30 окт 16:25
Янгиликлар
Тавсия қиламиз. Федор Емельяненко билан жанг қилмоқчи бўлган ҳамюртимиз
Ёшларимиз халқаро турнирларда ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд этишаётганлиги ҳам сир эмас. Ҳозирга келиб, бир қатор йўналишларда ғолиб ва совриндорларга эгамиз.
Улар орасида эса “Осиё айиғи” лақаби билан донг таратган ҳамюртимиз Мурод Хонтўраевнинг мухлислари нафақат юртимизда, балки МДҲда ҳам кўплаб топилади. Унинг фаолиятига бўлган қизиқиш, айнан у каби спортчи бўлиш иштиёқидаги ёшларимиз ҳам талайгина. Шуни инобатга олиб, “Muxlis minbari” саҳифамизга аралаш яккакураш устасини таклиф этдик.
“News Arena”маълумотномаси
Мурод Хонтўраев – 1987 йил 4 июль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Мураббийлари Нодир Қодиров ва Асад Ўринов. ММАнинг VEF йўналиши, қўл жанги профи йўналиши R-1 ва Муатай профи йўналиши К-1 камари соҳиби. Универсал жанг ва қўл жанги бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори.
Камолиддин Абдуллаев – фермер
– Таржимаи ҳолингиз ҳақида етарли маълумотга эга эмасмиз. Интернетда ҳам бу борада маълумот йўқ. Баъзилар сизни Фарғона, баъзилар Тошкент вилоятидан, дейишади. Бунга ўзингиз аниқлик киритиб ўтсангиз?
– 1987 йил 4 июлда Тошкент шаҳрида таваллуд топганман.
Давронбек Абдазов – мураббий
– Миш-мишларга қараганда, аралаш яккакурашнинг 4 карра ғолиби, россиялик Фёдор Емельяненко билан жанг олиб бориш истагини билдирган экансиз. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Тўғри, лекин бунга анча йиллар бўлган. Ўшанда промоутерлик компаниялари рухсат бермаган эди. Фёдор Емельяненко, албатта мен учун афсона, ундан ибрат олишга ҳаракат қилганман. Лекин ўшанда жанг олиб бориш истаги бўлган. Чунки бундай жангчи билан беллашув мен учун фахр эди. Уч йиллар аввал укаси Александр билан ҳам жанг ўтказишимга бир баҳя қолган эди. Устозим Нодир Қодиров бу жанг борасида жиддий ишлар олиб борганди. Афсуски, унинг номуносиб хулқи учун жазо ўташга мажбур бўлганлиги жангга тўсқинлик қилган.
Бобур Тиллаев – футболчи
– ММАга кириб келишингизга асосий сабаб нима бўлган? Моддий манфаатми ёки ўз қизиқишингиз?
– Моддий ҳолат асосий эмасди. Шунчаки ўзимнинг шахсий қизиқишларим сабаб бўлган.
Шерзод Бувақулов – энергетик
– Ҳозирда ҳам “Alash Рrayd” промоутерлик компанияси билан шартномага эгамисиз?
– Йўқ. Ҳозирда ҳеч қандай шартномага эга эмасман.
Мирзоҳид Бакиров – ўқитувчи
– Ўзбекистонда ўтказган жангингиз орқали мухлисларингиз кўплигини кўриб, қандай ҳиссиётлар пайдо бўлди?
– Очиғи, хурсанд бўлдим. Мени ҳурмат қилиб, қўллаб-қувватлаб турган инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Сарвар Мадаминов – ўқувчи
– Асосан қайси спорт билан шуғуллангансиз?
– Кикбоксинг, қўл жанги ва дзюдо билан жиддий равишда машғулотлар олиб борганман.
Рустам Турсуналиев – талаба
– Павел Левко билан тарозига чиққанингизда, сизга қўполлик қилганди. Жангдан сўнг, у сизга қандай сўзларни айтди?
– Ҳеч қандай. Аксинча, ўзим бориб, гарчи спортда рақиб бўлсак-да, ака-ука бўлиб қоламиз, дедим.
Отабек Файзуллаев – нафақадаги ички ишлар ходими
– Швелидзе билан жанг пайтида уни қийин аҳволга солиб қўйдингиз, аммо нотўғри ҳаракат билан жароҳат олгандингиз. Ўшандаги мағлубият ягонами ёки биз билмаганимиз ҳам борми?
