04 окт 12:42
Янгиликлар
Ашхобод-2017 якунлари: таҳлил, кутилган-кутилмаган натижалар ва бошқалар ҳақида
Бешинчи маротаба ўтказилган ушбу Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси катта делегация билан иштирок этди. Турнир дастуридан ўрин олган 21 та спорт турининг 20тасида Ўзбекистон спортчилари мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилдилар. Умумий ҳисобда 213 нафар спортчи (жамоавий спорт турлари аъзоларини ҳам қўшган ҳолда) баҳсларда иштирок этдилар.
Бироз кечроқ бўлсада, ушбу мақоламиз орқали ўзбекистонлик спортчиларнинг Ашхободда бўлиб ўтган ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларидаги иштирокига оид якуний натижаларни тақдим этиб, таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.
Энг аввало вакилларимиз қайси спорт турлари бўйича Осиё ўйинларида иштирок этганликлари ҳақида эслатиб ўтсак:
3х3 баскетбол
Белбоғли кураш
Боулинг
Шахмат
Спортча рақс
От спорти
Футзал
Енгил атлетика
Теннис
Жуи-житцу
Кикбокс
Кураш
Муайтай
Самбо
Сузиш
Таэквондо
Велотрек
Анъанавий кураш
Оғир атлетика
Спорт курашлари.
Фақатгина бильярд бўйича баҳсларда биздан спортчи иштирок этмади.
Ўйинларнинг очилиш маросими аввалдан эълон қилинганидек юқори савияда ташкил қилинди. Қўшниларимиз ушбу тадбирни керак бўлса Сочи-2014, Рио-2016 каби катта мусобақаларданда юксак савияда ўтказа олишди. Бунинг учун қойил қолсак арзийди. Ушбу тадбирда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этгани эса ушбу ўйинлар биз учун қандай аҳамиятга эга эканлигини билдириб турибди.
Спортчиларимизнинг иштирокига келадиган бўлсак, анъанавий кураш баҳсларида қатнашган полвонларимиз мусобақанинг дастлабки кунларидаёқ Ўзбекистон делегациясига илк медаллар шодасини тақдим этишди. Спортнинг ушбу турида қатнашган вакилларимиз умумий ҳисобда 23та медаль қўлга киритдилар. Медаллар сифати борасидаги кўрсаткичлар эса қуйидагича бўлди: 2та олтин, 4та кумуш ва 17та бронза. Илҳомжон Машрабов ва Обидали Мавлоновларнинг қўлга киритган юқори пробали медаллари рейтинг жадвалида юқорига чиқиб олишимизга ёрдам берди.
Мусобақаларда 5 нафар спортчи билан қатнашган жуи-житцучиларимиз эса 2та бронза медалини қўлга кирита олдилар ҳалос.
Ашхободга 12 нафар спортчи билан борган енгил атлетикачиларимиз ҳисобимизга 4та медаль қўшиб қўя олдилар. Надия Дусанованинг олтин олишига ишонгандик! Сафина Садуллаеванинг кумуш медали эса биз учун ҳақиқий сюрприз бўлди.
9 киши бўлиб турнирда қатнашган таэквондочиларимиз эса 1та кумуш ва 4та бронза эгасига айландилар. Қизлар ўртасидаги баҳсларда иштирок этган Светлана Осипова финалгача етиб борди ва якунда кумуш медални қўлга киритди. Нанкин Олимпиадаси совриндори Умида Абдуллаевадан эса совриндорлар қаторидан ўрин олишини кутгандик.
Велоспортчиларимиз эса Ашхободга 7 киши бўлиб жўнаб кетгандилар. Афсуски, улар мусобақада умуман медаль қўлга кирита олмадилар. Велоспорт борасида амалга оширишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп.
Оғир атлетикачиларимизга эса гап йўқ! 11 кишилик таркиб билан қатнашган ўзбекистонлик спортчиларнинг 9 нафари якунда совриндорлар қаторидан ўрин олдилар. Медаллар кесимида натижалар қуйидагича бўлди: 2та олтин, 6та кумуш ва 1та бронза. Рустам Джангабаев ва Иван Ефремовлардан мусобақа бошланишидан олдин олтин медаль кутгандик. Якунда улар ишончларимизни оқлашди ва Ўзбекистонга "тилла" билан қайтдилар.
Белбоғли кураш. Медалларимининг асосий қисми айнан ушбу спорт турида қўлга киритилди. Вакилларимиз баҳсларда 4та олтин, 12та кумуш ва 18та бронза медалини ютиб олишга муваффақ бўлдилар. Анъанавий курашда олтин медаль соҳибига айланган Обидали Мавлонов белбоғли курашда ҳам чемпионликни қўлга кирита олганини алоҳида қайд этиб ўтишимиз лозим.
Кураш баҳсларида эса яққол пешқадаммиз! Ўзбек спортчилари курашда 9та олтин, 1та кумуш билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритдилар. Курашчиларимиз ушбу муваффақиятли иштирокларини 2018 йилда Жакартада бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида ҳам такрорлашларини истаб қоламиз. Ха айтганча, ушбу ўйинлар вақтида ўзбек кураши Осиё ўйинлари дастурига киритилгани расман маълум қилинди. Энди навбат Олимпиадага!
Муайтайчиларимиздан Ашхободда кўп нарса кутгандик. Афсуски, якунда фақатгина Уббенияз Турениязов ярим финалгача етиб бора олди ва якунда бронза медали соҳибига айланди.
