UZ

Сўнгги янгиликлар

09:064th President Cup Masters 2025 халқаро шахмат турнири якунланди 0 08:45Лэмпард кетма-кет иккинчи ой энг яхшиси бўлди 0 08:24Автоспорт оламининг энг кучлилари Тошкентда тақдирланди + ФОТОРЕПОРТАЖ 0 08:012025 йилнинг сўнгги UFC турнири жангчилари тарозидан ўтишди 0 22:46Шаҳобиддин Зоиров IBA.PRO камари учун жанг қилди 0 19:51АПЛнинг ноябрдаги энг яхши мураббийи аниқ 0 19:26PFL президенти Нганну учун махсус жанг ташкил қилиш ниятида эканлигини айтди 0 19:02ЖЧ финалига чиққан боксчиларимиз face-to-face маросимида қатнашишди (ФОТО) 0 18:33Мадияр Саидраҳимов IBA.PRO турнирида рингга кўтарилди 0 18:05АПЛнинг ноябрдаги энг яхши футболчиси маълум қилинди 0 17:41"Пётр билан Двалишвилининг учинчи жанги? Аввал Ян Умар Нурмагомедов билан жанг қилсин" - собиқ чемпион 0 17:17О’Мэлли Пётр Ян билан Оқ уйда жанг қилмоқчи 0 16:53Артур Бетербиев: "Қачон қайтаман? Питерлик йигитдан сўранглар" 0 16:30"Фенербахче" сардори ҳибсга олинди. У нимада айбланмоқда? 0 16:02ҲОҚ россиялик ёш спортчиларга байроқ ва мадҳия билан иштирок этишга рухсат берди 0

12 мар 17:08
Янгиликлар

Бошқалар

Аҳди қатъий, шиддати баланд ғузорликлар

Теглар :  Ғузор
Ғузордан кўп чемпионлар чиққан, спортсевар туман аҳолиси ўзининг иқтидорли ўғил-қизлари, чемпионлари билан ҳақли равишда фахрланади.

Шу боис, мураббийлар ҳам, спортчилар ҳам буни ҳис этишади. Мухлисларнинг ҳар қандай мусобақада улардан юқори натижалар кутиши спорт жамоатчилигига қўшимча мотивация бериб туради. Ғузор туман олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати бу борада ўзининг ўрнига, нуфузига, анъаналарига эга бўлган таълим маскани.

Тажрибали спорт мутахассиси Ўрол Абдурасулов раҳбарлик қилаётган мазкур мактаб-интернатда ҳозирда 220 нафар ўқувчи стол тенниси, дзюдо, миллий кураш, енгил атлетика, эркин кураш турлари сир-асрорларини ўрганишмоқда. Улардан 21 нафари қизлар.

Қувончлиси, ёш спортчиларнинг Республика ва халқаро мусобақалардаги иштироки кўлами, қўлга киритилаётган медаллар салмоғи йилдан-йилга яхшиланиб бораётганидир. Масалан, таълим муассасаси тарбияланувчилари 2022 йилда республика мусобақаларида битта (бронза медали) медални қўлга киритган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 12 (биттадан олтин ва кумуш, 9 та бронза) тага етди. Ўтган йили эса мамлакат чемпионати ва кубоги баҳсларида ғузорлик спортчилар жами 42 та медал соҳибига айланишди (5 та олтин, 5 та кумуш ва 32 та бронза).

2024 йилнинг декабр ойида Мўғулистон давлатида ўтган миллий кураш бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Севинч Тошпўлатова нуфузли мусобақанинг кумуш медалига эришди. Олий тоифали мураббий Ғулом Жумаев биз билан суҳбатда Севинчнинг эндигина 17 ёшга киргани, бу ғалаба унинг улкан-улкан ютуқларининг дебочаси эканини таъкидлаб ўтди.

Кураш мураббийи Дилшод Бердиев кураш спорт тури Ғузорда кенг оммалашганини, жаҳон чемпионлигини мақсад қилган ўғил-қизлар бу заминда жуда кўп эканини алоҳида эътироф этди.

