21 дек 20:30
Янгиликлар
2022 йилда энг кўп кутилаётган жанглар (ТОП-5)
Бу йили бокс оламида жуда кўплаб кутилган ва кутилмаган жанглар, ҳисоблар бўлди. Йил давомида мексикалик чемпион Сауль Альварес мутлақ жаҳон чемпионлигига эришди. Уайлдер ва Фюьри ўртасида трилогия бўлиб ўтди ва британиялик бокс юлдузи Энтони Жошуа Александр Усикка қарши рингга кўтарилиб, мағлубият аламини тортди. 2022 йил эса бокс мухлисларига янада кўплаб қизиқарли жангларни тақдим этиши мумкин. Биз эса келаси йили бўлиши мумкин бўлган жанглар ТОП-5лигини тақдим этамиз.
Геннадий Головкин ва Сауль Альварес ўртасидаги трилогия
Суперўрта вазн қироли мексикалик Сауль Альварес ва қозоғистонлик чемпион Геннадий Головкин ўртасида тугалланмаган иш қолиб кетган. Канело якунланаётган йил давомида уч марта рингга кўтарилди ва суперўрта вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Геннадий эса йил сўнггида илк бор рингга кўтарилиши лозим эди. Бироқ Муратага қарши жанг Япониядаги коронавирус билан бўлаётган воқеалар сабабли бекор бўлди. Сауль келаси йил учун режалари билан ўртоқлашганида, у Геннадийга қарши жангга тайёр эканлигини ва унинг учун қозоғистонлик боксчи битта вазн тепага кўтарилиши кераклигини маълум қилганди. GGG ҳам бу жангга қарши эмаслигини бир неча бор такрорлади. Тўқнашув орқали эса ҳар икки бокчи ҳам фаолиятларидаги энг катта гонорарларга эга бўлишлари мумкин. Чунки бу жангни кўплаб мухлислар кутишмоқда.
Кўпчилик иккинчи жангда Саульнинг ғалабасини тан олмаган ва улар ўртасида трилогия бўлиши шарт деб ҳисоблайди.
Супероғир вазн тоифасида тахнинг ягона соҳибини аниқлаши лозим бўлган жанг - Фьюри-Усик
Бокс вазнлари орасида энг қизиқарли ва шиддатли жанглари билан машҳур бўлган супероғир вазн тоифасида 22 йиллик танаффусдан сўнг навбатдаги мутлақ жаҳон чемпиони бўлиши мумкин. Британиялик собиқ мутлақ жаҳон чемпиони Леннокс Льюисдан сўнг ҳали ҳеч бир оғир вазн боксчиси барча камарларни бирлаштиришга эришмади. Бу воқеа аслида шу йили бўлиши мумкин эди. Чунки британиялик боксчилар Тайсон Фьюри ва Энтони Жошуа ўзаро жанг қилишлари лозим эди, аммо орада Уайлдер Тайсондан реванш талаб қилди ва бунга эришди. Шундан сўнг Жошуа WBО камарига расмий даъвогар Александр Усикка қарши рингга кўтарилди ва барча камарларидан айрилди. Шу сабабли ҳам супероғир вазн тоифасида ягона тахт соҳибини аниқлаш лозим бўлган жанг келаси йилга қолдирилди. Қироллик учун асосий даъвогарлар эса ҳали мағлубият нима эканлигини билмай келаётган боксчилар - Александр Усик ва Тайсон Фьюри! Агар Жошуа Усикка қарши реваншни бироз ортга суришга рози бўлса, бизнинг келаси йилнинг баҳорида супер жанг кутмоқда.
Ўзбек бокси учун янги саҳифа очилиши мумкин бўлган жанг - Аҳмадалиев - Фултон
Иккинчи енгил вазн тоифасида WBА ва IBF камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев навбатдаги жангини WBC ва WBО камари соҳиби Стивен Фултонга қарши ўтказиши мумкин. Жанг ғолиби эса вазннинг мутлақ жаҳон чемпионлигини қўлга киритади. Аҳмадалиев бу жангда ғалаба қозонишни уддаласа, Ўзбекистон тарихида мутлақ жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк боксчига айланади. Шунингдек, у энг кам жанг ўтказиб, мутлақ чемпион бўлган боксчилардан бирига ҳам айланади. Бундан ташқари, иккинчи енгил вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлган иккинчи боксчига айланади. Унга қадар фақатгина Япония вакили Дзиро Ватанзабе 38 йил олдин чемпионлик камарларни бирлаштирган.
Йиллар давомида кутилган, бироқ амалга ошмай келаётган жанг: Спенс - Кроуфорд
Яримўрта вазн чемпионлари Эррол Спенс ва Теренс Кроуфорд ўртасидаги жангни мухлислар ва мутахассислар анча йиллардан бери кутиб келишмоқда. Икки енгилмас боксчиларнинг жанги келаси йили бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Бу жангни ташкил этиш йўлида шахсан "Top Rank" раҳбари Боб Арум бош-қош бўлмоқда.
Россиянинг энг кучли боксчилари ўзаро рингга кўтарилишади
Артур Бетербиев - Дмитрий Бивол! Келаси йил учун супер афиша. Яримоғир вазн WBC, IBF ва WBА камарлари соҳиблари Артур Бетербиев ҳамда Дмитрий Бивол. Профессионал боксда битта ҳам мағлубият йўқ. Бетербиевнинг ҳисобида 17 та жанг, 17 та ғалаба ва шунча нокаут. Унинг ҳеч бир жанги сўнгги сонияларга қадар бормаган. Биволда эса 19 та ғалаба ва улардан 11 таси нокаут орқали. Бу жанг нафақат Россияда, балки бутун дунёда катта шовқин кўтариши мумкин. Ғолиб эса суперўрта вазн қироли Сауль Альваресга қарши рингга кўтарилиши мумкин.
Қисқаси бизни келаси йил супер жанглар кутмоқда. Сизнингча яна қайси боксиларнинг ўзаро жанги қизиқарли бўлади?
Фикрлар