UZ

Сўнгги янгиликлар

12:58Хабиб Шон-Шараф залига киритилганидан сўнг, илк бор пост қолдирди 0 12:36Емельяненко экспертларнинг фикри билан қизиқмоқда + ВИДЕО 0 12:15Фергюсонни "ухлатган" Чендлер Масвидални жангга чорлади 0 11:51Салоҳ "Ливерпуль" тарихидаги рекорд маошга эга бўлди 0 11:28Хабиб: "Бой бўлиб, ҳамма нарса сотиб олиш учун чемпион бўлмоқчи эдим" 0 11:0233 мамлакат спорт вазирлари Россия ва Беларусни мусобақалардан четлатиш керак деб ҳисоблайди 0 10:39Петр Ян Шон O'Мэллининг чорловига жавоб қайтарди 0 10:17Расман: “Барселона” 2 футболчи билан хайрлашди 0 09:55Исраэль Адесанья: "Бу жанг катта пул келтиради" 0 09:33"Уимблдон". Ник Киргиосга катта жарима солинди 0 09:11UFC 276. Чемпионлик жанги иштирокчилари face-to-face маросимида иштирок этишди + ФОТО 0 08:50Неймарнинг ПСЖ билан шартномаси 2027 йилгача узайди 0 08:26Octagon 32. Марказий жангда ўзбек спортчиси мезбонга қарши жанг қилди + ВИДЕО 0 08:12Жокович "Уимблдон"даги юришини давом эттирмоқда 0 07:42Александр Усик: "Жошуа мени нокаут қиламан деб ўйласин" 0

29 апр 18:40
Янгиликлар

Теннис, Футбол, Қизиқарли!

Федерер, Надаль, Жокович қайси футбол клубига мухлислик қилади ёҳуд клубларнинг энг машҳур мухлислари

Дунёда футболни ёқтирмайдиган инсонлар камчиликни ташкил қилади.

Жаҳоннинг энг машҳур спортчилари ҳам футболнинг шайдоси эканлиги ажабланарли эмас. Сайёрамизнинг энг кучли теннисчилари қайси футбол клубига мухлислик қилишларини биласизми? Биз сизга "Кучли учлик" ва жаҳоннинг энг машҳур теннис юлдузларининг севимли жамоалари номини маълум қиламиз. Рўйхатни ўз рекордларини ўзи янгилаётган теннисчи Рафаэль Надалдан бошлаймиз. 


Рафаэль Надаль (Испания)

Севимли клуби: "Реал Мадрид"

"Катта Дубулға" турнирларининг 21 карра чемпиони, испаниялик Рафаэль Надаль "Реал Мадрид" клуби мухлиси эканлиги кўпчиликка маълум. У болалигидан "Қироллик клуби"нинг ашаддий мухлиси бўлиб келган. Теннисчи "Реал"нинг кўплаб юлдузлари билан яқин дўст. У севимли жамоаси иштирокидаги барча муҳим ўйинларда "Сантяго Бернабэу"дан туриб қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, клубдаги дўстлари ҳам Рафани ўйинларини кўллаш учун турнирларга ташриф буюриб туришади. Биргина мисол, "Реал" футболчилари 2019 йилда теннис бўйича Mutua Open турнирида Рафани кортнинг ўзидан қўллаб-қувватлашган. Ўшанда у ерда Лука Модрич, Серхио Рамос, Кейлор Навасни ва хатто афсонавий Роналдони учратиш мумкин эди. Шунингдек, Криштиано Роналдо "Қироллик клуби"да тўп тепган вақтларида ҳар йили дўстини қўллаш учун кортга ташриф буюрарди. Бундан ташқари Флоринтина Перес ҳам Надалнинг ўйинларини бир неча маротаба аренадан кузатиб борган.

