28 дек 16:38
Янгиликлар
Уч марта фаолиятини тиклаган, иккита жанг учун беш юз миллион доллар олган Мэйвезер. У бунга қандай эришди?
Спорт оламида сўнгги ўн йилликнинг энг бой спортчиси сифатида Флойд Мэйвезер эълон қилинди. У ўн йил ичида салкам бир миллиард долларга эга бўлди. Қандай қилиб?
Флойд Конор Макгрегор ва Мэнни Пакьяога қарши 22 раунд(66 дақиқа) жанг учун 575 миллион доллар олган. Японияда кўргазмали тўққиз дақиқали жанг учун эса 9 миллион доллар ишлаб топди. У уч марта фаолияти тиклаган, ҳар тиклаганида унинг нархи ошиб борди. Энг қизиғи, у ишлаб топган пулларини деярли барчасини ҳеч қандай реклама ёки ҳомийлик шартномаларсиз ишлаб топган.
Биринчи қайтиш ва тезда 25 миллион доллар фойда
Флойд биринчи марта 2007 йилда Рикки Хаттони нокаут қилганидан сўнг фаолиятини якунлашини эълон қилган. Аммо икки йилдан сўнг Хуан Мануэл Маркесга қарши жанг қилиш учун фаолиятини тиклади. Маркеснинг ўша вақтдаги рекорди 50-4 ни ташкил қилган. Мэйвезер уни мағлуб этди ва 25 миллион долларга эга бўлди. Маркесдан сўнг Флойд Шейн Мосли, Виктор Ортис, Мигел Коттом Роберт Герреро ва Маркос Майданага қарши рингга кўтарилди. Бу жанглардан тахминан 35-45 миллион доллар гонорар олди.
Унинг биринчи қайтишидан сўнг энг йирик иккита жанги Сауль Альварес ва Мэнни Пакьяога қарши кечди. Флойд биринчи жангдан 73 миллион доллар ишлаб топган бўлса, Меннига қарши жангидан тўрт баравар кўпроқ 300 миллион долларга бойиди. Пакьяо билан жангдан сўнг Андре Бертога қарши ва яна ўттиз миллион доллар. Шундан сўнг иккинчи марта фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Иккинчи қайтиш: Марчиано рекорди ва Конорга қарши жанг
Флойд узоқ вақт боксга қайтмаслиги ҳақида гапирди. Лекин унинг боксда қилиши керак бўлган ягона мақсади қолганди. У ҳам бўлса Рокки Марчианога тегишли бўлган рекорд (49-0) ни янгилаш эди. Мэйвезер Бертони мағлуб этиб, бу натижани такрорлади. Эндиги мақсад уни янгилаш. Мэйвезер ўзи учун ҳар томонлама қулай рақиб қидирди. 2017 йилда унга икки вазн UFC чемпиони Конор Макгрегор «ташаб қўйди». Жанг бокс қоидалари асосида ўтказилди. Жангнинг ўнинчи раундида Флойд рақибини техник нокаут эвазига мағлуб этди ва бойлигини 275 миллион долларга бойитиб олди.
Қамоқхона, тунги клуб ва The Money Team
Сўнгги ўн йил ичида Мэйвезер нафақат рингда, балки оддий ҳаётда ҳам жанг қилди. 2012 йилнинг 1 июнь куни у учта фарзандининг онасини уради ва суд ҳукми билан уч ойга қамоқхонага тушади. У сўнгги ўн йил ичида тунги клуб ҳам очди ва унга “Girl Collection” номини берди. Шунингдек, "The Money Team" брендига ҳам асос солди.
Сўнгги қайтиш: Японияда кўргазмали баҳсда иштирок этди
Флойд сўнгги жангини янги йил кечаси Японияда ўтказди. Ёпиқ тарзда ўтказилган кечада Флойд ёш кикбоксинг устаси Тенсин Насукавага қарши рингга кўтарилди ва рақибини нокаутга учратди. Жанг бор-йўғи 139 сония давом этди. Бу жанг учун Флойд 9 миллион долларга эга бўлди. Энг қизиғи Флойд шу оддий шоу учун олган пулини кўплаб бокс юлдузлари бутун фаолиятида топа олмайди.
Мэйвезер жуда ўзгарувчан боксчи. У бошқа рингга қайтмайман дейди, лекин бир нечта ҳафта ўтганидан сўнг яна рингга қайтишини маълум қилади.
Флойд 2020 йилда яна битта жангда иштирок этиш нияти борлигини маълум қилган. У ҳозирча кимга қарши жанг қилиши ҳақида маълумот берилмаган. Кўрамиз келаси йили Флойд кимга қарши жанг қилади. Аммо "Money Team" кимга қарши жанг қилишидан қатъий назар жуда катта суммага эга бўлиши аниқ.
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар