11 сен 10:32
Янгиликлар
Исраэль Адесанья илк бор кечаги мағлубиятига изоҳ берди
UFC 293 турнирининг марказий жангида эндиликда собиқ ўрта вазн чемпиони Исраэль Адесанья даъвогар Шон Стриклендга очколар ҳисобига кўра имкониятни бой бериб қўйган эди. Чемпионлик камарини бой берган Адесанья мағлубиятига изоҳ берди.
"Менинг режаларим бошқача эди. Лекин ҳаёт бизга ҳамиша сюрпризлар, яъни кутилмаган ҳолатларни тақдим этиб келади. Бугун ғалаба қозонаманми ёки мағлуб бўламанми, ҳар қандай ҳолатда ҳам кўп гапирмасликка қарор қилгандим. Бугун мен ўзимдан кучлироқ бўлган жангчига ютқаздим. У бугун мендан кучли эди. Ҳозир мен ҳақимда қайғурадиган инсонлар, жамоам билан кўпроқ бўлмоқчиман. Улар мени кутишяпти. Шу боис ҳозир уларнинг ёнига боришим керак. Лекин ўрнимга мендан ақллироқ бўлган мураббийим Южин Бэйрманни қолдириб кетаман. Ишончим комил, у буни уддалайди. Қолган саволларни унга беришингиз мумкин. Мен эса хордиқ чиқаришим, кейин нонушта қилишим ва асосий эътиборимни оиламга қаратишим керак", - деди Адесанья UFC 293 турниридан кейинги матбуот анжуманида.
Исраэль матбуот анжуманини тарк этганидан бир неча дақиқа ўтиб, ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар қолдирди.
"Менда ҳаммаси жойида. Ютқазишни ёмон кўраман, лекин яшашни эмас. Аввал оилам билан гаплашаман, кейин инсонларга юзланаман. Лекин ҳозир шахсий ҳаётимга эътибор қаратишим керак", - дея фикрини изоҳлаган Адесанья.
Фикрлар