UZ

Сўнгги янгиликлар

18:32Олимжон Назаров рақибини нокаутга учратди, Абдурасул Исмоилов жангида дуранг қайд этилди 0 18:11Канелонинг Мунгияга қарши жангидан қанча гонорар ишлаб олгани маълум бўлди 0 17:50"Кальяри" ўз уйида 10 киши бўлиб дуранг қайд этди, Шомуродов захирадан ўйинга қўшилди 0 17:29Эркин курашчимиз Нодиржон Сафаров ММАда дебют қилди 0 17:08Мераб Двалишвили ўз жангини тасдиқлади. Сана ва манзил маълум 0 16:47Мадрид "Мастерс". Жуфтлик турнирида бош соврин соҳиблари маълум 0 16:26"Реал"га қарши жавоб ўйин олдидан "Бавария"да йўқотиш 0 16:05Чироқчида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказиляпти + ФОТО 0 15:44Нокаутли ғалабалар бўйича UFC рекорчиси фаолиятини якунлади 1 15:23Диёра Келдиёрова Kodokan International марказидаги машғулот йиғинини якунлади 0 15:02"Челси" А Сериядаги ҳужумчи учун 90 млн евро ва Лукакуни таклиф қилади?! 0 14:39Бетербиев Бивол билан жанг қолдирилиши ҳақида: "Шифокорлар туриб олишди" 0 14:17Бугун Goygol Cadet European Cup турнирида яна икки ёш дзюдочимизга мухлислик қиламиз 0 13:55Бивол Бетербиев билан қодирилган жанг ҳақида фикр билдирди 0 13:31Месси фаолиятида илк бор битта ўйинда ассистлар сони бўйича пента-трик қайд этди! 0

06 июн 12:35
Янгиликлар

Бошқалар, Футбол, Болалар спорти, Сув спорти турлари

Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Юртимиз вакилларининг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошаётгани, республикамиз ҳудудларида жаҳон андозаларига мос муҳташам спорт иншоотлари барпо этилаётгани, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида уч босқичдан иборат "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинлари оммалашиб бораётгани, айниқса, эътиборлидир. 

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб-ташвиқ қилиш, ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларни зарарли одатлардан асраш, уларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ва долзарб вазифалар турибди. 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, мамлакатимизда бу борада яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш натижадорлигини ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин: 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш; 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш; 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш; 

таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни мақсадли тайёрлаш; 

оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда уни амалга ошириш жараёни тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш. 

2. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Республика комиссияси (А.Н.Арипов) вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

Дастурда назарда тутилган барча чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилиши юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш; 

бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда Дастур ижросини таъминлаш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилишини таъминлаш; 

икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан ушбу қарор ва дастурдан келиб чиққан ҳолда ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилишини таъминлаш; 

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган барча спорт турлари бўйича тегишли республика ва ҳудудий спорт федерацияларига (уюшмаларига) бириктириладиган ҳомий ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш бўйича таклифлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир барча масалалар ҳал этилишини таъминлаш; 

икки ой муддатда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли ташкиллаштириш ва назорат қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 

Республика комиссияси томонидан амалга оширилган ишларнинг натижалари мунтазам равишда ҳукуматнинг ярим йиллик мажлисларида муҳокама қилиб борилсин. 

3. Дастурнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари; 

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, жамғармалар, спорт федерациялари (уюшмалари), клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; 

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари аҳоли, ўқувчи ва талабаларни спорт мусобақаларига, республика спорт тадбирларига юбориш учун маблағлар Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган маблағлар доирасида асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ажратилишини таъминласин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси: 

спорт иншоотларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин; 

Дастурни амалга ошириш доирасида бажариладиган лойиҳавий ва қурилиш-монтаж ишлари сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин ҳамда буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан тузилган шартномалар шартлари бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан билдирилган ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида спорт тиббиёти бўлимларини ташкил этиш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги таклифлар маъқуллансин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига: 

Дастур ва унинг асосида ишлаб чиқилган ҳудудий дастурларда белгиланган барча чора-тадбирлар ижроси ўз муддатида сифатли амалга оширилиши юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳудудий ишчи гуруҳларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш; 

Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларининг ўқув-машғулот йиғинлари, жаҳон биринчиликлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари, халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишларини таъминлаш мақсадида мусобақалар якунларида эришилган натижаларни чуқур таҳлил қилиш ва тизимли мониторингини олиб бориш; 

ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган спорт мактабларига, таълим муассасалари ва спорт клубларига иқтидорли спортчиларни қабул қилиш жараёнларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш юзасидан доимий равишда таъсирчан чоралар кўриш ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича қўмитанинг мажлисларида танқидий-таҳлилий муҳокамадан ўтказиш вазифалари юклансин. 

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари: 

спорт иншоотлари йил давомида узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш, улардан самарали фойдаланиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, эҳтиёжга кўра спорт иншоотларини муқобил энергия манбалари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин; 

тегишли ҳудудда спорт федерацияларига (уюшмаларига) бириктириладиган ҳомий ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш турлари (бино ва иншоотлардан бепул фойдаланиш, маблағлар ҳамда спорт анжомлари билан таъминлаш ва ҳ.к.) бўйича таклифлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир барча масалалар ҳал этилишини таъминласин; 

спорт таълим муассасалари ва мажмуалари ихтиёридаги ер майдонларини (очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотларини) тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга оширилишига қатъий риоя қилинсин. 

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда унинг доирасида ташкиллаштириладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоғи орқали аҳоли орасида мунтазам ва кенг ёритилишини таъминласин. 

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 3 июнь 

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг