UZ

Сўнгги янгиликлар

14:04Расман. Жамал Хилл қисқа муддат ичида UFC'даги кейинги жангини ўтказади. Унинг рақиби ва жанг санаси тасдиқланди + ПОСТЕР 0 13:43ESPN: Теренс Кроуфорд навбатдаги жангини Исроил Мадримовга қарши ўтказади 0 13:22"Реал" Начонинг ўрнига кимни олиб келиши маълум 0 13:01BMW Open. Руне чемпионлик ҳимоясини давом эттирмоқда 0 12:40Беш нафар дзюдочимиз Осиё чемпионатининг 3 та бронза медали учун курашади 0 12:19"Энди мен терминаторман". Макгрегор Чендлерга қарши жанги ҳақида гапирди 0 11:58Ўзбекистон U-23 — Кувайт U-23 ўртасидаги учрашувни суриялик ҳакам бошқаради 0 11:37Уч нафар курашчи қизимиз Олимпиада лицензион турнирининг 1/2 финалида! 1 11:14Райан Гарсия Хейнига қарши жанг олдидан вазн меъёрини бажара олмади 0 10:53Темиров рақиби йиқилганидан сўнг берилган зарба бўйича изоҳ берди 0 10:32ПСЖ собиқ устози "Барселона"ни бошқариши мумкин 0 10:11Porsche Tennis Grand Prix. Свёнтек Эмма Радукануни қийинчилик билан енгди 0 09:50Кейингиси ким? Кичигин ёки Чапанов? Шоҳасан Мирзаматов жавоб берди 0 09:29Бугун курашчи қизларимиз тарих яратиш учун гиламга чиқишади 0 09:08Осиё кубоги. Бугун олимпиячиларимиз Кувайтга қарши майдонга тушишади 0

26 ноя 17:30
Янгиликлар

Бокс/ММА, Муайтай

Юсуф Ибрагимов: “Фаолиятимни ҳали тугатмадим”

Муайтай юртимизда оммалашган спорт турларидан бири ҳисобланади.

Бир неча йилдан бери ушбу спорт турида эришиб келаётган юксак натижаларимиз ҳам бунга мисол бўлолади. Қолаверса, юртимизда бир қатор нуфузли мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионати, “Буюк ипак йўли” турнирларининг ўтказилиши муайтайнинг ривожига хизмат қилиб келмоқда.

Спортчиларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатлари, бошқа турли мусобақаларда совриндор бўлиб келаётганлиги ҳам қувонарли ҳол, албатта. Бугунга кунга келиб, муайтай оламида ўз ўрнига эга бўлган ҳамюртларимиз кўплаб топилади.

Улар орасида кўзга кўрингани, шубҳасиз, Юсуф Ибрагимов ҳисобланади. Сўнгги йилларда ушбу спортчимиз фаолиятида тўхталиш юзага келганди. Шунга аниқлик киритиш мақсадида спортчимизни “Muxlis minbari” саҳифасига таклиф этдик.

Юсуф Ибрагимовнинг мухлислари кўп. Қуйида мухлислар йўллаган саволларга жавобни эътиборингизга ҳавола этамиз.

“News Arena”маълумотномаси

Юсуф Ибрагимов 1987 йил 21 ноябрда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Муайтай бўйича 91 кг вазн тоифасида жанг олиб боради. 10 карра Ўзбекистон чемпиони. 2008 йилда Таиландда ўтказилган “Қироли кубоги”ни қўлга киритган. 2010 йил жаҳон чемпиони. 2011-2012 йилги жаҳон чемпионати финалчиси. Осиё чемпионати ғолиби.


Расул Холмонов – ҳайдовчи

– Сўнгги пайтларда мусобақалардаги иштирокингизга гувоҳ бўлмаяпмиз. Фаолиятингизни тугатдингизми?

– Жароҳат олганим боис турнирларда кўринмай қолгандим. Шунинг учун, вақтинчалик танаффус юзага келди. Шукрки, ҳозирда жароҳатдан фориғ бўлдим. Эндиликда яна спортдаги фаолиятимни бошлайман.

Лутфулла Шамаев – энергетик

– Муайтай Самарқандда жуда яхши ривожланган. Ушбу спорт турини танлашингизга ҳам асосий сабаб шу бўлганми?

– Тўғри, шаҳримизда ушбу яккакураш тури яхши ривожланган. Чунки бу ерда муайтайнинг фидойи мутахассислари фаолият олиб боради. Бу фикрда ҳам қисман жон бор. Лекин шуғулланишимга ўз қизиқишим сабаб бўлган.


Музаффар Отақўзиев – тадбиркор

– Муайтайнинг профи йўналишида жанг олиб бораётган эдингиз. Бундан кейин ҳам шу йўналишда давом этасизми ёки ҳаваскор рингига кўтариласизми?

– Ҳаваскор йўналишда етарлича мусобақаларда иштирок этдим. Энди профессионал йўналишда баҳсларда қатнашаман. Ўйлайманки, бу тоифада ҳам яхши натижалар қайд этишга улгурдим. Энди натижаларни янада яхшилашга ҳаракат қиламан.

Собир Каримов – ҳайдовчи

– Миш-мишларга қараганда, аралаш яккакураш бўйича фаолиятингизни бошламоқчи экансиз?

– Бу нотўғри. Ўйлаб кўрганим йўқ. Бу гаплар қандай пайдо бўлганини билмадим. Эҳтимол, бу йўналишда кўп дўстларим борлиги учун шундай фикрга келган бўлишса керак.


