UZ

Сўнгги янгиликлар

16:16Месси: "ЖЧ-2022да ғолиб бўлмаганимизда, мен терма жамоадан кетардим" 0 15:54Жасур Алижанов МPL 9 нинг санаси ва манзилини очиқлади 0 15:32Тошкентда шахмат бўйича "Георгий Агзамов хотира турнири" старт олди 0 15:11UFC россиялик аралаш яккакураш усталари ўртасидаги қизиқарли жангни эълон қилди 0 14:50Депайнинг агенти: "Бу ёлғон!" 0 14:29Майами WTA-1000 турнирида 1/2 финал жуфтликлари маълум бўлди 0 14:08Жасур Алижанов Маҳмуд Мурадовнинг навбатдаги жангида ҳам мураббийлик қиладими? 0 13:47Яхши янгилик: UFC видео-ўйинида илк бор ўзбекистонлик жангчи пайдо бўлиши мумкин 0 13:39"Great Silk Way-2024". Баҳодир Жалолов иштирокидаги финал жанги ўтказилмайди 0 13:26Футзал. Терма жамоамиз бугун Қирғиз Республикасига қарши баҳс олиб боради 0 13:03Янник Синнер Майами "Мастерс" 1/2 финалида 0 12:42Жонни Уокер ҳамюртимизнинг собиқ рақибига қарши жанг қилади 0 12:21Ўзбекистонлик спортчилар оиласида туғилган фигурали учувчи жаҳон рекордини ўрнатди 0 12:00Хави "Барселона"да қолиши мумкин, лекин бош мураббий сифатида эмас! 0 11:39Александрова Майами WTA-1000 турнири 1/2 финалига чиқди 0

14 сен 18:00
Янгиликлар

Бокс/ММА, Кикбоксинг, Муайтай

ММА чемпиони Суннат Ильясов: “Ҳеч қачон пул учун жанг қилмаганман”

ММА (аралаш қоидалар жанги) бўйича ўзбекистонлик спортчи Суннат Илёсов билан бўлган интервьюни эътиборингизга тақдим этамиз.


“News Arena” газетасининг аввалги сонида “Muxlis minbari”нинг навбатдаги меҳмони – аралаш қоидалар бўйича жанг санъати (ММА) устаси, том маънода ўзбек спортчилари орасидаги ММАнинг илк қалдирғочи, халқаро турнирлар ғолиби, ушбу йўналишда ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони Суннат Илёсов бўлади, деб хабар берган эдик. Ушбу спортчимизга жуда кўп саволлар келиб тушди. Биз саволларга спортчимиздан жавоблар олдик.

“News Arena” маълумотномаси

Суннат Илёсов 1975 йил 26 декабрда Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Қўнғирот қишлоғида таваллуд топган. Оилали, битта фарзанди бор. ММА бўйича жаҳон чемпиони. Эркин кураш бўйича ёшлар ўртасида собиқ иттифоқ чемпиони.

Маъмур Тиллаев - тадбиркор

- Суннат ака дастлаб, қайси спорт тури билан шуғуллангансиз?

- Ёшлигимда эркин кураш билан шуғулланганман. Ёшлар ўртасида собиқ иттифоқ чемпиони ҳам бўлганман. Аслида, Олимпиада дастуридан ўрин олган спорт турида муваффақиятларга эришиб, чемпион бўлишни орзу қилгандим. Лекин ММАга бўлган қизиқиш кучлилик қилиб, ушбу йўналишга ўтиб кетганман. Шукрки, бу йўналишда бўлса ҳам, юртимиз шаънини ҳимоя қилиб, ўзбек ўғлонлари қандай кучга эга эканлигини жаҳонга намойиш эта олдим, деб ўйлайман.


Ибратбек Адҳамов - ўқувчи

- Охирги вақтларда янги жангларингиз ҳақида хабар йўқ. Фаолиятингизни тугатдингизми?

- Фаолиятимни 2009 йилда расман тугатганман. Лекин бу спортдан узоқлашдим дегани эмас. Аксинча, янада кўпроқ машғулотлар билан бандман. Ёшлар учун, қўлимдан келганича ёрдам бериб, халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига кўмакдош бўляпман.


Мурод Файзуллаев - ҳайдовчи

- Раҳматли Шавкат Ўроқов сиз учун рақибмиди ёки дўст?

- Албатта, дўстим эди. Бир-биримизга машғулотларда спарринг рақиб ҳам бўлардик. Тўғри, орамиздан бироз шахсий масалада зиддиятлар ҳам ўтган. Лекин бундай ҳолатлар инсон ҳаётида учраб туради-ку, тўғрими? Шавкат билан бу ерда ҳам қўшни бўлиб турардик. Қарама-қарши кўп қаватли уйларда. Бу борада ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Охирати обод бўлсин!


Ниёзбек Алибеков - талаба

- Ҳамюртларимиз Мурод Хонтўраев, Аюбхон Камоловларнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Аюбхон укам бўлади. У ўзига хос жанг олиб бориш услубига эга. Жаҳон чемпионати совриндори бўлган. Натижалари таҳсинга лойиқ. Меҳнаткаш, масъулиятли инсон. Муроднинг ҳам ҳаракатлари ёмон эмас. Лекин тайёргарлик жараёни, тактик услубларида камчиликлари ҳам йўқ эмас.


