01 июн 07:11
Янгиликлар
Вячеслав Перетейко билан катта суҳбат: спорт ва ҳакамликдаги фаолият
Бунга спортдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Фикримизга биргина ҳозирда Ўзбекистон Жисмоний тарбия спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётган собиқ ФИФА рефериси Равшан Эрматов исбот бўлади. Осиёнинг беш карра энг яхши рефериси деб топилган Равшан Сайфутдинович жаҳон чемпионатларининг финал босқич учрашувларини энг кўп (9 та ўйин) бошқарган ҳакам ҳисобаланади. Энди дзюдо мисолида олсак, бугунги кунда ҳакамларимиздан Рамзиддин Саидов ва Вячеслав Перетейко Ўзбекистон спорти довруғини дунёга янада танитишга ўз ҳиссаларини қўшиб келишяпти. Қуйида сизларни халқаро тоифадаги ҳакам Вячеслав Перетейко билан яқиндан таништирамиз.
- Суҳбатимиз аввалида дзюдодаги илк қадамларингизни эсга олсак. Нима учун айнан япон миллий спорт турини танлагансиз?
- Ўн икки ёшимда дзюдо тўгарагига қатнай бошладим. Унгача акам айнан шу тўгаракда дзюдо билан шуғулланарди. Акамга ҳавас қилиб мен ҳам ушбу яккакураш тури билан шуғулланишни бошладим.
- Дзюдога меҳр илк машғулотлардаёқ пайдо бўлдими ёки бунинг учун маълум вақт талаб этилдими?
- Дастлабки куннинг ўзидаёқ дзюдо менинг спорт турим эканини тушуниб етганман. Менга курашиш ёқарди.
- Биринчи мураббийингиз ким эди?
- Биз машғулот ўтказадиган секцияда икки мураббий ишларди - Кан Родион Николаевич ва Пятаев Владимир Евгениевич. Мен Кан Родионнинг тўгарагига ёзилганман.
- Мураббийингизнинг қайси хислатларини ўзлаштириб олишга эришгансиз?
- Аниқ мақсад сари интилиш, ғалаба йўлидаги ирода, дзюдога бўлган муҳаббат. Мураббийимнинг ана шу уч хислатини ўзимда акс эттириш учун ҳаракат қилганман ва бунга қайсидир маънода эришганман деб ўйлайман.
- Илк иштирок этган мусобақангиз эсингиздами?
- Биринчи мусобақам Тошкент шаҳар чемпионати бўлган. Унда ютқазиб қўйганман. Яъни, дебют омадсиз чиққанди (кулади). Иккинчи мусобақамда эса кумуш медални қўлга киритганман. Ўша пайтда дзюдо билан шуғулланаётганимга эндигина тўрт ой бўлганди. Ҳозиргача ўша биринчи медаль мен учун қадрли бўлиб келмоқда.
- Биринчи халқаро мусобақангиз-чи?
- Биласизми, бизнинг ёшлик пайтларда халқаро мусобақалар жуда кам бўлар эди. Ўн беш ёшимда ўзим учун илк халқаро турнирда иштирок этганман. У ҳам бўлса ўзимизда ўтказилган Учқун Муродов хотирасига бағишланган халқаро турнир эди. Унда мен бронза медалини қўлга киритганман.
- Терма жамоадан қачон чақирув олдингиз?
- 1997 йил кадетлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Айнан шу мусобақадан кейин мени ўсмирлар терма жамоасига таклиф қилишган. Ўшанда 16 ёшда эдим. Кейин навбати билан ёшлар терма жамоасига ўтдим. 2000 йилда эса катталар терма жамоаси сафига қўшилдим. Катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида бронза медалини қўлга киритганимдан кейин мени асосий жамоамизга чақиришди. Мен учун биринчи чинакам жиддий мусобақа 2001 йили Минск шаҳрида бўлиб ўтганди. Беларусдаги мусобақа Мюнхен шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионати олдидан дзюдочиларга сўнгги тайёргарлик вазифасини ўтаб берган эди. Афсуски, Минскдаги турнирда ютқазиб қўйгандим. Ўшанда 20 ёш эдим.
- Сиз учун қитъа миқёсидаги биринчи жиддий чақирув бу 2002 йили Пусан шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинлари эди...
- Ҳа, худди шундай. Ўшанда -90 кг вазнда татамига чиқиб, якунда бронза медалини қўлга киритганман. Осиё ўйинларидан кейин менга халқаро тоифадаги спорт устаси унвонини беришган эди.
- Олимпиада ҳар бир спортчининг орзуси ҳисобланади. Сизга тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш бахти насиб этган. Шу ҳақида гапириб берсангиз.
