UZ

Сўнгги янгиликлар

20:46“Great Silk way-2024”. Боксчиларимиз турнирни умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлашди 0 19:50Дана Уайт Конор Макгрегорнинг камчилиги ҳақида гапирди 0 19:28Оливейра нима учун Царукян билан жангга рози бўлганини айтди 0 19:06Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди 0 18:45Жаҳонгир Нажмиддиновнинг Анвар Азизли билан жанги бўйича берилган апеллация натижаси қандай бўлди? 0 18:23Новак Жокович грунт мавсумга тайёргарликни бошлади 0 18:02Оливейра Царукянга маслаҳат берди 0 17:41Хави «Барселона»да қолиши мумкин, бироқ бош мураббий сифатида эмас 0 17:18Дзюдо. Анталия "Катта Дубулға" турнирига қуръа ташланди, ҳамюртларимизнинг илк рақиблари билан танишинг 0 16:58Нигина Абдураимова Словенияда чорак финалга чиқди 0 16:37Адесанья UFC 305 турнирининг марказий жангида октагонга кўтарилиши мумкин 0 16:16Месси: "ЖЧ-2022да ғолиб бўлмаганимизда, мен терма жамоадан кетардим" 0 15:54Жасур Алижанов МPL 9 нинг санаси ва манзилини очиқлади 0 15:32Тошкентда шахмат бўйича "Георгий Агзамов хотира турнири" старт олди 0 15:11UFC россиялик аралаш яккакураш усталари ўртасидаги қизиқарли жангни эълон қилди 0

16 сен 18:06
Янгиликлар

Бокс/ММА, Токио-2020

Олимпиада чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров билан интервью

Рио Олимпиадасида боксчиларимиз ўзларининг ажойиб натижалари билан дунё аҳлини лол қолдирганлиги барчага маълум.


Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган вакилларимиз 3та олтин, 2та кумуш ва 2 бронзани қўлга киритишганди. Олимпиаданинг сўнгги кунида делегациямиз таркибига учинчи олтинни тақдим этган боксчимиз Фазлиддин Ғоибназаров бу натижани қайд этиш учун жуда оғир йўлни босиб ўтди. Унинг Лондон Олимпиадасининг чорак финалида иштирокини тўхтатиши, Осиё ва жаҳон чемпионатида кумушни қўлга киритиши бежиз эмаслигини ушбу Олимпиадада исботлаш учун ажойиб имконият эди. Ҳамюртимиз бундан оқилона фойдаланди ва ҳозирги кунда жаҳонда 64 кг вазн тоифасида ким етакчи эканлигини барчага намоён эта олди. Чемпионимизга Олимпиада таассуротлари ва фаолиятига оид бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.


Маълумотнома:

Фазлиддин Ғоибназаров 1991 йил 16 июнда Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида таваллуд топган. 64 кг вазн тоифасида жанг олиб боради. Оилали, икки фарзанднинг отаси. Кўп карра Ўзбекистон чемпиони, 2007 йил Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бронза медал соҳиби, Лондон-2012 Олимпиадаси чорак финалчиси, 2013 йил Бутунжаҳон Универсиадаси кумуш медал соҳиби. 2015 йил Таиландда бўлиб ўтган катталар ўртасидаги Осиё чемпионати кумуш медали эгаси. Шу йили Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати вице- чемпиони ва 2016 йил Рио Олимпиадаси ғолиби.

- Фазлиддин аввало, суҳбатимизни бошимизга оғир мусибат тушиб, юрт отасидан айрилиб қолганимиз, бу инсон спортчиларнинг муравватли ҳомийси эканини эслаш билан бошласак. Ушбу инсон билан кўришиш, шахсан совғаларни қабул қилиб олишингиз мумкин эди. Бу мусибатни қандай қабул қилдингиз?

- Ҳа, халқимиз оғир жудоликка учради. Ватанни севиш, фарзандларини улуғлашни дунёга кенг намоён этган, халқпарвар юртбошимиздан айрилиб қолдик! Барча ўзбек халқига ҳамдардлигимни билдираман. Шу кунга қадар, биз ёшлар эришиб келаётган ютуқларимизнинг барчаси юртбошимизнинг ғалабалари эди. Биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар, шарт- шароитлар ва эътиборни ҳеч қайси юртда кўрмагандим. “Фарзандларимиз биздан кўра, кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Бизга бўлган ишонч, эътибордан рағбатланардик, илҳомланардик ва бу ишончни оқлаш учун оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшиш учун ҳаракат қилардик.


