қанчадир миллиметрларига тегди ва тай-брекда 11:9 ҳисобида ватандошимиз ғолиб чиқди. Финалда Денисга рақиб бўлган кореялик Док-Хи Ли унга қарши дерли ҳеч нарса қила олмади.
Шу тариқа, Истомин фаолиятида ўнинчи бор Australian Open асосий тўрига йўл олди. Турли йилларда у Мельбурнда Рожер Федерер, Хьюиттлар билан куч синашган. Новак Жокович эса Денисга бир эмас, икки марта рақиблик қилганди. Тўғри, мазкур учрашувларнинг барчасида Истомин мағлубият аламини тотган. Аммо Новакка қарши 2014 йили ўтган ўйин аслида Денис тахмин қилинганидан кўра кучлироқ эканини исботлаганди.
Мана, орадан уч йил ўтиб, у Жоковичга, турнирнинг олти карра чемпионига яна тўқнаш келди ва дунё рей-тингининг 2-ўриндаги рақибини ажойиб тарзда мағлуб этди. Мазкур ғалаба Истоминни шунчалик руҳлантирдики, натижада кейинги рақиб - испаниялик Пабло Каррено Бустани ҳам ортиқча қийинчиликсиз мағлуб этди. Агар ўша эски жароҳатлар панд бермаганида, Истомин болгариялик Григор Димитровни ҳам асло аяб ўтирмаган бўларди, лекин...
Нима бўлганида ҳам, Денис дунёнинг иккинчи ракеткасини енгиш орқали Ўзбекистон номини дунёга янада танитишни уддалади. Сиз-у биз учун энг муҳими - шу...
Бу, қизиқ...
Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Australian open мусобақасининг 4-босқичига етиб бориб, Григор Димитровга имкониятни бой берди.
Ўзбекистонлик теннисчи Осиё-Океания плей-офф босқичи ғолиби сифатида «wildcard»га эга бўлиб, турнирни асосий тўрдан бошлади. У дастлаб хорватиялик Иван Додигни, иккинчи босқичда жаҳоннинг иккинчи ракеткаси Новак Жоковични, учинчи ўйинда эса испаниялик Пабло Каррено Бустани мағлуб этишга муваффақ бўлди. Афсуски, 4-босқич баҳсида жароҳат Истоминга тўла куч билан ўйнаш имконини бермади.
Натижада, Денис Истомин Австралиядаги мусобақа орқали ўз ҳисобини 220 000 АҚШ долларига бойитиб олди. Денис чорак финалга чиққанида, бу миқдор 440 000га етарди.
Ҳамюртимиз ҳисобига 180 рейтинг очколари қўшилди. Бу орқали Истомин АТР рейтингида кучли юзталикка киришга муваффақ бўлади. У ўз очколарини тахминан 678тага етказиб, 80-90-ўринларга оралиғига жойлашади.
"Интерспорт" газетаси. Исроил РАҲИМОВ тайёрлади
Фикрлар