— Мўғулистондаги мусобақада бироз ҳаяжон бўлди, - дейди Севинчбону биз билан суҳбатда. — Чунки мендек оддий қишлоқ қизига, яна қўшадиган бўлсам, мактаб ўқувчисига жаҳон чемпионатида иштирок этишнинг ўзи катта бахт. Аммо кураш —  бизнинг ғуруримиз, фахримиз. Шу боис, ҳаяжонни четга суриб, устозларим ўргатган усулларни рақибаларимга нисбатан қўлладим, ютуқни ўзим томонга оғдирдим. Улан-Баторда кумуш медал олганимда шу азиз Ватанимнинг бир бўлаги эканимни ҳис қилдим, Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш-буюк бахт эканини қалбан англадим. Насиб этса, эндиги марра — жаҳон чемпионатининг олтин медали!     

Дарвоқе, ғузорлик полвонлар сардори Шерали Жўраев 2024 йил ноябрь ойида кураш бўйича ўтган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида энг оғир вазнли полвонлар орасида тенгсиз, деб топилган эди...

Янги ўқув йилида мактаб-интернатига 30 нафар иқтидорли ёш спортчи қабул қилинди. Дастлабки машғулот ва мусобақалардан устозларнинг кўнгли тўляпти.

— Спортчи қанчалик кўп машғулотда қатнашмасин, у мусобақада иштирок этмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди, - деди енгил атлетика мураббийи Маъруф Бобошарипов. — Шунинг учун, дастлаб спорт мактаби миқёсида, сўнгра туман  ва вилоят мусобақаларида уларнинг тайёргарлигини синовдан ўтказиб борамиз. Айни пайтда бир нафар спортчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий, уч нафари захира таркибига қабул қилинди. 

— Париж Олимпиадаси мамлакатимиз дзюдочилари учун шонли ғалабалари билан ёдда қолди, - деди мактаб-интернати директорининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Зафар Ибрагимов. — Бу эса ўқувчиларнинг қизиқиши ошишига ҳамда биз устозларнинг янада ўз устимизда ишлашимизга катта туртки бўлди. Айни пайтда уч нафар шогирдимиз республика терма жамоаси таркибида. Мақсадимиз — йилдан-йилга кўпроқ мусобақаларда қатнашиб, чемпионлар сафини кенгайтириш. Давлатимиз раҳбари эътиборини яратилаётган шароитлар ҳам кўрсатиб турибди. Яхши натижа кўрсатган спортчими у, мураббийми, бунга муносиб рағбат оляпти. Демак, юксак ишончни оқлаш, халқимизни оламшумул ютуқлар билан хурсанд қилиш йўлидан оғишишга ҳаққимиз йўқ!

Биз ким билан суҳбат қурмайлик, уларнинг интилиши, ҳаракатлари аниқ мақсадга йўналганини кўрдик. Фидойи мураббийлар чўл ҳудуд ҳисобланган Ғузор тумани ёшларини дунё ареналарига олиб чиқишга астойдил бел боғлашган.  Бугун вилоят ва туман сектор раҳбарлари, туман ҳокимлиги, умуман мутасадди раҳбарларнинг ҳам жисмоний тарбия ва спортга беэътибор эмаслиги, спортчиларга зарур шароитлар яратиб берилаётгани боис, ўғил-қизлар маррани баланд олиб, чемпионлик сари интилишмоқда. Интернатда ҳар ойда спорт турларидан мусобақалар, ички биринчиликлар ўтказилади. 

Оммавийликда гап кўп. Мактаб-интернати мураббийларининг маҳаллаларда бўлиб, ёш спортчиларни кузатиши анъанага айланган. Яъники, селекция ишларининг тўғри йўлга қўйилгани ҳам мактаб ютуқларига катта туртки бўлаётир. Хулоса сўзимиз шуки, ғузорлик спортчиларнинг аҳди қатъий, шиддати баланд. Демак, бугунги навқиронлар, эртанги чемпионлар орамизда!

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг