23 окт 16:16
Янгиликлар
Абдуқодир Ҳусанов УЕФА Чемпионлар лигасидаги энг тезкор марказий ҳимоячи деб топилди
Марказий ҳимоячилар ўртасидаги рейтингни бошқариб турган Ҳусановнинг максимал тезлиги соатига 35,8 километрни ташкил этди ва у бу борада "Тоттенхэм" вакили Микки ван де Венни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Марказ ҳисоботида бешта позиция бўйича энг юқори тезлик қайд этган топ-20 талик футболчилар рўйхати шакллантирилган. Қанот ҳимоячилари орасида ПСЖ вакиллари Ашраф Ҳакими (36,4 км/соат) ҳамда Нуну Мендеш, марказий ярим ҳимоячиларда Арчи Грей (34,8 км/соат), қанот ярим ҳимоячилари ва вингерлар орасида Энтони Гордон (37,9 км/соат), марказий ҳужумчилар ичида эса Килиан Мбаппе (35,7 км/соат) етакчилик қилмоқда.
Шунингдек, ҳисоботда ўйинчиларнинг тезлик тоифалари бўйича босиб ўтган масофаси тақсимоти ҳам келтирилган. Тадқиқотга киритилган 100 нафар футболчи орасида паст тезликда (соатига 7 километрдан кам) энг кўп масофа босиб ўтган ўйинчилар марказий ҳужумчилар бўлиб чиқди: Килиан Мбаппе (43,5 фоиз), Виктор Осимхен (41,9 фоиз) ва Луис Суарес (40,1 фоиз). Майдонда пиёда юриш ҳолати энг кам қайд этилган футболчилар эса марказий ярим ҳимоячилар – Ҳакон Эвжен (23,0 фоиз), Жоау Симоэш (24,1 фоиз) ва Лукас Бергвалл (25,2 фоиз) бўлди.
Фикрлар