30 июн 20:10
Янгиликлар
Бу қизиқ! Афсонавий Тайсоннинг ажойиб автомобиллари (ФОТО)
У ўз фаолиятининг чўққисига келганида катта гонорарлар оларди.
"Темир Майк" рақиблари билан ўтказган жанглари эвазига 80-, 90-йилларда 200 миллион фунтдан ортиқ маблағ ишлаган.
Лекин шунга қарамай, Тайсон 2003 йилда банкрот бўлганини эълон қилади.
Аммо у пулларини кўкка совуришдан олдин ажойиб автомобиллар коллекциясини тўплаганди.
Лимузин
Тайсон 1985 йилда проф боксда дебют қилган. 19 та ғалабадан сўнг дастлабки тўплаган пулига Cadilac Eldorado сотиб олган.
Орадан вақт ўтиб боксчи яна бир шундай маркадаги машина харид қилади - Cadillac Seville. Ҳозирги кунда бундай автомобилларнинг нархи тахминан 20 минг фунт атрофида бўлади.
Rolls-Royce
1986 йилда Майк Жеймс Смитни мағлуб этиб, WBA камарини қўлга киритади. Ўша ернинг ўзида у Манхэттенга бориб, сотувчидан Rolls-Royce автомобилиниинг нархини сўрайди. Лекин унинг менежери Жим Жейкобс Тайсонни ушбу машинани харид қилмай туришга кўндиради.
Жим боксчидан 21 ёшгача кутишни сўради. Акс ҳолда бундай харидлар унинг бошини айлантириб қўйиши мумкин эди.
Тайсон бунга рози бўлди ва 21 ёшга тўлган куни ўзига 110 минг фунт турадиган Rolls-Royce Silver Spur машинасини совға қилди.
1987 йилда Тони Такер таслим этилиб, IBF камари қўлга киритилгач, у ўз коллекциясига Rolls-Royce Corniche машинасини (150 минг фунт) қўшиб қўйди.
Дон Кинг
Ўша вақтлари Тайсон таниқли промоутер Дон Кинг билан шартнома тузади. Кинг ўз тўрига "йирик лаққа балиқ" илинганини сезиб турарди. У 1988 йилда Майк билан янада яқинлашиш мақсадида Rolls-Royce қора лимузини ва Corniche автомобилларини совға қилади.
Шу тариқа, 22 ёшли Тайсоннинг ҳисобида Rolls-Royce'лар сони тўрттага етганди.
Mercedes-Benz ва Тупак
90-йилларга келиб Тайсон шоу-бизнесдагилар билан алоқа ўрната бошлади. У шовқинли голливуд кечаларига ташриф буюрарди, машҳурлигидан завқ оларди.
Унинг янги дўстларидан бири Тупак Шакур Тайсонни яна бир йирик харидни амалга оширишга ундади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, машҳур рэпер боксчига ўзининг оқ рангли Mercedes-Benz SL-Class 560SL машинасини сотди.
Орадан бир неча ой ўтиб Тайсон кутилмаганда Жеймс Дугласга ютқазиб қўйди. Шундан сўнг у бироз кўнглини кўтариш мақсадида Mercedes-Benz 500 SL машинасини сотиб олди.
Машина салонининг ичида ўша пайт учун шов-шувли бўлган восита - мобил телефони ҳам бор эди.
Ва албатта Ferrari!
90-йиллар бошланиши Тайсон учун омадсиз келди. Дугласдан учралган мағлубият камлик қилганидек, Майкни зўравонликда айблаб қамаб қўйишди. Боксчи уч йилдан сўнг озодликка чиқди ва тезда WBC камарини қўлга киритди.
Энди у эътиборини Ferrari машиналарига қаратишни маъқул кўрди. 1995 йилда у бирданига иккита суперкар - F50 ва 456 GT Spyder машиналарини сотиб олди.
Қизиғи шундаки, итальян фирмаси бундай GT Spyder машинасини бор-йўғи икки дона чиқарган. Иккинчи машинани Бруней султони буюртма қилганди.
Тайсон Ferrari'лардан бирини тезда дабдала қилди - у мини-маркетлардан бирига бориб урилди.
Lamborghini ва Bentley
1996 йилда Майк ўзининг биринчи Lamborghini машинасини - сариқ рангли Super Diablo Twin Turbo автомобилини сотиб олди. Ўшанда Тайсон ушбу машинани дўсти Тупакнинг ўлимидан ўзини бироз чалғитиш учун сотиб олганлиги ҳақида гап-сўзлар чиққанди.
Кейинроқ эса Тайсон Bentley Continental T номли "тойчоқ"ни ўзиники қилиб олди.
2000 йилда эса у ўз коллекциясига Lamborghini Diablo VT ва Jaguar XJ220 автомобилларини қўшиб қўйди.
У шунингдек Bentley Continental SC машинасига 380 минг фунт стерлинг сарфлади. Бундай машиналар дунё бўйлаб 73 дона чиқарилганди.
Қайғули якун
Вақти келиб Тайсоннинг боксчилик фаолияти пастга қулай бошлади. Аммо шунга қарамай у шоҳона ҳаёт кечирарди ва пулларни олди-ортига қарамай сарфлашда давом этди. 2003 йилга келиб эса у ўзини банкрот деб эълон қилганида кўпчилик ҳайрон бўлгани йўқ.
Афсуски, Тайсон автомобиллар коллекциясини ўзида сақлаб қола олмади. Автомобилларнинг баъзилари коллекционерлар, яна бир нечаси музейларга йўл олди.
Фикрлар