Боулинг баҳсларида иштирок этган 6 нафар спортчиларимиз эса юртимизга қуруқ қўл билан қайтишди.
Тан олиб айтишимиз керакки, сузиш баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар хеч қачон фаворит ҳисобланмаганлар. Шу сабабдан ҳам Ашхободда сузувчиларимиздан медаллар кутмагандик. Аммо, улар ушбу ўйинларда сюрприз амалга ошира олишди. Вакилларимиз Осиё ўйинларидан 6та медаль: 1та кумуш ва 5та бронза билан қайтишди. Ёмон натижа эмас. Лекин, Олимпиадада медалларимиз сони ошишини истасак ушбу спорт турини Ўзбекистонда ривожлантиришимиз лозим. Тасаввур қилинг, биздан ҳам Майкл Фелпслар чиқиб, бир ўзи 4-5 ҳил йўналишда, 4-5 ҳил масофага бўлиб ўтадиган баҳсларда медалларни қалаштириб ташласа. Яхши вариант!
От спорти баҳсларида 5 киши бўлиб қатнашган спортчиларимиз эса баҳсларда медаллар қўлга кирита олмадилар. Очиғи, очиқ ҳавода ўтказиладиган спортнинг ушбу тури нима учун ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари дастурига киритилганига тушунмадик. Балки, мезбонлар шуни исташгандир?
Тўғрисини айтаман, Осиё ўйинларида иштирок этувчи теннисчилар рўйхатини кўриб, бизнинг теннисчилар Ўзбекистонга олтин медаль билан қайтишларига ишонгандим. Аммо, Санжар Файзиев ва Фаррух Дўстовлар ярим финалда ҳиндистонлик рақибларга ютқазиб, якунда иккита бронзани ҳисобимизга қўшиб қўйдилар. Микст баҳсларда эса Файзиев Арина Фольц билан биргаликда бронза эгасига айланди.
Самбо баҳсларида эса Ўзбекистон терма жамоаси олдиндан фаворитлар қаторида эътироф этилганди. Бизнинг спортчилар баҳсларда 17та медални қўлга киритдилар. Шулардан 3таси олтин, 2таси кумуш ва яна 12таси бронза медаллари бўлди.
Кикбоксчиларимиз Ашхободга 13 кишилик таркиб билан жўнаб кетгандилар. Афсуски, якунда уларнинг фақатгина 3 нафари совриндорлар қаторидан ўрин ола билдилар. Финалгача етиб борган спортчиларимиз Жавоҳир Элбоев ва Жаҳонгир Ҳусановлар кумуш, Ҳумоюн Фармонов эса бронза медали билан Ўзбекистонга қайтишди.
3х3 баскетбол баҳсларида ҳам вакилларимиздан медаллар кутмагандик. Лекин, қизларимиз сенсацион тарзда баҳсларда финалгача етиб боришди. Ҳал қилувчи баҳсда ҳам улар тайландлик рақибларига қўшимча вақтлардагина имкониятни бой бериб қўйдилар. Битта кумуш медаль. Ёмон натижа эмас назаримизда.
Осиё ўйинларига 9 нафар спортчи билан борган шахматчиларимиз сафида Жаҳонгир Воҳидов ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалардан совринли ўринлар кутгандик. Афсуски, якунда шахматчиларимиз фақатгина блиц баҳсларида жамоавий ўинларда (Ирина Геворкян ва Нодира Нодиржонова) биргина бронза медалини ҳисобимизга қўшиб қўя олдилар.
Спорт курашлари. Эркин ва юнон-рум курашида терма жамоамиз ўзининг асосий таркиби билан қатнашди. Полвонларимиз турнирда 3та олтин, 1та кумуш ва 7та бронза медалини қўлга киритдилар. Олтин медални қўлга киритган Давид Модзманашвили, Маҳмуджон Шавкатов, Бекзод Абдураҳмонов каби спортчиларимизни алоҳида қайд этиб ўтишимиз лозим. Шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, ушбу ўйинларда Рио Олимпиадаси совриндорлари Ихтиёр Наврўзов ва Елмурат Тасмурадовлардан ҳам олтин медаль кутгандик. Аммо, улар якунда бронза билан кифояландилар.
Футзал терма жамоамиз ҳам Ашхободга ўзининг янгиланган таркиби билан борганди. Бундан сўнг терма жамоамиз асосини айнан шу йигитлар ташкил қиладилар. Футзалчиларимиз турнирда финалгача етиб бордилар. Тўғриси, бу футзал баҳслари учун бироз сенсация бўлди. Тайланд, Япония каби терма жамоалар ярим йўлда қолиб кетди. Бизнинг вакилларимиз эса финалгача бориб, якунда Осиёнинг энг кучли терма жамоаси ҳисобланган Эронга имкониятни бой бериб қўйдилар. Баҳодир Аҳмедов шогирдларининг кумуш медалини ҳам турнирдаги сюрпризлар қаторига қўшсак бўлади.
Турнир якунларига кўра ўзбекистонлик спортчилар умумий ҳисобда 24та олтин, 33та кумуш ва 74та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгалладилар.
Тўлиқ жадвал бу ерда > > > ASHGABAT2017.COM
Шу тариқа Ўзбекистон спорт делегацияси Ашхободдаги ўйинларда медаллар жамғариш борасида комплекс мусобақалардаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди.
Қўшниларимизнинг мусобақани мана шундай юқори савияда ташкил этганликларини кўриб ҳавасимиз келди. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳам келажакда мана шундай нуфузли турнирларга мезбонлик қилади.
Азиз Тўхтамуродов
Фикрлар