Махаммат Бакиров - тадбиркор

- Бирор бир клубни номидан тушганмисиз?

- Қозоғистонда биринчи клуб очилишига ҳам мен сабабчи бўлганман. Жангларимни кўриб, қозоғистонлик тадбиркор янги спорт зали очаётганлиги, ўша ерда клуб ташкил қилиш ниятида эканлиги ва ўзбекистонлик яхши йигитларни жалб қилишимни сўраган эди. Ўшанда Шавкат Ўроқов ва Аюбхон Камоловларни олиб борганман. Ушбу клубда 2006 йилгача фаолият юритдим. Шундан сўнг, Англияга таклиф қилишган ва фаолиятимни ушбу юртда давом эттирганман.


Дониёр Ускенбоев - ҳайдовчи

- Аралаш қоидалар бўйича жангларда ҳар-хил турлардан сабоқ олишга тўғри келади. Айтинг-чи, бокс борасида кимдан сабоқ олгансиз?

- Тажрибани жангдан олганмиз. Ҳар бир ўтказган беллашув улкан сабоқ бўлади. Лекин кўплаб боксчи дўстларим бор, улар билан фикр алмашиб, ўзаро спарринг жангларда тушиб турардим. Мисол учун, Ғайрат Аҳмедов, Дилшод Маҳмудов, Тўлашбой Дониёров, Тўлқин Қиличев, Бекзод Хидировлар билан ишлаганман. Ўткирбек Ҳайдаров, Муҳаммадқодир Абдуллаевлар билан дўстона муносабатга эгаман. Уларнинг эришган ютуқларини ҳар доим қадрлайман ва ҳурмат қиламан.


Муҳаммадолимжон Усмонов - дурадгор

- Мамлакатимизда промоутерлик компаниялари борми, бу йўналишда ҳаракат қилиб кўрмаганмисиз?

- Афсуски, йўқ. Лекин аста-секинлик билан бундай имкониятлар ҳам бўлади. Промоутер бўлиш учун ҳам ўзига яраша иқтидор керак. Ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Одатда спортчидан промоутер чиқиши қийин. Мана укамиз, Бобур Муҳаммедовда шундай иқтидор бор. Ҳамма йўриқларини тушунади, ўзи ҳам қизиқади. Келажакда яхши ташкилотчи чиқиши мумкин. Бунга ишонаман.


Баҳодир Сулаймонов - ўқитувчи

 - Ҳозирда кўплаб ёшларимиз аралаш қоидалар бўйича ўтказиладиган жангларга қизиқиб кетишмоқда. Уларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

- 16-17 ёшидан тайёр йигитлар кўплаб топилади. Лекин аниқ бир ёшни айта олмайман. Дарҳақиқат, яккакурашнинг бу йўналишига қизиқувчилар мамлакатимизда жуда кўп. Ёшларимиз хориж мамлакатларида ҳам яхши натижалар қайд этмоқда. 2011 йид БААнинг Абу-Даби шаҳрида ташкиллаштирилган турнирда тўрт нафар шогирдим чемпион бўлди. Қолаверса, бошқа йигитларимизда ҳам ўсиш кузатилмоқда.


Бахтиёр Ҳотамов - ўқитувчи

- Нима деб ўйлайсиз, Конор Макгрегор кучлими ёки Ҳабиб Нурмагоммедов?

- Юртимизда, МДҲ давлатларида Ҳабибнинг мухлислари кўплаб топилади ва улар Нурмагоммедовнинг ғалабасига шубҳа билдирмайди. Лекин шу спортнинг яхши тушунган одам Макрегорда устунлик кўп эканини яхши билади. Конор ҳозир энг оптимал формага чиққан вақти. У ҳар бир жангда янгиликлар ярата олади. Ҳабибда эса, бир хил савияда жанг олиб бориш услуби бор. Қолаверса, уларнинг вазнида ҳам фарқ бор. Ҳабиб бир вазн юқорида жанг олиб боради. Лекин бу тафовут уларнинг бир-бирига қарши жанг олиб боришига тўсқинлик қилмайди. Ҳозирда ушбу спорт турида PR ва шоуларга катта эътибор берилади. Мана, Мейвейзер билан ҳам жанг олиб бориши ҳақида ҳам гапирилмоқда-ку... Қолаверса, бундай жангларда моддий манфаат ҳам муҳим рол ўйнайди.


Козимжон Тошмуродов - муҳандис

- Мурод Хонтўраевнинг UFC жангларида қатнашиш имкониятини қандай баҳолаган бўлардингиз? Умуман олганда ёшлар сиздан маслахат сўраб турадими?

