25 сен 08:59
Янгиликлар
Фазлиддин Ғоибназаров Шаҳрам Ғиёсовга: “Мен сени ўлдираман!”
Тадбирда Рио Олимпиадасининг кумуш медали совриндори, жаҳон чемпиони Ўзбекистон ёшлари олдида ўз ҳаёти ва спортдаги фаолияти ҳақида гапириб берди. Шаҳрам суҳбат чоғида айнан Олимпиада лицензиясига эга чиқиш учун Фазлиддин Ғоибназаров билан бўлган баҳсга тўхталиб ўтди.
“2014 йил Ўзбекистон чемпионатида кутилмаганда -64 кг вазн тоифасида ўз қадрдоним, акам деб билган инсон Фазлиддин Ғоибназаров билан чемпионлик, шу билан бирга терма жамоадаги биринчи ўрин учун финалда баҳс олиб боришимизга тўғри келиб қолди. Финалдан бир кун олдин Фазлиддин ака мени ёнига чақириб, энди нима қиламиз деган саволни ўртага ташлади. Шунда, ким кучли бўлса, ўша ғолибликни қўлга киритади деб келишдик. Бундан олдин бир-биримизга қарши жанг қилиш ҳақида ҳечам ўйлаб ҳам кўрмаган эдик.
Финал жанги куни рингга чиқиб жиддий бўлиш ўрнига икковимиз ҳам бир-биримизга қараб кулганимиз-кулган эди. Ҳакам олдига яқинлашгач, Фазлиддин Ғоибназаров менга қараб, форс тилида сени ўлдираман деди. Шунда мен ҳам, у ҳам кулиб юбордик. Баҳс 2:1 ҳисобида унинг устунлиги билан якунланди. Ўша пайтда хатто боксни ташлаб кетишга ҳам тайёр бўлганман. Лекин бахтимга -69 кг вазнга кўтарилиб, Рио Олимпиадаси йўлланмаси учун курашиш имконияти юзага келиб қолган", - деди Шаҳрам Ғиёсов.
Шаҳрам Ғиёсовнинг сўзларига кўра, у ўзбек боксчилари орасида айнан Фазлиддин Ғоибназаров билан жуда ҳам мустаҳкам дўстлик ришталарига эга. Нима ҳам дердик, дўстлигингизга кўз тегмасин!
Ислом Охунов тайёрлади
Фикрлар