"Реал Мадрид" ва Рафа ўртасидаги илиқ муносабатнинг яна бир исботи сифатида унинг клуб президенти Флорентино Перес билан алоқаларини айтиш мумкин. Флорентино Перес Надални ҳурмат қилишини ва Рафа ҳар доим уни лол қолдиришини таъкидлайди. Перес 2019 йилда келажакда Надаль "Реал Мадрид"нинг президенти бўлишига ишонишини айтган. "Қаймоқранглилар" раҳбари Надални нафақат клубнинг энг яхши элчиларидан бири деб билади, балки уни ўзининг вориси сифатида ҳам кўради: “Мен Надални барча даврларнинг энг яхши испаниялик спортчиси деб биламан. Бунинг сабаби у "Реал Мадрид"га мухлислик қилгани учун эмас унинг хизматлари катта ва ҳурматга лойиқлигида. Мен келажакда Надаль "Реал" президенти бўлишига ишонаман"-деганди Перес.

Шунингдек, Надаль 2011 йилда Мадрид жамоасининг фахрий президенти бўлганди. Орадан бир неча йиллар ўтганидан сўнг Надални балки "Қироллик клуби" президенти сифатида кўрармиз. 


Рожер Федерер (Швейцария)

Севимли клуби "Базель"

"Улкан Тож" туркумидаги турнирларнинг 20 карра чемпиони Рожер Федерер "Базель" футбол клубининг энг машҳур мухлисидир. У болалигиданоқ ўз шаҳри жамоасини қўллаб-қувватлаб келади. Федерер севимли жамоасининг ўйинларида ҳис-туйғуларини яшира олмайди. У учрашувларни асабий ҳолатда томоша қилади ва кўп бақиради. Рожер севимли жамоасининг футбол ўйинларида ўзини яна боладек ҳис қилишини тан олган.

Федерер "Базел"нинг ўйинларини томоша қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида тез-тез стадионга ташриф буюради. У интевьюларидан бирида агар теннисчи бўлмаганида футболчи бўлишини таъкидлаган.


Новак Жокович (Сербия)

Севимли клуби: "Милан" (Италия)

"Катта Дубулға" турнирларининг 20 карра чемпиони сербиялик Новак Жокович Италия клубига мухлислик қилади. Болалигида теннисчининг отаси бир куни бутун оилани телевизор қаршисига йиғди ва оила футбол томоша қилишди. Новакнинг акалари "Милан"га мухлислик қилишарди ва уни ҳам жамоага мухлислик қилишга амалда мажбур қилишди. Жоковичга бундай қарашлар ёқди ва шу билан у итальян клубига меҳр қўйди. Клубга бўлган муҳаббат кейинчалик сўниб қолмади ва у “россонерилар”ларнинг ашаддий фанатига айланди. Шундан сўнг, у тез-тез ўйинларга ташриф буюрадиган бўлди, "Милан" эса одатда теннисчи борган ўйинларда мағлуб бўлмайди. 

Новак шунингдек, Сербиянинг "Црвена Звезда" ва Португалиянинг "Бенфика" жамоаларини ҳам кузатиб боради ва қўллаб-қувватлайди.

2014 йилнинг 30 декабрида Жокович "Dubai Football Challenge" доирасида бўлиб ўтган  "Милан" ва "Реал Мадрид" ўртасидаги ўйинда иштирок этиб, тўпни ўйинга киритиб берган.


Энди Маррей (Буюк Британия)

Севимли клуби: "Хайберниан" (Шотландия) 

Жаҳоннинг собиқ биринчи ракеткаси Энди Маррей ҳақиқий британияликлар каби футболни яхши кўради. У акаси Жейми сингари Шотландиянинг "Хaйберниан" клубига мухлислик қилади. Уларнинг бобоси бир вақтлар шу клубда ўйнаган. Энди ҳам футбол билан шуғулланган. Фақат у 15 ёшигача футбол ўйнаган.

"Ёшлигимда жуда кўп футбол ўйнаганман, лекин 14-15 ёшимда теннис ёки футбол ўртасида танлов қилишимга тўғри келди. Иккаласини ҳам давом эттириш, иккаласига ҳам етарлича вақт ажратиш қийин эди. Лекин футболда мен соғинадиган нарсалар кўп",-дея эслайди теннисчи.

Маррей севимли клубини доим ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Тенисчи 2018 йилда "Хиберниан" футбол клуби академиясига ҳомийлик қилишини маълум қилди.

