02 июл 12:45
Янгиликлар
Олмалиқ шаҳрида миллий кураш тарғиботига бағишланган тадбир ўтказилди
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия масъуллари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ва ёшлар иштирок этди.
“Ўзбек кураши – жасорат ва ҳалоллик тимсолидир” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, жойларда барпо этилаётган замонавий стадион ва муҳташам спорт иншоотлари оилада, маҳаллада ва бутун жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Миллий курашимизнинг бир қатор турлари билан мунтазам шуғулланаётган ёшларимиз турли нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда, – дейди Олмалиқ шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Феруза Шодиева. – Бу борада мактабимиз спорт мажмуасида яратилган шароитлар муҳим омил бўлмоқда.
Тадбир давомида ҳудудда миллий спорт ўйинлари бўйича турли мусобақа ва тадбирлар ташкил этиш, курашга қизиқувчи ёшлар учун маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Фикрлар