29 дек 09:14
Янгиликлар
Жошуанинг қулаши, Ковалёвдан камбек, чемпион Пакьяо ва йилнинг энг қизиқарли ТОП-7 жанги ва бошқалар
Эътиборингизга йилнинг энг қизиқарли ТОП-7 жангини ҳавла қиламиз.
7. Сауль Альварес – Дэниел Жейкобс
Сауль Геннадий Головкинни мағлуб этганидан сўнг ўрта вазн тоифасида унга рақиб қолмагандек эди. Лекин мексикаликка IBF камари соҳиби Дэниел Жейкобс “вызов” ташлади. Канело эса иккиланмасдан бу жангга розилигини берди. Жанг 4 май куни бўлиб ўтди. Ушбу баҳс бошида Жейкобс рақибига нисбатан анча яхши ҳаракат қилди. Унинг ҳаракатларидан жангни иложи борича тезроқ якунлаш ниятида эканлиги кўринган эди. Аммо, жангнинг иккинчи қисмида мексикалик ўз устунлигини кўрсатди ва бирин-кетин рақибига кучли зарбалар йўллади. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳс тўлиқ ўн икки раунд давом этди. Сауль ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди.
6. Энтони Жошуа – Энди Руис
Йилнинг энг кутилмаган натижаси 2019 йилнинг 1 июнь санасида рўй берди. Мағлубият нималигини билмай келган Энтони Жошуа дўмбоқ мексикалик Энди Руисга қарши рингга кўтарилди. Жангнинг бошланиши кутилганидек Энтонининг босими остида ўтди. Учинчи раундда Энтони рақибини нокдаун ҳолатига ҳам туширди ва барчаси кўнгилдагидек кетаётгандек эди, лекин... Учинчи раунднинг ўзидаёқ Жошуа икки марта нокдаун ҳолатига тушди. Еттинчи раундда эса бутунлай таслим бўлди. Шу тариқа сникерс шоколадлар ишқибози кутилмаганда тўртта камар соҳибига айланди.
5. Мэнни Пакьяо – Кит Турман
2019 йил. 20 июль. Лас-Вегас. Узоқ кутилган бокс кечаси. Оқшомнинг марказий жангида афсонавий Мэнни Пакьяо WBА камари соҳиби Кит Турманга қарши рингга кўтарилди. Жангдан аввал кўпчилик мутахассислар ва мухлислар Турманнинг ғалабасини башорат қилишди. Аммо, Мэнни барча башоратларни йўққа чиқарди. У жангни бошидан то охирига қадар рингда биринчи рақамли боксчи бўлиб ҳаракат қилди. 40 ёш бўлишига қарамай ўзидан анча ёш ва тетик рақибидан анча кучлироқ кўринди. Ҳар бир раундда Пакьяо ўз устунлигини намойиш этди. Америкалик жанг давомида нималарнидир ўзгартиришга ҳаракат қилди, лекин барчасини Мэнни барбод қилди. Тўлиқ ўн икки раунд давом этган баҳсда ҳакамлар ғалабани филиппинлик боксчига тақдим этишди. Шу тариқа, Мэнни Пакьяо яна бир бор жаҳон чемпионига айланди.
4. Сергей Ковалёв – Энтони Ярд
Ёзнинг сўнгги кунларида Россияда навбатдаги чемпионлик жанги бўлиб ўтди. Оқшомнинг марказий жангида ярим оғир вазн тоифасида WBO камари соҳиби Сергей Ковалев Энтони Ярдга қарши рингга кўтарилди. Жангнинг бошида Сергей анча ишончли ҳаракат қилди, Ярднинг ҳаракатларидан бироз эҳтиёткорликни кўриш мумкин эди. Учинчи раунддан сўнг Ярд рингга ва рақибга анча мослашди. У бирин-кетин кучли зарбалар беришда давом этди. Жангнинг саккизинчи раунди россиялик учун якун бўлиши мумкин эди. Лекин Сергей йиқилмади. Жанг борган сари Ярднинг ғалабаси томон кетаётган эди. Лекин кутилмаганда жангнинг ўн биринчи раундида Ковалёв рақибига дахшатли зарба йўллади, бу эса Ярдни рингга қулашига етарли бўлди.
3. Геннадий Головкин – Сергей Деревянченко
Октябрь ойида ўрта вазн тоифасида вакант бўлиб турган IBF камари учун қозоғистонлик собиқ чемпион Геннадий Головкин украиналик Сергей Деревянченкога қарши рингга чиқди. Собиқ чемпион жангни анча ишончли бошлади ва рақибига бир нечта кучли зарбалар йўллади. Лекин жангнинг иккинчи қисмида Сергей рақибига нисбатан кўпроқ ва кучлироқ зарбалар беришни бошлади. Деревянченко Геннадийнинг танасининг барча қисмларига кучли зарбалар йўллади. Кўпчилик жангда Сергей Деревянченко ғалаба қозонган деб ўйлаган бир вақтда, ҳакамлар кутилмаганда Геннадийнинг ғалабасини эълон қилишди. Шу тариқа, Геннадий Головкин IBF камарига эга бўлди. Лекин ҳали ҳам ҳакамларнинг чиқарган натижасидан жуда кўпчилик мутахассислар норози.
2. Наоя Иноуэ – Нонито Донэйр
7 ноябрь куни Японияда Суперсериянинг финал жанги бўлиб ўтди. Финалда Наоя Иноуэ Нонито Донэрга қарши рингга кўтарилди. Жанг аутсайдери сўзсиз Нонито Донэр эди. Жангнинг бошидан Наоя рақибини янчиб ташлашни бошлади. Лекин қария йиқилмади. У рақибига қарши мардонавор жанг қилишни бошлади. Нонитонинг кучи ўнинчи раундга келганда деярли қолмади. Ўн биринчи раундда эса япониялик боксчи рақибини нокаут қилиш ҳам мумкин эди, аммо буни уддалай олмади. Жанг тўлиқ ўн икки раунд давом этди. Баҳсда Иноуэ ҳакамларнинг қарори эвазига ғалаба қозонди.
1. Артур Бетербиев – Александр Гвоздик
18 октябрь санасида жуда узоқ кутилган бокс оқшоми бўлиб ўтди. Кечанинг марказий жангида ярим оғир вазн тоифасида WBC ҳамда IBF чемпионлари Артур Бетербиев ва Александр Гвоздик рингга чиқишди. Жанг аввалида жуда кўпчилик украиналикнинг ғалабасини тахмин қилди. Гвоздик ҳам бу тахминларни оқлаш мақсадида жангнинг бошидан устунликка эга бўлишга ҳаракат қилди. Аммо, Артур унинг барча ҳаракатларига чап беришни уддалади. Баҳснинг дастлабки қисмида кучлар тенг келди. Лекин иккинчи ярмидан бошлаб Александрда чарчоқ аломатлари сезила бошлади. Гвоздик тўққизинчи раундда анча кучсизланиб қолди. Унинг энди бош мақсади жангни тўлиқ ўтказиш бўлиб қолди. Бироқ бунга Артур рози эмас эди. Ўнинчи раундда Гвоздикнинг тана қисмига бир нечта кучли зарбалар йўлланди. У бир раунднинг ўзида уч марта нокдаун ҳолатига тушди, буни кўрган ҳакам эса жангни тўхташига қарор қилди.
Сизнингча яна қайси жанглар ТОП еттиликка кириши мумкин эди?
Фикрлар