- Энди бевосита Олимпиада борасида суҳбатлашсак. Мусобақа аввалида, энг кучли рақиб деб Дунайцевни кўрганмидингиз?

- Шу пайтга қадар ҳеч қайси рақибимни кучсиз, деб ҳисобламаганман. Ҳар бирининг ўзига яраша кучли жиҳати бор. Олимпиадада заиф рақиб бўлмайди. Лекин россиялик боксчи билан ўзига хос ҳисоб-китобим мавжуд эди. Хабарингиз бор, Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида у билан финалда тўқнаш келгандим. Ўшанда рус боксчисининг омади келган эди. У билан жангимда ўшандаги мағлубият тасодиф эканлигини ҳам исботлашга ҳаракат қилдим. Шукрки, бу борада меҳнатларим бесамар кетмади.


- Ярим финал ва финалда биринчи раунд рақиблар ҳисобига ёзилди. Ваҳоланки, сиз аниқроқ ҳаракат қилгандингиз. Бу ҳолатдан сўнг, сизда ҳакамларга нисбатан эътироз уйғонмадими?

- Ҳакамлар доимо ҳақ. Чунки улар бевосита ринг ичидан жараённи кузатиб боришади. Қолаверса, Олимпиадада ўз ишининг усталари фаолият олиб боради. Шундай экан, уларнинг ҳаракатига эътироз билдириш ноўрин. Буни ғалаба қозонганим учун айтаётганим йўқ. Мағлубиятга учраган тақдиримда ҳам ҳакамларни айбламаганман. Камчиликни ўзимдан қидирганман. Қолаверса, рингда фақат кучлиларнинг қўли кўтарилади. Ҳакамларни муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайман.



- Нима деб ўйлайсиз, Дунайцев, Сотомайорнинг савияси ўша Ломаченко даражасидами?

- Ҳар бирининг кучли ва кучсиз тарафи бўлади. Дунайцев юқорида айтиб ўтганимдек, ҳозирги кунда вазн тоифамиздаги энг сара рақибларимдан бири. Сотомайор эса, гарчи Озарбайжон номидан чиқиб юрган бўлса-да, Куба бокси тарбияланувчиси ҳисобланади. Куба бокси эса, қай даражада кучли эканлиги барчага аён. Уларнинг ҳам ўз савияси бор. Лекин рақиб сифатида Ломаченко ҳар жиҳатдан кучлироқ. Шунинг учун ҳам уч карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. Қолаверса, профи-боксда ҳам яхши натижаларни қайд этаяпти.


- Дарвоқе, Василий табрик йўлладими? Ҳар ҳолда у билан қадрдон ҳисобланасиз?

- Ҳозирги кунда тўғрисини айтсам, интернет тармоқларига кириш учун вақт ҳам топа олмаяпман. Кўпроқ оила даврасида бўлиш учун ҳаракат қиляпман. Биласиз, спортчи учун вақт ғанимат. Ўқув машғулот йиғинлари, мусобақалар туфайли оила даврасида кам бўласиз. Шунинг учун, бундай дақиқаларни соғиниб қоламиз.


- Аброр Турсунпўлатов сиз учун қандай аҳамиятга эга бўлган шахс ҳисобланади?

- “Устоз отангдек улуғ”, деб бекорга айтишмаган. Устозимни отам каби қадрлайман. Ўз ўрнида йўлбошчим, маслаҳатгўйим, дўстим каби кўраман. У инсон ҳаётимда муҳим ўрин тутади. Жуда ҳам ҳурматим чексиз. Ҳар бир ютуғимнинг сабабчиси, десам муболаға бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб, устозимга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.


- Риода ўтказган жангларингиз орасида энг қулайи биринчиси бўлди. Тўғри, Олимпиадада кучсизлар бўлмайди. Шундай бўлса-да, бу ҳақиқат.

- У ҳам кучли рақибларимдан бири. Ўша жангимдаги кайфиятим жуда аъло даражада эди. Чунки оиламизга кутилган меҳмон, яъни қиз фарзандим дунёга келди. Ғалабаларимнинг асосий сабабчиси, десам ҳам бўлади. Айтишади-ку, қиз отасига меҳрибон бўлади, деб. Қайсидир маънода осон ўтган бўлиши мумкин. Лекин мусобақадаги илк жанг барибир муҳим саналади. Барибир биринчи учрашувда ҳаяжон бўлади.


