28 июн 18:32
Янгиликлар
Санжар Раҳмонов: “Let’s go uzbek” дея қўллаб-қувватлашади, олқишлашади”
Улар орасида Санжар Раҳмоновнинг алоҳида ўрни бор. Куннинг биринчи ярмида дунёга машҳур боксчи Флойд Мейвезерга тегишли промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаган Раҳмонов ила уюштирилган суҳбатни мутолаа қилгандингиз. Қуйида ана шу қизиқарли суҳбатнинг давомини ўқишингиз мумкин.
- Санжар, навбатдаги жангингиз қачонга режалаштирилган?
-
Июль ойида рингга чиқишим мумкин. Лас-Вегасга борганимдан сўнг бу масалани ҳал
қиламиз. Ҳозирча рақиб ким бўлишини билмайман. Режага кўра бу йил яна иккита 8 ва иккита 10
раундлик рейтинг жангларини ўтказамиз. Шундан кейин бирор бир унвонга
даъвогарлик қилиш мақсадимиз бор.
- Хориждаги айрим спортчиларимизнинг фаолиятида кузатганмизки, жанг муддатига яқин қолганда беллашув қолдирилганини. Сизда бундай холат рўй бермадими?
- Албатта, профессионал бокснинг ўзига яраша нозик томонлари кўп экан. Бироқ, клубимизда етакчи мутахассислар ишлаётгани ва дунё миқёсидаги ўрни тобора юксалиб бораётгани боис, мен ҳали бундай ҳолатга дуч келмадим.
- Ҳозирга қадар ўтказган жангларингиз орасида энг мураккаби сўнггиси бўлдими?
- Мексикалик рақибим биз ўйлагандан кўра кучлироқ чиқиб қолди. Гарчи дискларини олиб, ўрганиб чиққан бўлсак-да, беллашув жараёнида бошқа тактикада ишлашга мажбур бўлдим. Балки, жангга ўзимни руҳан юз фоиз тайёрлай олмагандирман. Аввало, айбни спортчи ўзидан қидириши керак. Дурангдан сўнг анча ўзимга кела олмай юрдим. Начора, бу ҳам бир яхши сабоқ бўлди. Насиб этса, иккита учта жангдан сўнг у билан яна бир бор куч синашмоқчиман.
- Чемпионлик жангги борасида ҳам балки, ўйлай бошлагандирсизлар?
-
Менежеримиз агар биз томондан хохиш бўлса, чемпионлик жангги ташкил этиб беришини
билдирди. Аммо мураббийим билан ўзаро маслаҳатлашиб, яна тўрт-бешта жанг
ўтказгандан сўнг бу борада ўйлаб кўрадиган бўлдик. Негаки, ҳали ўрганадиган
томонларимиз бисёр.
- Профессионал боксда ғалаба қозониш учун нима муҳим экан?
- Ўзини спортга бутунлай бағишлаши керак. Қатъий тартибга доимо риоя қилиши шарт бўлиб, ҳамма нарсани ўз вақтида бажариши лозим экан. Ундан ташқари, ҳар бир беллашувга жисмоний ва руҳий тайёргарлик жуда ҳам муҳим. Спортчи энг аввало, жангга ҳар томонлама ўзини шайлаши керак. Ундан кейин жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб, кучни раундларга тўғри тақсимлаб ишлаши шарт.
- Мухлисларингиз ҳам кўпайиб бормоқдами?
- Албатта. Масалан, рингга чиққанимда ишқибозлар, боксчи дўстларим “Let’s go uzbek” (Қани Ўзбек, бошладик!) дея олқишлай бошлашади. Мухлислар орасида мустақил юртимиз байроғини кўтарганларини кўриш эса жуда ҳам руҳлантириб юборади. Кези келганда айтишим керак, америкалик менежер ва промоутерлар томонидан ўзбек боксига қизиқиш юқори. Улар ўз вақтида биздан аввалги ҳамюртларимизни жангларини кўришган қолаверса, бизнинг авлод вакилларини кузатиб, яна ўзбекистонлик боксчилар кўпроқ бўлишини ҳоҳлаяпти.
- Қандай мусиқа остида рингга чиқаяпсиз?
- Шу пайтга қадар турли мусиқалар остида чиқиб келаётгандим. Шу кунларда эса санъткорларимиздан бири Шоҳрух реппер томонидан махсус қўшиб ишланяпти. Унда юртимиз ва ўзбек спортчилари ғурур билан тилга олинади.
- Профессонал боксчиларга уларнинг ҳаракатларидан келиб чиқиб мухлислар лақаб ҳам қўйиб олишади?
