07 мар 19:47
Янгиликлар
Сувга сакраш. Ҳамюртларимиз Евро Осиё кубогида совриндор бўлишди
4-6 март кунлари Россиянинг Саранск шаҳрида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада Ватанимиз шарафини тўрт нафар ҳамюртимиз – булар Ботир Ҳасанов, Марсель Зайнетдинов, Хожиакбар Фузайлов ва Егор Мишенев ҳимоя қилишди. Уч кун давомида ўтказилган мусобақаларда Ботир Ҳасанов ва Марсель Зайнетдинов дуэти 10 метр баландликдаги трамплиндан сакрашда кумуш медаль совриндори бўлишди.
Терма жамоамизнинг етакчи спортчиларидан бири Марсель Зайнетдинов ўн метр баландликдаги трамплиндан сакраш бўйича яккалик баҳсларида ҳам иштирок этиб, бронза медали соҳиби бўлди. Уч метр баландликдаги трамплиндан синхрон сакраш бўйича ўтказилган мусобақада баҳсларга киришган Хожиакбар Фузайлов ҳамда Егор Мишенов жуфтлиги якунда учинчи ўринни банд этишди.
Ўзбекистон сузиш федерацияси биринчи бор ташкил этилган Евро Осиё кубогида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган спортчиларимизни эришилган муваффақият билан самимий муборакбод этади ва бўлажак халқаро мусобақаларда ҳам омад ва зафарлар тилайди.
Фикрлар