- Олимпиада очилиш маросимининг ўзи тўлқинланиб гапириш учун сабаб бўладиган жараён. Ўзбекистон спорт делегацияси таркибида майдонга чиқиб келаётганимда баданимдан чумолилар юргандек бўлганди. Стадиондаги муҳитни сўз билан тасвирлаб бериш мушкул. Бир неча йил давомида олиб борилган машаққатли машғулотлар Олимпиаданинг очилиш маросимидаёқ эсдан чиқиб кетганди.
- Деярли ҳар бир спортчининг фаолияти давомида асосий рақиби бўлади. Сизда ҳам шундай рақиб бўлганми?
- Ҳа бўлган. Мусобақаларда кореялик Хванг билан йўлларимиз кўпинча кесишиб қоларди. Мен у билан ёшлар терма жамоасидаги пайтимдаёқ танишгандим. У мендан икки ёшга катта эди. Сеулга ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун борганимизда Хванг менга бир нечта усулларни ўргатганди. Улар орасида ётган ҳолатда ишлатиладиган Newaza номли айёрона усул ҳам бор эди. Тақдир тақозоси билан биз ўша учрашувдан уч йил ўтиб, Токиодаги турнирда тўқнаш келдик. Кодоканда ўтган ўша беллашувда мен Хвангга ютқазиб қўйгандим. Лекин баҳс иккаламиз учун ҳам қийин кечганди. Буни унинг ўзи ҳам айтганди.
- Фаолиятингизга назар ташласак, сизга жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Осиё ўйинларининг олтин медали насиб этмаган...
- Начора, шундай ҳам бўлар экан. Алматида ўтган Осиё чемпионатида мен олтин медалга жуда яқин келгандим. Аммо, финалда кореялик дзюдочига имкониятни бой бериб қўйган эдим.
- Кўпчилик дзюдочилар фаолиятларини якунлагандан кейин ўзларини мураббийликда синаб кўрадилар. Сиз эса ҳакамликни танладингиз. Бу қарорга келиш сиз учун қийин кечмаганмиди?
- Армен Багдасаров сабаб ҳакамликни танлаганман. Билсизми, спортчилик фаолиятим тугаганидан кейин дзюдодан йироқлашдим. Уч йилдан кўпроқ вақт давомида хордиқ чиқардим. Кунларнинг бирида Армен Юрьевич ёнига чақириб, ҳакамликда ўзимни синаб кўришимни тавсия қилди. Ўша пайтда Осиёда ҳакамлик қилиш имконини берувчи имтихонлар ўтказилишига икки ойча вақт қолганди. Тезда ҳакамликнинг нозик жиҳатларини ўзлаштириш, ўрганишга киришиб кетдим. Яратганнинг марҳамати ва ёрдами билан билан ҳакамлик фаолиятим бошланди. Армен Багдасаров эса бунга сабабчи бўлиб қолди. Маълум муддат ўтганидан кейин менга ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида катта мураббий лавозимини таклиф қилишди. Бунга бажонидил розилик бердим. Табиийки, ҳакамлик фаолиятидан бироз узоқлашдим. Мураббий сифатида етти йил ишладим. Терма жамоа билан бирга кўплаб мусобақаларга бордим. Шунга қарамай мен ҳамон халқаро дзюдо федерацияси ҳакамлар қўмитасининг аъзоси эдим. 2017 йилда яна ҳакамликка қайтдим. Фақат бунинг учун имтихондан ўтишим талаб этиларди. Прага шаҳрида халқаро тоифа учун бўлган имтихонларни муваффақиятли тарзда топширдим. Бахтимга Тошкент Гран-приси бошланиш арафасида эди. Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти мусобақада ҳакамлик қилиш учун номзодимни илгари сурди. Шу тариқа IJF миқёсидаги турнирлардаги ҳакамлик фаолиятим бошланди.
- Токио Олимпиадаси 2021 йилга қолдирилди. Бу ўзгариш терма жамоамиз учун фойдали бўлдими ёки аксинча?
- Ўйлашимча, бу фойдамизга ишлайди. Ҳозир бизда ёш дзюдочилардан иборат жамоа шаклланмоқда. Бир йил ичида улар катта тажриба тўплаб олишади ва янада кучга тўлишади. Энг муҳими, ана шу бир йиллик муддатни самарали машғулотлар билан ўтказиш керак. Фурсатдан фойдаланиб, дзюдочиларимизга омад тилайман. Ҳали бизда дзюдо бўйича Олимпиаданинг олтин медали йўқ. Ишонаманки, Илиас Илиадис бошчилигидаги дзюдочиларимиз бу нохуш анаъанага чек қўйишади.
Фикрлар