Бобур Махамматов – талаба

– Профессионал йўналишда неча маротаба жанг ўтказгансиз?

– 23 та. 22 тасида ғалаба қозондим. Битта учрашувда мағлубиятга учраганман.

Азизбек Исоқов – иқтисодчи

– Кейинги пайтларда муайтайга эътибор бироз пасайгандек, назаримизда. Балки бошқа спорт турига ўтарсиз?

– Сизга шундай туюлаётгандир. Лекин эътибор ҳали ҳам яхши. Тўғри, нуфузли мусобақалар сони камайган. Аммо бу борада ҳам ижобий ишларни амалга оширишга ҳаракат бўляпти. Ўйлайманки, муайтайга қизиқиш ҳеч қачон сўнмайди. Шу спорт тури орқали элга танилдим. Озми-кўпми, меҳнатим сингди. Шундай экан, шу спортда қоламан.

Шерзод Ғозиев – дурадгор

– Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтказган жангизга аниқлик киритиб ўтсангиз. У қандай беллашув эди, назаримда, расмий мусобақа эмасди...

– Бу жангни норасмий, деб атаб бўлмайди. Машҳур россиялик курашчи, уч карра Олимпиада чемпиони Александр Карелин соврини учун ўтган мусобақа эди. Унда Россиянинг биринчи рақамли муайтайчиси Семён Шелепов билан жанг олиб борганман. Кўрган бўлсангиз, нокаут билан ғалаба қозонган эдим.

Ўткир Маликов – тадбиркор

– Профессионал муайтай бўйича жанг олиб борасиз. Ҳамюртимиз Мурод Хонтўраев эса К-1 йўналишида чемпион бўлди. Бир вазн тоифасидасизлар. Демак, тўқнаш келишингиз мумкин экан-да?

– Мурод билан яқин дўстмиз. Жуда кучли жангчи. Ҳурматга арзийдиган инсон. Тўқнаш келишимиз мумкиндир. Бу спорт, ҳамма нарса бўлиши эҳтимоли бор.


Одил Сиддиқов – тиббиёт ходими

– Муайтай қўл жанги, кикбоксингга яқин спорт тури ҳисобланади. Ушбу йўналишларда ўзингизни синаб кўрмаганмисиз?

– Синаб кўрганман. Қўл жанги бўйича Осиёнинг вице-чемпиони бўлганман. Кикбоксингда эса Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиққанман.

Мусулмонбек Иброҳимов – журналист

– Фаолиятингизда ягона мағлубият бор. Ушбу жанг ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

– Ушбу баҳс Таиланднинг Паттайя шаҳрида бўлган. Ўшанда бир ой ичида тўрт маротаба рингга кўтарилганман. Бироз жароҳат орттириб олгандим. Шунинг учун канадалик рақибимга имкониятни бой бериб қўйдим. Ўзимни оқламоқчи эмасман. Лекин уни ютиш имкониятига эга эдим. Нима бўлганда ҳам бу мағлубият эди.


Хуршид Сариқов – фермер

– Ҳозирда ҳам Баҳодир Ҳасанов қўл остида машғулотлар олиб борасизми?

– Самарқандда тажрибали мураббий Баҳодир ака кўрсатмаларини қунт билан ўрганиб келяпман. Эришган муваффақиятларим замирида шу инсоннинг ҳам беқиёс хизматлари ётибди. Фурсатдан фойдаланиб, устозимга миннатдорчилигимни билдираман.

Фурқат Сиддиқов – муҳандис

– Муайтай Таиланд миллий спорт тури ҳисобланади. Шунга кўра, жиддий рақиблар ушбу мамлакат вакилларими?

– Албатта, таиландликлар жуда кучли ҳисобланишади. Лекин бошқа мамлакат вакиллари, масалан Россия, Белорус, Канада муайтайчилари ҳам кучли саналади.

Отабек Давлатов – божхона хизмати ходими

– Юртимизда авваллари “Буюк Ипак йўли” турнири ўтказиларди. Унда иштирок этгансиз. Савия жиҳатидан бошқа турнирлар билан беллаша олармиди?

– Шубҳасиз, жуда юқори савиядаги турнир эди. Ташкилотчилик ҳам идеал даражада бўлган. Таиланддан нуфузли меҳмонлар ташриф буюришарди. Спортчилар ҳам жиддий эди. Бемалол муайтай бўйича сара мусобақа, деб айтсак бўлади.


Анвар Мадаминов – тадбиркор

– Тажрибали спортчи сифатида ҳозирги ёшлар орасида кимларнинг маҳоратига юқори баҳо берасиз?

– Юртимизда кучли, иқтидорли ёшлар кўп. Уларни номма-ном санаб чиқсам, вақт етмайди. Келажакда кўплаб жаҳон чемпионлари етишиб чиқади, деб ўйлайман.

Рустам Мирдадаев – режиссёр

– Спортчи фаолияти давомида кўп бор жароҳатга учрайди. Шундай пайтда спортчи бўлганингиздан афсусланганмисиз?

– Нега афсусланиш керак?! Эркак киши жароҳат туфайли танлаган йўлини ташлаб қўймайди. Ҳар соҳанинг ўзига яраша машаққати бўлади. Шу қийинчиликларни енгиб ўтсагина, мақсадига етади.


Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади

“News Arena”газетасининг 29-сонидан (2016 йил) олинди.


Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг