05 дек 13:00
Янгиликлар
Бугун ЖЧ-2026 қуръаси. Ўзбекистонга кимлар рақиб бўлади?
АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган "The Kennedy Center" мажмусида бўлиб ўтадиган катта тадбир давомида Ўзбекистон терма жамоаси қайси гуруҳга тушиши ва кимлар рақиб бўлишини билиб оламиз.
Жаҳон чемпионати қуръаси жаҳон чемпионати ўйинлари каби катта воқеа ҳисобланади. Дунё бўйлаб миллиарддан зиёд аҳоли ушбу маросимни интиқлик билан кутмоқда. Юртимизда ҳам миллионлаб мухлислар қуръа натижаларини кутаётгани бор гап. Балки аввалги қуръаларда бу қадар катта сабрсизлик бўлмагандир, лекин эндиликда бошқача нигоҳ билан қарши оламиз. Чунки тарихда биринчи бор Ўзбекистон делегацияси ҳам қуръа жараёнида иштирок этади ва келаси йил бўлиб ўтадиган мундиалда миллий терма жамоамиз ҳам тўп тепади.

Иштирокчилар кенгайди
Тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионатида ўйнайдиган жамоалар сони 16 тага оширилиб, 32 тадан 48 тага етказилди. Бу ҳам дунё футболи учун катта воқелик бўлди. Ҳозирги пайтга келиб мундиалга чиққан 42 та терма жамоа номи маълум (бугун шу жамоалар вакиллари қуръада иштирок этади) бўлиб, қолган 6та жамоа номи келаси йилнинг март ойида аниқ бўлади.

Қуръага кимлар таклиф қилинган?
Айтиб ўтганимиздек, ҳозирги пайтга келиб 48 та жамоадан 42 таси маълум ва Жаҳон чемпионатига чиққан ҳар бир юртнинг футболга алоқадор катта делегацияси АҚШдаги тадбирга таклиф қилинган. Бугунги қуръада иштирок этадиган жамоалар қуйидагилардан иборат.
Мусобақа мезбонлари: АҚШ, Канада, Мексика.
Осиё: Австралия, Эрон, Япония, Иордания, Жанубий Корея, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон.
Африка: Жазоир, Кабо Верде, Кот-Д'Ивуар, Миср, Гана, Марокаш, Сенегал, ЖАР, Тунис.
КОНКАКАФ: Кюрасао, Гаити, Панама.
Жанубий Америка: Аргентина, Бразилия, Колумбия, Эквадор, Парагвай, Уругвай.
Океания: Янги Зеландия.
Европа: Австрия, Бельгия, Хорватия, Англия, Франция, Германия, Нидерландия, Норвегия, Португалия, Шотландия, Испания, Швейцария.
Қолган олтита жамоа
ЖЧ-2026 да иштирок этадиган 48 та жамоадан 6 таси ҳали маълум эмас. Шундан тўрттаси келаси йил баҳорда ўтказиладиган УЕФА плей-офф баҳсларидан сўнг маълум бўлади. Плей-офф баҳсларида 16 та терма жамоа қатнашади: Албания, Босния ва Герцеговина, Чехия, Дания, Италия, Косова, Шимолий Ирландия, Шимолий Македония, Польша, Ирландия, Руминия, Словакия, Швеция, Туркия, Украина ва Уэльс.
Қолган иккита жамоа номи қитъалараро плей-офф ўйинларидан сўнг аниқ бўлади. Халқаро плей-офф учрашувларида 6 та жамоа иштирок этади: Боливия, Конго, Ироқ, Ямайка, Янги Каледония ва Суринам.

Қуръа ва саватлар
Жаҳон чемпионатида 48 та жамоанинг иштирок этиши ўз-ўзидан ўйинлар сони кўпайишига олиб келади. Келаси йилнинг 11 июнида старт олиб, 19 июлга қадар давом этадиган мундиалда мухлислар жами 104 та учрашув гувоҳи бўлишади.
Бугун бўлиб ўтадиган қуръа жараёнидан олдин терма жамоалар 4та саватга ажратиб чиқилган. Шуни айтиб ўтиш лозим, мусобақанинг учта мезбони автомат тарзда гуруҳлардан жой олган: Мексика - A1, Канада - B1, АҚШ - D1.
Саватларнинг тўлиқ кўриниши қуйидагича:
1-сават: АҚШ, Мексика, Канада, Испания, Аргентина, Франция, Англия, Бразилия, Португалия, Нидерландия, Бельгия, Германия.
2-сават: Хорватия, Марокаш, Колумбия, Уругвай, Швейцария, Япония, Сенегал, Эрон, Жанубий Корея, Эквадор, Австрия, Австралия.
3-сават: Норвегия, Панама, Миср, Жазоир, Шотландия, Парагвай, Тунис, Кот-Д'Ивуар, ЎЗБЕКИСТОН, Қатар, Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси.
4-сават: Иордания, Кабо Верде, Гана, Кюрасао, Гаити, Янги Зеландия, Европа плей-офф A, B, C, D, Халқаро плей-офф 1 ва 2.
Мусобақа форматига кўра, 48 та терма жамоа тўрттадан 12 гуруҳга бўлинади. Гуруҳлар A дан L гача бўлади. Гуруҳ ўйинлари якунига етгач, 1-2 ўринлар билан биргаликда энг яхши 3-ўрин эгаларидан 8 таси - жами 32 та жамоа кейинги босқичга йўл олади. Бу дегани биринчи босқичдан сўнг фақат 16 та жамоа ортга қайтади.

Қуръа қандай бўлади?
Энди энг асосий масалага келсак. Қуръа тартибига кўра, ҳар бир саватдан навбати билан тўлиқ жамоалар олинади. Жаҳон чемпионатининг учала мезбони қайси гуруҳларга тушиши маълум эканини юқорида келтириб ўтдик. Катта турнирлар олдидан ФИФАнинг асосий ёзилмаган қоидаси бор ва доим шунга амал қилиб келади: яъни, битта қитъа вакилларини бир гуруҳга туширмаслик. Фақат Европа бундан мустасно бўлиб, УЕФАга 16 та ўрин берилган.
Бугунги қуръа маросимида АҚШ кўк рангли шар, Мексика яшил, Канада эса қизил рангли шарда бўлади. Қолган барча шарлар оқ рангда бўлади. Мусобақага бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ФИФА рейтингдаги энг кучли тўртта жамоани қарама-қарши сеткага қўяди. Бу дегани Испания ва Аргентина ҳамда Франция ва Англия токи финалга қадар бир-бирига тўқнаш келмайди.

Қуръа аввалига мезбон жамоаларни учта гуруҳга ажратиб, 1-саватдаги жамоаларни гуруҳларга бўлиш билан бошланади. 1-саватдаги жамоалар тўлиқ гуруҳларга жойлаштирилгач, кейин 2-саватга ўтилади. Худди шу тартибда 3 ва 4-саватларга навбат келади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3-саватдан жой олгани учун бизга шу саватдаги жамоалар рақиб бўлмайди. Шунингдек, иккинчи саватдан Япония, Жанубий Корея, Эрон каби қитъадошларимиз ҳам тушмаслиги аниқ. Бу дегани бошқа қитъа вакиллари бизга рақиб бўлади. Гуруҳда кимлар рақиб бўлишини истаганча башорат қилишингиз мумкин.
Хайрулла Холиқов тайёрлади
Фикрлар