26 сен 07:21
Янгиликлар
ЎзДЖТСУда Европа тиллари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди + ФОТО
Европа Кенгаши ташаббуси билан 2001 йилдан буён бутун дунёда нишонланиб келинаётган ушбу байрам чет тилларни тарғиб этади, чет тиллар орқали жаҳон маданиятлари намойиш этилади.
Шу куни дунё бўйлаб тил тарғиботига бағишланган маърифий кечалар ўтказилади. Жумладан, мамлакатимиздаги турли таълим муассасаларида ҳам чет тиллар куни муносиб нишонланади.
Хусусан, кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам “Европа тиллари кунини биз билан нишонланг” мавзусида маънавий – маърифий тадбир бўлиб ўтди. Университетнинг Хорижий тиллар кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур Европа тиллари куни байрам дастурида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг бир гуруҳ офицер ва курсантлари, Тошкент вилояти Хорижий тилларни оммалаштириш агентлиги раҳбари З. Х. Раҳимова ҳамда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалари иштирок этишди. Тадбирни университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Икром Аҳмедов табрик сўзи билан очиб берди.
Шунингдек, тадбирнинг расмий очилиш маросимида сўз олган ЎзДЖТСУнинг Спорт ўйинлари факультети декани Норйигит Дусанов, Хорижий тиллар кафедраси мудири Феруза Норбоева ва бошқалар мазкур санани нишонлашдан кўзланган мақсад, ёшларни хорижий тилларни ўрганишга рағбатлантириш ҳамда турли маданиятлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдан иборатлигини таъкидлаб ўтишди.
Шундан сўнг,ЎзДЖТСУ талабалари корейс, япон, эрон ва Европа тилларида ўз табрикларини изҳор этишди. Талабалар ва Чирчиқ шаҳридаги 18-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган чет тилларидаги куй-қўшиқлар ҳамда турли маданиятлар акс этган саҳна кўринишлари намойиши Европа тиллари кунига бағишланган байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади
Фикрлар