– Ўша жанг профессионал спортдаги ягона мағлубиятим.
Хурсандбек Маҳкамов – мураббий
– Устозларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз?
– Спортдаги фаолиятим бошланишида 9-10 ёшгача Юрий Бозоров залида машғулотлар олиб борганман. 17 ёшимда Нодир ака Қодировнинг олдига келдим. Ўша пайтда Нодир ака профессионаллар ўртасидаги нуфузли турнирга шогирдлари Баҳодир Ғуломов, Бекзод Баҳодиров, Шерзод Шермуҳаммедов ва Неъмат Бобомуҳаммедов каби таниқли спортчиларни тайёрлаётган эди. Ўшанда устозим менга, спорт нима учун керак, деб савол берганди. Аввало, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш, деган жавобим маъқул келиб, мен билан ишлай бошлаган. Унинг қўл остида бир неча йиллар машғулот олиб борганимдан сўнг, юртимизда универсал жанг оммавийлаша бошлади. Республика босқичидан танлаб олинганлар Самарқандга Осиё чемпионатида иштирок этиш керак эди. Тасодифан вазнимда тушиши керак бўлган жамоадошим касал бўлиб қолди, шунда Нодир ака мени ушбу чемпионатга олиб кетди. Очиғи, муваффақиятли иштирокимга умид ҳам қилмаганди. Ваҳоланки, ўша чемпионатда бешта жангнинг барчасини муддатидан олдин ҳал қилиб, чемпион бўлгандим. Барчанинг олдида Нодир ака “Осиё айиғи” номини берганди. Ўша йили универсал жанг бўйича жаҳон чемпионатида сўнги раундда имкониятни бой бериб, 2-ўринни эгалладим ва икки ҳафтадан кейин Россиянинг Калининград шаҳрида ўтган Европа очиқ чемпионатида 3-ўринни қўлга киритганман. 3-ўринни қўлга киритганимнинг ҳам ўз сабаби бор. Ўтказган жангларим орасида қисқа масофа юзага келганди. Қолаверса, жароҳатлар ҳам безовта қилаётганди. Ҳакамлар ҳам нохолисликка йўл қўйишди. 2008 йил Самарқандда қўл жанги бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 2-ўринни қўлга киритдим. Ўша муваффақиятлардан кейин Асад Ўринов келиб, устозимдан мени жамоага беришини сўради. Чунки қўл жангининг профи йўналиши – R-1 бўйича ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этишимни истаганди. Нодир ака бу таклифга рози бўлди ва турнирда қатнашишимга рухсат берди. Ўшанда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида чемпионлик камарини қўлга киритганман. Лекин R-1 ММАга яқин бўлганлиги билан партер ҳолати чекланган, шу сабаб бу йўналишда узоқ қола олмадим. Шундан сўнг Нодир ака билан биргаликда Қозоғистоннинг “Alash Рrayd” промоутерлик компанияси билан ҳамкорликда турнирларда иштирок эта бошладик. Кетма-кет ғалабалардан сўнг, бизни Россиянинг самбо-70 промоутерлик компанияси Сочидаги мусобақага таклиф этди. Ўшанда Халқаро самбо федерацияси билан юртимиз федарацияси келиша олишмади. Жангларга бир кун қолганда, иштирок этолмаслигимизни билдиришди. Ўшанда қозоғистонлик ҳамкорларимиздан илтимос қилганмиз ва улар туфайли турнирда қатнашганман. Мени Қозоғистон вакили, деб эълон қилишган. Жангдан сўнг, раддия билдириб, ўзбекистонлик эканимизни ва қозоқлар клуби номидан тушганимизни исботлаб берганмиз. Бу пайтга келиб, юртимизда ҳам айкидонинг профи йўналишида чемпионатлар бўлди. Бунда ҳам зафар қучдим. Кейинчалик яна Қозоғистонда аралаш яккакурашда учта жанг ўтказдим ва ғалаба қозондим. Қирғизистонда VEF йўналишида баҳсда ғалаба қозондим. Шунингдек, юртимизда ўтказилган муайтайнинг К-1 йўналиши камарига ҳам эгаман. Буларни айтишимга сабаб, ушбу ғалабалар замирида Нодир Қодиров, Асад Ўриновларнинг хизмати беқиёс. Фурсатдан фойдаланиб, уларга чексиз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Шуҳрат Холбоев – банк ходими
– Вазн тоифангиздаги ҳамюртларимиз борасида қандай фикрдасиз?
