19 окт 14:44
Янгиликлар
Диёра Келдиёрова: "Энди мутлақо бошқа, янги Диёраман!"
Мусобақадан сўнг у спортга қайтиши, ҳозирги ҳолати ва оналик ҳақида фикр билдирди.
"Очиғини айтсам, Париж Олимпиадасидан олдинги спорт формамга тўлиқ қайтдим деб айта олмайман. Ўшанда мен бошқача эдим. Ҳозир мен мутлақо бошқа, янги Диёраман — она сифатида янада назокатлиман. Шунга қарамай, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман", — деди Келдиёрова.
Спортчи ҳозир натижадан ташқари дзюдодан завқ олиш ҳам муҳим эканини таъкидлади.
"Шунчаки дзюдодан завқ олишни истайман. Мен дзюдони яхши кўраман, у билан яшайман ва ўз ишимдан қанчалик завқ олаётганим мен учун жуда муҳим", — деди у.
Келдиёрова оналик ҳаётидаги ўзгаришларга ҳам тўхталди.
"Қизим учун энг муҳими — мен унинг ёнида бўлишим, уни бағримга босишим. Унга фақат она керак. Ҳозирча у менинг қандай спортчи эканлигимни тушунмайди. Эҳтимол, вақти келиб буларнинг барчасини англаб етар", — дея қўшимча қилди дзюдочи.
17 октябрь куни Ақтау шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда -52 кг вазн тоифасида қатнашган Келдиёрова барча рақибларини иппон баҳоси билан мағлуб этди. Финалда у озарбайжонлик Фарида Мирзаева устидан ғалаба қозонди. Олтин медаль Келдиёровага жаҳон рейтинги учун 100 очко тақдим этди.
Дзюдочи 2024 йилги Париж Олимпиадасида -52 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритганидан сўнг фарзандли бўлгани сабабли йирик турнирларда иштирок этмаётган эди.

Фикрлар