26 июл 11:40
Янгиликлар

Абдуғофуровнинг “сири” очилди ёки Деҳқончек қишлоғи чемпионлар маскани
Ҳамюртимиз WBC йўналиши бўйича Осиё чемпионлиги – “Asian Boxing Council” камари учун таиландлик Чалоэмпорн Саматсукка (17-0, 13 KO) қарши рингга кўтарилиб, 12 раундлик жангнинг биринчи раунд иккинчи дақиқасидаёқ (!) рақибини нокаутга учратганди.
Ушбу бокс кечасида яна бир ҳамюртимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров (7-0, 5-KO) ҳам WBC йўналиши бўйича “Asian Boxing Council Silver” камари учун 12 раундлик жангда филиппинлик Адонес Кабалкуинто (24-1, 15 KO)ни очколар ҳисоби бўйича мағлуб этганди.
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида дунёга келган Азизбекнинг оиласида ушбу спорт турига қизиқиш жуда ҳам юқори бўлиб, у туғилиб ўсган Деҳқончек қишлоғида ҳам Сингапурдаги мусобақа билан бир вақтда 6-анъанавий очиқ турнир ўтаётган экан.
Эътиборлиси, ҳар икки йилда бир бор ташкил этиладиган ўсмирлар ўртасидаги ушбу кичик мусобақа айнан Азизбекнинг бобоси Абдуғофур Раҳмонов хотирасига бағишлаб ўтказилар экан.
- Турли ёш тоифасидаги турнир 4 кун давом этди. Унда Андижон вилояти ва Қўқондан 18та жамоанинг 331 нафар боксчиси иштирок этди, - дейди мусобақа бош ҳаками, жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби Тўлқин Турғунов. – Аслида мусобақа 2004-2007 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтиши режалаштирилганди. Бироқ Олмалиқ шаҳридаги 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасидаги Республика чемпионати олимпия ўйинлари муносабати билан кечиктирилгани боис, биз йиғинда бўлган вилоятимизнинг ана шу ёшдаги термасини ҳам Деҳқончекдаги турнирга жалб этдик. Бу жуда яхши самара бериб, турнирнинг савияси жуда ҳам ошиб кетди. Мусобақани кузатиб, ҳақиқий истеъдодлар қишлоқда кўплигига яна бир карра ишондим. Шундай жанглар бўлдики, чекка бир қишлоқдаги ҳали тузукроқ турнир кўрмаган бола ҳам олимпия коллежи вакилига “нон” бермади.
- Турнир ташкилотчиларидан бири ҳамкасбимиз Шермурод Юсуповга алоҳида ташаккур айтаман, - дейди жаҳон чемпионати совриндори Жасур Латиповнинг устози Абдулҳофиз Жалолов. – Очиқ, бироқ салқин, баҳово майдонда ташкил этилган мусобақа жуда ҳам юқори савияда ўтиб, аҳолининг ушбу спорт турига бўлган қизиқишни янада орттирди. Айниқса, финал куни Азизбек Абдуғофуровнинг чемпионлик камарини қўлга киритганини эшитган ҳар бир иштирокчининг ғайратига ғайрат қўшилди. Мана шундай муросасиз беллашувда бизнинг Пахтаобод туманидан 4 нафар шогирдимиз олтин, 1 нафари кумуш ҳамда 2 нафари бронза медалига эга бўлганидан жуда ҳам хурсандман. Мақсадимиз Республика чемпионатида ҳам бу каби ғалабаларни давом эттириш.
МУСОБАҚАНИНГ ЖАМОАВИЙ НАТИЖАЛАРИ:
2002-2003- йилларда туғилганлар:1. ИБЎСМ, 2. Пахтаобод, 3.Избоскан.
2004-2005- йилларда туғилганлар: 1.Қўрғонтепа, 2.Избоскан, 3.Пахтаобод.
2006-2007- йилларда туғилганлар:1. Деҳқончек, 2. Қорасув, 3.Пахтаобод.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу каби турнирлар қишлоқ жойларида спортни янада оммалашишига хизмат қилмоқда. Акс холда, Деҳқончекдан қисқа муддатда профессионал боксда WBC йўналиши бўйича “Asian Boxing Council” камари соҳиби Азизбек Абдуғофуров, ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати совриндори (кўпчилик Иқболни Тошкентда ўтган АРВ йўналишда ирландиялик Европа чемпионига қарши жангини яхши эслайди) Иқболжон Холдоров, ёшлар ўртасида мамлакат чемпионати совриндори Жаҳонгир Раҳмонов каби боксчилар етишиб чиқмасди. Дарвоқе, айтишларича оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуриддиновнинг ҳам киндик қони Деҳқончекка тўкил экан.
Улуғбек Ҳакимжонов тайёрлади, ўз мухбиримиз
Фикрлар