"Бобом ўз вақтида шу клуб сафида тўп тепган. Оила аъзоларимиз эса жамоага мухлислик қилишади. Шундан келиб чиқиб мен ҳам "Хайберниан"га ёрдам бермоқчиман. Менга клуб инфратузилмаси, у ерда ишлайдиган инсонлар ёқади. Янги истеъдодларнинг кашф этилишига ҳисса қўшишдан бахтиёр бўламан", - деганди Маррей.

Маррей шунингдек, 2015 йили Жозе Моурино билан тушган суратини Instagram саҳифасига жойлаганди.


Доминик Тим (Австрия)

Севимли клуби: "Челси" (Англия)

Жаҳоннинг собиқ учинчи ракеткаси Доминик Тим Лондоннинг "Челси" клуби ашаддий мухлисидирАвстриялик теннисчи дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, севимли жамоасининг барча ўйинларини кузатиб боришга ҳаракат қилади. У инглиз клубининг турли хил атрибутларини йиғишни яхши кўради: шарфлар, шляпалар, футболчиларнинг формалари. У "Челси" формасига ўз исми ёздирилган формасини Instagram саҳифасига ҳам жойлаган. Тим ўзини "Тимино" деб атайди. Айнан шу лақабни у "Челси" либосига ёздирган.

“Футбол мен учун иштиёқ. "Челси"нинг ўйинларини ўтказиб юборсам ўзимдан жуда хафа бўламан",-деган Тим интервьюларининг бирида.


Томаш Бердих (Чехия)

Севимли клуби: "Манчестер Юнайтед" (Англия)

Чехиялик теннисчида севимли клуби рамзи туширилган қимматбаҳо соатлар тўплами мавжуд. У "Манчестер Юнайтед"нинг мухлиси. Теннисчи "Юнайтед"нинг ўйинларини клуб формасини кийган ҳолда томоша қилади. Томас ўзини "Манчестер Юнайтед"нинг ашаддий мухлиси деб атайди. У кўплаб футболчилар билан таниш. Бердих 2013 йилги "Уэмбли"да бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси финалидаги "Барселона"га қарши ўйинни ўзи иштирок этган энг муҳим баҳс деб ҳисобайди. 

“Биз фақат телевизорда футболчиларнинг ўйинларини кўришимиз мумкин. Стадионда томоша қилишга эса вақтимиз кам. Футболчилар билан учрашиш, суҳбатлашиш ва эсдалик совғаларини алмашиш жуда ёқимли. Бу жуда ажойиб",-дея хотирлайди Томаш севимли жамоасининг футбочилари билан учрашувдан сўнг.


Даниил Медведев (Россия)

Севимли клуби: "Бавария"

Жаҳоннинг иккинчи ракеткаси, россиялик Даниил Медведев Германиянинг "Бавария" клубига мухлислик қилади. 

“Мен 12 ёшлигимда футбол ва "Бавария"ни севиб қолганман. Ҳозиргача мен Мюнхен клубининг ҳар бир ўйинини қолдирмай кузатиб бораман. Вақтим бўлса, ўйинларни онлайн томоша қилишга ҳаракат қиламан. Менинг севимли футболчимга келсак - бу, Левандовски. У мени ҳайратда қолдиради. Бугун биз ўйинчиларни Инстаграмда кузатиб бориш ва улар нима қилаётганини кўриш имконига эгамиз. Мен Левандовскини жисмоний формаси учун янада қаттиқ ҳурмат қиламан. Мен теннисда ҳам худди шундай ёндашувга амал қилишга ҳаракат қиламан. Криштиану Роналду бунга яна бир мисол", - деганди Медведев ўтган йили унинг севимли футбол клуби қайси эканлиги сўрашганида.

2020 йили мавсумнинг сўнги турнири ATP Finаls'даги Даниил Медведевнинг ғалабасидан сўнг "Бавария" клуби ўз Twitter саҳифасида теннисчини чемпионлик билан табриклаб, пост жойлаштирди. 


Хуршида Абдикулова тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг