11 ноя 17:25
Янгиликлар
Бокс тарихидаги даҳшатли қайтишлар: Муҳаммад Али, Форман, Кличко, Тайсон...
Эҳтимолий вариантлар – Амир Хон, Девис ва Флойд Мейвезер билан реванш жанги.
Биз боксдаги муваффақиятли қайтишларни эслаймиз.
Виталий Кличко
33 ёшида Виталий Кличко WBC чемпиони ва ажойиб рекорд соҳиби эди. 35 ғалаба (34 нокаут) ва 2 мағлубият. У жароҳати сабабли Чрис Бирдга ва Леннокс Льюисга таслим бўлган. 2005 йилда Виталий Ҳасим Раҳмон билан тўқнаш келиши керак эди, бироқ жанг 4 маротаба бекор қилинган. Шундан сўнг, Кличко фаолиятини якунлашини эълон қилди. “Охирги пайтларда рақибларим билан камроқ, жароҳатларим билан кўпроқ жанг қиляпман. Мен боксдаги фаолиятимнинг чўққисида спортни тарк этишга қарор қилдим. Чемпионлик камаримни WBC қўлига топшираман”, деганди ўшанда боксчи.
Аммо орадан 4 йил ўтиб, украиналик боксчи рингга қайтди ва биринчи жангида Самуэль Питерни саккизинчи раундда нокаутга учратиб, WBC камарини қайтариб олди. Ring журнали бу жангни “йил қайтиши” деб номлади. Ўшанда Виталий 37 ёшда эди, у 41 ёшгача бокс билан шуғулланди. Кличко Шеннон Бриггс, Томас Адамек ва Дерек Чисора каби даъвогарларни мағлуб этиб, камарни ҳимоя қилди.
Тайсон Фьюри
Дастлабки 7 йилда Фьюри мунтазам равишда рақибларини “ер тишлатиб” чемпионлик жанги томон юрди. Ортда қолган қийинчиликлардан сўнг 27 ёшида Владимир Кличко билан чемпионлик жангида уни ҳакамларнинг якдил қарори билан енгиб, 3 та камар соҳибига айланди. Реванш жанги келаси йилга режалаштирилган эди, аммо бу вақтга келиб, Тайсон 150 кггача вазнга эга бўлди ва кокаин билан қўлга тушди. “Мен уйғонишни истамайман. Ҳар куни ўламан. Уч фарзандингиз ва бир хотинингиз бор, яшаш яхши, тўғрими?! Лекин мен яшашни хоҳламайман”, деганди ўша пайт “лўлилар қироли”.
Бир йиллик фалокатли ҳаётдан кейин британиялик боксчи рингга қайтиши ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Бунга ишониш қийин эди, бироқ ижтимой тармоқларда унинг залда шуғулланаётганлиги акс этган фотолар пайдо бўлди. 2018 йилга келиб, Фьюри 51 кг вазн ёқотди ва 3 та тайёргарлик жангидан сўнг WBC чемпиони Деонтей Уайлдер билан учрашди. Тайсон яхши жанг ўтказди: унинг тезлиги ва рефлекслари йўқолмаганди. Бу чиқиши орқали “фил одам” янги мухлислар тўплади. Бир йилдан сўнг фаолиятидаги энг яхши формасига кириб, Уайлдерни 7-раундда нокаутга учратиб, яна тенгсиз бўлди.
Муҳаммад Али
Энг машҳур қайтиш ҳикояси! 1967 йилда Али Флойд Паттерсон ва Сонни Листон устидан ғалаба қозониб, 25 ёшида кўп карра чемпион бўлган. Вьетнамда уруш бошланди ва Муҳаммад армияга чақирилади, лекин у виждон туфайли хизмат қилишдан бош тортди. “Ешитинг, мен Ветконг билан урушмаганман. Нега форма кийиб, уйимдан 10 000 мил узоқликқа боришим керак. Нега Веьтнамда буғдойрангли одамларни отиб ташлашим керак? Ваҳоланки, Луисвиллдаги негрларга итдек муносабатда бўлишади”, дея армияни рад қилганди Али.
Бутун мамлакат бўйлаб атлетика комиссиялари дарҳол Алини бокс лицензияси ва чемпионлик мақомидан маҳрум қилди ва судда ҳакамлар хайъати уни мажбуриятидан бўйин товлаганликда айбдор деб топди. Афсона 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бироқ АҚШ олий судида тингловлар бўлиб ўтаётган пайтда у кўплаб университетларда бўлиб, урушга қарши ва қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилди ҳамда тингловчилардан кенг кўламли ёрдам олди. 1970 йилда Атланта атлетика қўмтаси маҳаллий қора танли сиёсатчилар ва фаолларнинг таъсири туфайли Алига бокс лицензиясини қайтариб берди. Муҳаммад уч ярим қилдан сўнг рингга қайтди ва Жерри Каррини уч раундда мағлуб этди. 1971 йилга келиб, Олий суд боксчини оқлади. У карьерасини давом эттирди ва ўша даврнинг энг яхшилари: Жо Фрейзер, Жорж Форман ҳамда Кен Нортон билан жанглар ўтказди.
Жорж Форман
Форманнинг болалиги оғир ўтган. У 15 ёшида мактабни ташлаб, кўчада майда безорилик қилди. 20 ёшида эса профессионал боксчига айланди. Бир йилда 13 та ғалабани (11 нокаут) қўлга киритди. 1973 йилда Жорж мағлубиятсиз Жо Фрейзерни икки раундда 6 маротаба нокдаун ҳолатига тушириб, чемпион бўлади. Кўп ўтмай, Форман Заирда Муҳаммад Алига нокаут билан енгилиб, камарларидан мосуво бўлади. 1977 йилда у Жимми Янгга ютқазиб қўяди. Жангдан сўнг кийиниш хонасида ўзини ёмон ҳис қила бошлайди.
Америкалик боксчи фаолиятини тўхтатиб, кейинги 10 йилни кўчаларда ва черковда ваъз қилиш билан ўтказди. Кейинроқ ёшлар марказини ҳам очди. Вақт ўтиши билан ёшлар марказини сақлаб қолиш учун пул керак эди, шунинг учун Жорж 38 ёшида рингга қайтади. Аввалига у 121 кг вазнга эги эди, бироқ боксчининг зарба кучи йўқолмаганди. Вақт ўтиши билан Форман ўзининг эски формасини тиклашга эришди. Кетма-кет 24 ғалабадан кейин Жорж чемпионлик жангларида Эвандер Холифилд ва Томми Моррисонга ютқазиб қўйди. 1994 йилда эса Майкл Мурремига қарши баҳсда кучли зарбаси билан 10-раундда уни нокаутга учратиб, чемпионликни қўлга киритди. Ўшанда Жорж Форман 45 ёшда эди!
Хорижий сайтлар асосида Хабиб Жўрабоев тайёрлади
Фикрлар