26 сен 10:05
Янгиликлар
Tashkent Open-2016. Бугун Камола ва Сабина кортга чиқади
Соврин жамғармаси 250 минг долларни ташкил қилувчи ушбу турнир бу йил 18-маротаба ўтказилмоқда. Дунёнинг йигирмага яқин давлати теннисчилари иштирок этаётган мусобақада словакиялик Анна-Каролина Шмидлова биринчи рақам остида таснифланган. У дунё рейтингида 57-ўринни эгаллаб турибди.
Юртимиз мутахассисларининг жорий мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказаётган Нигина Абдураимова ва Сабина Шариповадан умидлари катта. Бугун теннисчиларимизнинг иштирокини мусобақага имтиёзли тарзда қўйилган Камола Умарова бошлаб беради. У мусобақанинг амалдаги ғолибаси япониялик Нао Хибинога қарши кортга чиқади.
Шунингдек, бугун яна бир ҳамюртимиз ўзининг илк даврадаги учрашувини ўтказади. Мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Сабина Шарипова биринчи босқичда швейцариялик Штефани Фогель билан муносабатларига ойдинлик киритиб олади.
Маълумот учун, ўтган йилги турнирда япониялик Нао Хибино бош мукофотни қўлга киритган эди. Кунчиқар юрт вакиласи ҳал қилувчи финал учрашувида хорватиялик Донна Векични икки сетда ҳам бир хил 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Фикрлар