05 июн 08:01
Янгиликлар
UFC Fight Night 207: Марказий жангда нокаут қайд этилди + ФОТО
UFC Fight Night 207 оқшомининг марказий жанги оғир вазн тоифасида ўтказилиб, унда россиялик Александр Волков суринамлик нокаутчи Жаирзиньо Розенстрайкка қарши октагонга кўтарилди.
Жанг муддатидан аввал якунланди. Иккинчи дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Волков ўнг қўл апперкот зарбаси билан рақибини мувозанатдан чиқарди. Кетма-кет жавобсиз зарбалардан кейин рефери Херб Дин жангни тўхтатишга мажбур бўлди. Волков техник нокаут эвазига кучли рақибини мағлубиятга учратди.
Жангдан кейинги интервьюда россиялик жангчи UFC томонидан яхши таклиф бўлса, қисқа муддатда октагонга қайтишга тайёр эканини маълум қилди.
Оқшомнинг ко-мэйнивент жангида эса россиялик енгилмас ярим енгил вазн тоифаси вакили Мовсар Евлоев америкалик Дэн Игени очколар ҳисобига кўра мағлубиятга учратди. Бу билан унинг UFC промоушенидаги ғалабали серияси 6 та жангга етди. Ҳакамлар 30-26, 30-27, 30-27 ҳисобидаги ғалабани Евлоевга тақдим этишди.
Фикрлар