-
Дастлаб “Терминатор” никнейм остида чиққандим. Ҳозир мураббийим “Wаr” (Жанг) деб
атамоқда. Келажакда ўзимизнинг ўзбекона номда рингга чиқиш истагим бор.
- Олим Назаровни ҳам сиз билан бирга деб эшитгандик?
- Олим ака, биз билан биргаликда машғулотларни олиб бориб, спарринг жанглари ўтказяпти. Устозимиз ҳам ҳозирда битта. Бир жойда яшаймиз. Олим аканинг яхши спарринг жанглари ўтказгани ҳақида Купер шу кунларда ҳам тез-тез смс ёзиб турибди. Унга ҳам ҳозирда менежерлар томонидан қизиқишлар ортиб бормоқда. Фақатгина шартномани ҳар томонлама ўрганиб, сўнг энг маъқулини танлашни режалаштирган. Насиб қилса, яқин вақтда бу амалга ошади деб ўйлайман.
- Яшаш шароитларингиз қандай? Қийинчиликлар йўқми?
- Биз бир қатор спортчилар бирга устозимнинг ҳовлисида яшаймиз. Шароитлар жуда ҳам яхши. Хатто уйнинг ичида алоҳида залимиз ҳам бор. Келган одам умуман зерикмайди. Худди спорт лагерига тушиб қолгандек бўлади.
- Демак, анча-мунча ўзбекистонлик спортчилар йиғилиб турибсизлар эканда. Бундай пайтда шубҳасиз, ош бўлса керак?
- Ош қилишга ичимизда Равшан ака уста. Йиғилиб қолсак, унга ёрдам бериб тураман. Бу сафар келганимда билмаганларимни яна ўрганиб оляпман. Худо хоҳласа борганимдан сўнг мустақил ош қилиб, жамоадошларимни ҳам сийлаш ниятим бор.
- Санжарбек, сизни гап сўзларингиз ва кўринишингиздан кўпчилик боксчига ўхшатмайди?
- Ўзи уйимизда кўпчилик зиёли. Онам эса ўқитувчи. Ўзимга ҳам боксчига ўхшамаслигимни айтишган. Бир томондан шуниси ҳам яхши. Аслида ҳақиқий боксчи борини рингда кўрсатиши керак.
- Профессионал боксда кўз уриштириш жараёни, матбуот анжуманида америкаликлар кўпроқ тилига эрк беришарди?
- Мен рингдан ташқаридаги бундай шовқинларни ёқтирмайман. Аммо кўз уриштириш маросимидан сўнг менда рақибга нисбатан жанговор кайфият уйғона бошлайди. Рингга чиққанимда эса умуман одамгарчилик бир четга йиғиштирилади.
- Ким сизни боксга қизиқтирган?
- Дадам. Улар андижонлик таниқли спортчи ва мураббийлар билан яқин муносабатда бўлгани боис акам ва мени боксга олиб борган. Акам кейинроқ ўқиб бошқа йўналишда кетди. Мен эса боксни касбга айлантирдим. Ёшлигимдан деярли бўш вақтим бўлмасди. Ўқиш, зал, сузиш... Ўртоқларимни кўчада мазза қилиб ўйнаб юрганини кўриб, баъзан дадамдан хафа ҳам бўлардим. Онам ҳам боксчи бўлишимни истамаган. Ўқиб бирор бир соҳада ишлашимни хоҳларди. Қачонки, осиё чемпиони бўлганимдан сўнг менинг йўлим спорт эканини англаб, ўзи ҳам мени қўллаб-қувватлай бошладилар. Ҳозирда ҳар бир ғалабамдан сўнг дадамга албатта, телефон қилиб, тўғри йўл кўрсатгани учун алоҳида раҳмат айтаман.
- Олдиндаги режаларингиз қандай?
- Аввало, бирор-бир йўналиш бўйича чемпионлик камарига эга бўлиш. Ниятим ҳеч бўлмаса ҳимоя жанггини Ўзбекистонда ўтказиш. Бундай истак промоутер ва менежеримда ҳам бор.
БЛИЦ САВОЛ ЖАВОБЛАР:
- Боксдан бошқа қайси спорт турига қизиқасиз?
- Футболга. Ўзим ҳам футбол ўйнашни яхши кўраман.
- Қайси клубга мухлислик қиласиз?
- “Барселона”га.
- Ёқтирган футболчингиз?
- Месси ва Роналду.
- Боксдачи?
- Костя Цзю, Тайсон.
- Спортда нимани ёмон кўрасиз?
- Ютқазишни.
Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.Доимо ғалаба ёр бўлсин!
Улуғбек
Ҳакимжонов суҳбатлашди, ўз мухбиримиз
Фикрлар