- Айтинг-чи, Олимпиада чемпиони бўлишдан кўра, мухлислар кўнглини олиш қийин эканми?

- Албатта, бу борада кўп гапириш мумкин. Чунки сизни ҳурмат қилиб, суратга тушишга ҳаракат қилса-ю, сиз у билан вақт тиғизлиги туфайли туша олмасангиз ёки ғалаба билан табриклаб SMS ёзса. Кечроқ жавоб берсангиз ҳар хил тушуниш мумкин. Қолаверса, ҳар хил кайфиятда бўласиз. Шундай бўлса-да, имкон қадар кайфиятим қандай бўлишига қарамай, имкон қадар мухлислар кўнглини олишга ҳаракат қиляпман. Чунки биз учун дуода бўлганлар шу халқимиз ҳисобланади.


- Гарчи, ҳазил бўлса-да, Раҳматжон Рўзиохунов секундантлар орасида Олимпиада чемпиони бўлди, дейиш мумкинми?

- Ҳа, тўғри айтасиз. Чунки шу инсон зиммасида жуда ҳам катта маъсулият турганди. Спортчи қайсидир маънода жангни қандай кайфиятда олиб бориши секундантларга ҳам боғлиқ. Раҳматжон ака эса, буни ажойиб тарзда уддалади. Унинг руҳимизни кўтариши, кўрган бўлсангиз, барча нарсага улгуради.



- Жанг мобайнида қўлларингизни тез-тез тушириб оласиз. Бу рақибни мағлубиятга учрата олишингизга кўзингиз етгани учунми ёки бу чалғитувчи ҳолми?

- Ҳар бир спортчининг жанг олиб бориш услуби бўлади. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Бундай жанг олиб боришим, рақибни чалғитувчи услубларимдан бири десам ҳам бўлади.


- Сизнинг ўзига хос сезувчи ҳиссиётингиз бор. Адашмасам, икки йил аввалги суҳбатимизда Шаҳрам Ғиёсовни иқтидори ҳақида сиздан эшитган эдим. Балки яна бирор бир ёш боксчи ҳақида фикр юритарсиз?

- Ҳозирги кунда иқтидорли ёшлардан Бектемир Мелиқўзиевни айтиб ўтишим мумкин. Унда ўзига хос истеъдоди бор. Буни Рио Олимпиадасида ҳам уддалади. Навбатдаги ўйинларда албатта юқори поғонадан жой олади, деган умиддаман. Қолаверса, юртимиз иқтидорларга бой. Ҳали кўплаб чемпионлар чиқишига ишонаман.


- Финал жангидаги қўлқопингизни нима қилдингиз?

- Жангдан сўнг, ашаддий бир мухлисимнинг илтимосига кўра, дастхат қўйиб, эсталик сифатида совға қилдим.


- Насиб этса, Токио Олимпиадасига чемпион сифатида ташриф буюрасиз. Бу сизга янада маъсулият юклайди. Чунки мухлислар сиздан фақат ғалаба кутади?

- Чемпион бўлиш осон, аммо чемпионликни ушлаб туриш жуда ҳам қийин. Чунки ҳозирги кунда янги иқтидорли ёшларимиз кўпаймоқда. Нафақат жаҳонда, балки юртимизда ҳам бундай ёшлар топилади. Токио-2020га келсак, мазкур тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қлиб, юртдошларимиз ишончини оқлайман.


Аҳмадбек ЭШМАТОВ суҳбатлашди


"News Arena" газетасидан олинди

Рейтинг: +4   

Фикрлар

   
17 сен 11:49:30
aszmuzb
Омад чимпионга, яна ва яна ғалабалар кутиб қоламиз.
   
16 сен 20:22:59
FCB
Фазлиддин сенга ва барча спортсиларимизга омад
   
16 сен 19:46:08
Gulmurod
Фазлиддин куролмайдиган гийбатчилар гап суз килаверишади. Биз сенга ишонамиз. Омад ! Сендан янаям янги марраларни эгалашингни кутамиз.
   
16 сен 18:22:39
Хуршид
Омад, чемпионга!
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг