14 апр 13:16
Янгиликлар
Рамзиддин Саидовни табриклаймиз!
Рамзиддин Саидов - 1982 йилнинг 14 апрель куни Бухорода дунёга келган. Дзюдо сир-асрорларини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, Олот дзюдо мактаби асосчиси Рустам Тўраевдан ўрганган.
2012 йилги Лондон Олимпиадасида иштирок этган Саидовга бронза медалини қўлга киритиши учун бир қадам етмай қолганди. -100 кг вазн тоифасида татамига чиққан Рамзиддин АҚШ вакили Вашкулат Кил, кубалик Орейди Дэспенни мағлубиятга учратди. Чорак финалда мўғулистонлик Тувшинбаяр Найданга имкониятни бой бериб қўйди.
Бронза медали йўлидаги илк беллашувда озарбайжонлик Элмар Гасимовдан устун келди. Аммо, ҳал қилувчи баҳсда германиялик Димитр Петерсга ютқазиб қўйган ва Олимпиадани кучли бешликда якунлаган эди. Спортда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради деб шунга айтишса керак-да!
Бугунги қаҳрамонимиз 2004 йилги Афина Олимпиадасида ҳам иштирок этганди. Худди шу йили Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида -81 кг вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритган. 2006 йилда Доҳадаги Осиё ўйинларида -90 кг вазнда қатнашиб, бронза медалига сазовор бўлган.
Рамзиддин Саидов 2013 йилда -100 кг вазн тоифаси рейтингида 1-ўринга кўтарилган. 2010 йилда Абу-Даби Гран-При, Тошкентда ўтган Жаҳон кубоги, 2012 йилда Москва "Катта Дубулға" турнирларида шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.
Шундан сўнг унинг мураббийликдаги фаолияти бошланган. Ҳозирда Саидов IJF рефериси ҳисобланади ва Токио-2020 Олимпиадасида ҳакамлик қилишга бош даъвогар бўлиб турибди.
Фурсатдан фойдаланиб, Рамзиддин Саидовни бугунги унутилмас куни - таваллуд айёми билан Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти, мураббийлар штаби ва дзюдочилар номидан муборакбод этамиз.
Фикрлар