– Биласизми, юртимизда мендан-да иқтидорли ёшлар етишиб чиқаётганлигига аминман. Албатта, бундай имкониятга эга спортчилар бор. Лекин ким кучли, ким омадли эканлигини ринг ва октагон кўрсатиб беради. Ўз ўрнида вазн тоифамдаги дўстларим Амин Эргашев, Александр Столяров, укамиз Азамат Баҳодурзодаларга омад тилайман. Гарчи бир вазн тоифасида жанг олиб борсак ҳам, рақиб бўлсак ҳам, бизни битта нарса бирлаштириб туради – биз Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қиламиз.
Дилшод Маматов – тадбиркор
– Сочидаги жангда Евгений Ерохин устидан ғалаба қозонган эдингиз. Ўшанда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси раҳбарлари чиқишингизга қандай муносабат билдиришганди?
– Яхши жанг ўтказганлигим билан табриклади ва омад тилади.
Беҳзод Назаров – журналист
– ММА чемпиони Суннат Илёсов интервьюларининг бирида сизни Осиё ва МДҲдаги имкониятингизни юқори баҳолаб, UFCда иштирок этиш учун янада ишлашингиз кераклигини айтиб ўтди. Бу фикрга қўшиласизми?
– Албатта. Ўринли фикр билдирибди. Вақти келиб, UFCда ҳам иштирок этиш насиб қилиб қолар. UFC да вазн тоифамдаги етакчилар Кейн Веласкес, Вандерлей Силва, Фабрицио Вердум булар билан жанг олиб боришга кўзим етади. Лекин ўша ерга чиқишнинг ўзи бор.
Дониёр Акрамов – энергетик
– Асосий қуролингиз “вертушка” (оёқ билан айланма ҳаракат зарбаси) дейишади. Ўзингиз ҳам шу фикрга қўшиласизми?
– Қайсидир маънода, ҳа, деб жавоб беришим мумкин. Оёқда бериладиган барча зарбалар асосий қуролим ҳисобланади.
Иброҳим Йўлчиев – талаба
– Ўзбекистонда жанг ташкиллаштиришингизга сабаб нима бўлди?
– Қайси спортчи ўз Ватанида, мухлислари кўз ўнгида жанг ўтказишни хоҳламайди, дейсиз. Яратганга шукр, юртимизда мухлисларим кўп. Шундай имконият юзага келди ва бундан унумли фойдаландим. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бу жанг менга унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.
Аброр Отакишиев –талаба
– Қозоғистонда кўп фаолият олиб боргансиз. Ўзбек жангчиларидан кимларни кўпроқ билишади?
– Яхши жангчиларни барча тан олади. Юртимизда бундай спортчилар талайгина. Уларнинг ҳаммасини яхши билишади.
Дилафрўз Раҳмонова – журналист
– Юртимиздаги ашаддий мухлисларингизни биласизми?
– Бу борада бир нима, дея олмайман. Лекин энг содиқ мухлисим бор. Бу укам.
Оловуддин Собир ўғли – рассом
– Кейинги жангингизни қачонга режалаштиргансиз?
– Бу борада аниқ маълумот бера олмайман. Чунки ўзим ҳам билмайман.
“News Аrena” саволи
– Сизни нотўғри тушунган, спортдан узоқ кимсаларга айтар сўзингиз...
– Ҳар хил гаплар тарқатадиган инсонларга парво қилмайман. Қозоғистон клуби сафида ҳаракат қилдим. Лекин Қозоғистон Ватаним, деб байроғини кўтармаганман. Шукрки, жанглардан сўнг ўз байроғимизни ҳилпиратиш насиб қиляпти. Агар ўша вақтларда ўзимизда шундай клублар бўлганида, шу ерда жанг ўтказардим.
Аҳмадбек Эшматов тайёрлади, “News Arena” газетасининг 27-сонидан (2016 йил) олинди
Фикрлар