30 дек 21:10
Янгиликлар
Миллий қадриятимиз - белбоғли курашда янги давр бошланяпти
Пойтахтимиздаги “Шодлик Палас” меҳмонхонасида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси масъул вакили Баҳодир Матназаров, миллий олимпия қўмитаси вакили Азизбек Алиев, халқаро белбоғли кураш федерацияси президенти Рустам Исоқов, федерация вице-президенти Нодир Расулов, терма жамоа бош мураббийи Шавкат Мирзақулов ва бошқа делегатлар иштирок этишди.
Рустам Исоқов раислик қилган конференция кун тартибидан бир нечта муҳим масалалар ўрин олганди. Улардан бири Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси президенти ваколати ўтиб кетганлиги боис янги раҳбарни тайинлаш эди.
Ҳисобот-сайлов конференцияси иштирокчилари Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раисига таклиф этилган Умаров Арслан Аблаатович номзодини бир овоздан маъқуллашди. Исоқов Рустам Мўйдинович эса ҳамраис вазифасини бажарадиган бўлди.
Маълумот учун, аввалги федерация раисининг ваколати 2016 йилнинг 26 февраль куни тугаган эди. Федерациянинг янги бош котиби сифатида Маъмуржон Зокиров таништирилди. Шавкат Мирзақулов терма жамоа бош мураббийи лавозимида ишлайди. Бу мутахассис бир неча йиллар давомида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионларини тарбиялаган ва ҳозирда ҳам бу жараён давом этмоқда.
Ана шундай жаҳон чемпионларидан бири Зоҳиджон Ортиқов Ҳакамлар ҳайъати раиси этиб тасдиқланди. Ҳисобот-сайлов конференцияси иштирокчилари миллий қадриятимиз ҳисобланган белбоғли курашни янги босқичга олиб чиқиш каби бошқа муҳим масалаларни ҳам муҳокама қилишди.
Фикрлар