19 янв 15:28
Янгиликлар
Шарҳловчи Даврон Файзиев Конор - Серроне жанги ҳақида: "Конор "ўқланиб" чиқибди"
"40 секунд хронологияси.
Аввал айтганимдек Серроне жангни кечки раундларга чўзиши керак эди. Шу сабабли у пассив бошлади. Конорнинг бошланғич штурми пайтда, яъни сел ёки дўл ёққанда панага ўтиб кутиб туриш эди унинг вазифаси. Фақат бир муаммо чиқиб қолди. МакГрегор 3 йил ғалабасиз яшагач қаттиқ “ўқланиб” чиқибди. Сел ва дўл эмас, астероид атмосферага ёриб киргандек Серроненинг ҳимоя зонасига учиб борди.
Ҳатто Альдога қарши 13 секундли ғалабада ҳам Конор бунчалик шиддат билан старт олмаганди. Аксинча, Альдони контр хужумда ушлаган.
Бу ерда эса дарҳол старт, биринчи кросс, тегмади. Кейин клинч, елкада хужум, учта зарба ва Ковбой талофат олди. Бурни синди, масофага қочди. Ўзининг севимли ўнг оёқ хайкикини ижро этди. Конор блоклади. Кетидан Конордан чап хайкик оёқ билан Ковбойнинг чағига аниқ. Ана ўша пайт Серроне сузишни бошлади. Уёғига Конор одатда ғалабани чиқармайди. Ковбой пассив ҳимояда эди. МакГрегор эса бош қисмига биттама битта зарбаларини михдек қоқиб чиқди. Рефери Хёрб Дин озгина вақт берди Серронега, лекин фойдасиз эканлигини тушунди.
Конор МакГрегор 77 кгда ғалаба қозонди. Агар бу вазнда қолса BMF камари учун Масвидаль билан, ёки асосий чемпионлик учун Усман билан жанг қилиши мумкин. Енгил тоифага қайтса у ерда Ҳабиб қучоқ очиб кутиб олади, фақат у қучоқдан соғ ҳолатда чиқиш муаммолигини билади. Кўрамиз, кузатамиз", - дея жанг ҳақида изоҳ қолдирди Даврон Файзиев.
Фикрлар