25 авг 08:51
Янгиликлар

Дзюдочиларимиз ЖЧни муваффақиятли бошлашди
Бироз аввал -60 килограмм вазн тоифасида икки нафар ҳамюртимиз ўз беллашувини ўтказишди.
Қуръага кўра, иккинчи даврадан беллашувга киришган Шарофиддин Лутфиллаев Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида қатнашаётган Муҳаммад Рашнонезхадни, Диёрбек Ўрозбоев эса америкалик Адонис Диасни қийинчиликсиз мағлуб этди. Учинчи даврада энди Шарофиддинга қувайтлик Омар Алсуфайри, Диёрбекка эса чехиялик Давид Пулкрабек рақиблик қилади.
Эътиборлиси, айни пайтда жаҳон рейтингини бошқариб бораётган ва мусобақанинг биринчи рақами остида сараланган россиялик Роберт Мшвидобадзе кутилмаганда иккинчи даврада Хитой Таипейи вакили Юнг Веи Янгга мағлуб бўлиб, мусобақа билан эрта хайрлашди. Қуръа натижасига кўра мутахассислар тўртинчи даврада Ўрозбоев ва Мшвидобадзе жуфтлигини тахмин қилишаётган эди.
Кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Япониядаги Ўзбекистон ёшлари Ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзолангани ҳақида маълум қилган эдик. Айни пайтда беллашувлар ўтаётган «Nippon Budokan» аренасида кўп сонли ёшларимиз ўзбекистонлик дзюдочиларни қўллаб-қувватлаш учун жам бўлишган.
Фикрлар