- Албатта, шогирдларим маслаҳатлар сўраб туради. Ҳурмат қилиб, ниманидир ўрганмоқчи бўлган укаларимга бажонидил тажрибаларимдан келиб чиқиб, маслаҳатлар бериб бораман. Муроднинг ҳозирги савияси, юртимиз ва МДҲ давлатларига тўғри келади. UFCга анча бор. Чунки АҚШда савия жуда юқори.


Хуршид Оқболаев – темир йўл муҳандиси
 
- Анча йиллар аввал, жангга чақирувлар кўпайиб кетганди. Сизга ҳам шундай чақирувлар бўлганми?



- Бундай воқеалар бир неча бўлган. Тошкент шаҳридан битта боксчи чақирган эди. Бухородан Музаффар исмли кикбоксингчи бола жанг қилиш таклифини билдирган. Уларнинг ҳар иккисига ҳам розилик бергандим. Жанг кунини белгилаганимизда, қандайдир баҳоналар билан жангни тўхтатишган. Шамшод деган бола билан ҳам куч синашиб кўрганмиз. Битта шу жанг амалга ошган. Ўшанда қоши ёрилиб, жангни давом эттира олмаганди. Жангдан сўнг, дўстона қўл ташлашганмиз. Албатта бундай жанглар бевосита, спорт залида ва ҳакам орқали амалга оширилади. Яна ёшларимиз кўча жанги деб тушунишмасин! Бундай ҳолатлардан узоқда юришни тавсия қиламан. Ҳаммамиз ҳам инсонмиз. Бировга озор бериш яхши иш эмас. Спорт тамойилларига амал қилиш муҳим.


Латифжон Турғунов - фермер

- Аралаш қоидалар бўйича ўтадиган жангларда энг кўп асқотадиган спорт тури қайси деб ўйлайсиз?

- Асосан кураш турлари кўпроқ мос тушади. Лекин, рингда бўладиган жангларда боксчилар ва кикбоксчилар ўзларини қулай ҳис қилишади. Панжарада бўладиган жангларда курашчиларга қулайроқ.


Аббос Камолиддинов - талаба

- Ўғлингиз Арслон Исломов ҳам сизнинг ортингиздан бориб ушбу спортни танлабди.

- Дастлаб дзюдога берганман. 4-5 йил шуғулланди. Лекин қондан ўтганми, барибир мен юрган йўлни танлади. Бунга тўсқинлик қилмадим. Чунки, ҳар бир инсонга яратганни ўзи турлича иқтидор юқтиради. Лекин унга тушунтирдим. Бу спортда муваффақият қозониш учун, жуда-жуда қаттиқ меҳнат ва матонат талаб қилинади. Онаси ҳам унга хайрихоҳ бўлди. Чунки рафиқам ҳам спортчи. Рафиқам марафон мусобақаларида иштирок этади.



Азизбек Исоқов - иқтисодчи

- Ҳамшаҳарингиз, муайтай бўйича кўп карра Осиё ва жаҳон чемпиони Юсуф Ибрагимовнинг ҳозирдаги фаолияти ҳақида маълумот бера оласизми? Эшитишимга қараганда, сиз билан бирга машғулотларда қатнашган экан?

- Йўқ, бирга машғулотларда қатнашмаган. Лекин яқиндан танийман. Ўзи ҳам бу йўналишда қатнашаман, деб айтмаган. Мен ҳам тавсия қилганим йўқ ҳали.


Шерзод Бегимқулов - тадбиркор

- Фаолиятингизда нимани муҳим деб билгансиз, моддий манфаатми ёки совринлар?

- Ҳеч қачон пулни деб жанг қилган эмасман. Доимо, ўзбек йигитлари қандай кучга эканлигини исботлаш ва юртимиз ўғлонлари шаъни учун жанг қилганман.


Зиёҳиддин Султонов - фермер

- ММА, UFCнинг жангчиларидан кимлар билан яқиндан танишсиз?

- Кўплари билан. Лекин мамлакатимизда жуда кўп мухлисга эга бўлганини айтадиган бўлсам, Фёдор Емельяненко билан қадрдонмиз. Фёдорнинг ушбу даражага чиқишига сабабчи бўлган инсонлардан бири,  келиб чиқиши фарғоналик бўлган Вадим Фенгиштейн бўлади. Вадим ўзига хос менежер ва тадбиркор инсон. Унинг ушбу спорт турига қизиқиши юқори бўлган. Шунинг учун, Фёдор билан танишиб, бирга узоқ йиллар ҳамкорлик қилишди. Биз Вадим, Фёдорлар билан деярли бир вақтда фаолиятни бошлаганмиз.




Бобур Махамматов - талаба

- Фаолиятингиз мобайнида сизга елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаган инсонлар ҳақида айтиб ўтсангиз?

- Гуля Амантоева, Жонпўлат Амантоев ва Саид Акбаровлар ҳар томонлама ёрдам беришган. Уларга ушбу фурсатдан фойдаланиб, миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қалбимизда абадий яшайди.


Аҳмадбек ЭШМАТОВ ёзиб олди

“News Arena” газетасидан олинди

Рейтинг:    

Фикрлар

   
15 сен 15:48:48
Муҳаммадзиё
Хақиқий ЛЕГЕНДА
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг