09 авг 20:45
Янгиликлар
Рио-2016. 4-кун. Ўзбекистон спортчиларининг бугунги иштироклари якунланди
20:43. Шу тариқа бугун ўзбек спортчиларининг иштироклари якунланди.
20:34. Афсуски, Шаҳзодбек Собиров америкалик рақибига имкониятни бой бериб қўйди ва Олимпиададаги иштирокини якунлади...
20:26. Собиров жангини бошламоқда! Томоша қиламиз!
20:20. Дзюдо. Бироздан сўнг Шаҳзод Собиров иккинчи жангини ўтказади.
19:55. Ҳуршид чорак финалда мезбон боксчи - Робсон Кобсенсауга қарши жанг қиладиган бўлди.
19:46. Ҳуршид Тожибоев ушбу жангда ғалаба қозонди! Ажойиб! У чорак финал йўлланмасини қўлга киритди!
19:41. Тожибоев иккинчи раундда ҳам ғалаба қозонди!
19:39. У биринчи раундни ўз фойдасига ҳал қилди! Ажойиб!
19:34. Боксчимиз Ҳуршид Тожибоев ўз чиқишини бошлади! Рақиб британиялик боксчи. Олға, Ҳуршид!
19:32. Оғир атлетика. Достон Ёқубов ўз чиқишларини 313 кг натижа билан якунлади. Энди қолганларнинг натижасини кутиш лозим...
19:30. Шаҳзодбек кейинги босқичда америкалик Травинс Стевенсга қарши татамига чиқди!
19:26. Яхшиии! Спортчимиз рақибини иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди ва кейинги босқичга йўлланма олди!
19:23. Дзюдо. Шаҳзодбек Собиров жангини бошлади!
19:15. Достонбек Ёқубов силтаб кўтаришда илк уринишда 172 кг тошни кўтара олди. Яхши!
19:04. Бу орада бокс бўйича баҳслар бошланди. Бироздан сўнг Ҳуршид Тожибоев британиялик рақибига қарши жанг қилади.
18:55. Дзюдочимиз Шаҳзод Собировнинг чиқишига тахминан 15-20 дақиқа вақт бор.
18:53. Бироздан сўнг, тошни силтаб кўтариш баҳслари бошланади. Бу ерда вакилимиз рақибларидан ўтиб кетиши мумкин. Кутамиз!
18:45. Даст кўтариш натижаларига кўра спортчимиз 9 нафар спортчи ичида 7-ўринни эгаллаб турибди. Оғир атлетика қоидаларига кўра, унинг вазни оғирроқ бўлгани учун ўзи билан бир хил натижа қайд этган спортчилардан пастда турибди. У 5-ўриндаги спортчи билан бир хил натижа кўрсатган.
18:30. Спортчимиз 140 кг тошни кўтара олмади. Демак, даст кўтаришда унинг натижаси - 137 кг! Бироздан сўнг силтаб кўтариш баҳсларида у ўз омадини синаб кўради. Қийин бўлади...
18:26. Ёқубов иккинчи уринишда 137 кг тошни ўзига бўйсундира олди.
18:20. Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу вазн тоифасида рекорд хитойлик Лиао Хуига тегишли. У 2014 йили бўлиб ўтган ЖЧда 166 кг тошни кўтариб жаҳон рекордини қайд этган!
18:16. Достон Ёқубов илк чиқишида 133 кг тошни хотиржам кўтара олди. Бошланиши яхши!
18:05. Оғир атлетикачимиз Достон Ёқубов иштирокини бошламоқда! Унга омад тилаб қоламиз! У -69 кг вазн тоифасида тош кўтаради.
17:50. Шунингдек, Достон Ёқубов оғир атлетикачиларимизнинг чиқишларини бошлаб беради.
17:45. Дзюдочимиз Шаҳзод Собировнинг илк жангига оз вақт қолмоқда!
16:52. Энди бироздан сўнг дзюдочи ва оғир атлетикачимизнинг иштироклари бизни кутиб турибди.
16:38. Афсуски спортчимиз сўнгги лаҳзаларда тезликни пасайтирди ва финишга охирги бўлиб етиб борди... Энди у эртага 13-24 ўринлар учун бўладиган баҳсда кураш олиб боради.
16:33. 1000 метрдан сўнг бешинчи ўринга тушиб кетди...
16:32. Спортчимиз 500 метрдан сўнг учинчи бўлиб кетмоқда!
16:30. Бошланди! Омад, Шаҳбоз!
16:28. Баҳс бошланмоқда!
16:10. Шаҳбоз Холмурзаевнинг стартга чиқишига 20 дақиқа қолди! У 2000 метрга академик эшкак эшиш баҳсларида ярим финал йўлланмаси учун курашади!
16:00. Бироз ўтиб, тахминан 18:45 ларда эса бизни медал олишга ўргатиб қўйган дзюдочиларимиз баҳсларга киришишади. Бугун -81 кг вазн тоифасида татамига чиқадиган Шаҳзодбек Собировдан ҳам умидимиз катта!
15:40. Тошкент вақти билан соат 16:30 да спортчимиз Шаҳбоз Холмурзаев академик эшкак эшиш баҳсларининг чорак финал босқичида стартга чиқади. Унга ушбу босқичда Мемо (Индонезия), Нилс Якоб (Норвегия), Ангел Родригес (Куба), Рис Грант (Австралия) ва Донгюунг Ким (Жанубий Корея) лар рақиблик қиладилар. Финишга етиб келган дастлабки уч спортчи ярим финалга йўлланмани қўлга киритади.
15:30. Ассалому алайкум ҳурматли ўзбек спортчиларининг чиқишларини кутиб ўтирган қадрдон мухлислар! Рио Олимпиадасининг тўртинчи куни бошланиш арафасида. Спортчиларимизнинг мусобақалардаги иштирокларини биз билан бирга кузатиб боринг!
Фикрлар