10 фев 18:42
Янгиликлар
КАТТА ИНТЕРВЬЮ: Жўрабек Каримов АҚШдаги ҳаёти, катта теннисга қайтиш, айни дамдаги ўзбек тенниси ва яна кўплаб мавзулар ҳақида
Ёшлар ўртасида "Катта Дубулға" сирасига куривчи АҚШ очиқ чемпионати ғолиби (2015), Австралия Очиқ чемпионати иккинчи ўрин соҳиби (2016), "Уимблдон" мусобақаси чорак финалчиси Жўрабек Каримов бир пайтлар ўзбек теннисининг келажаги бўлиши кутилган, аммо эътиборнинг сустлиги, мусобақаларнинг камайиб кетиши ҳамда бир қанча тушунмовчиликлар сабаб ҳамюртимиз чет элга кетишга мажбур бўлади.
Ҳатто ҳозир ҳам Жўрабекдан ўзбекистонлик теннис мухлислари нимадир кутишади, унинг "умид учқуни" эканига ишонишади. Теннисчимиз 2021 йилдан буён АҚШда истиқомат қилади. У катта теннисдаги фаолиятини тўхтатиб, университетда таҳсил олмоқда. Жўрабек Каримовнинг АҚШдаги ҳаёти ва университети ҳақида, профессионал тарзда яна катта теннисга қайтадими ёки йўқ, Ўзбекистон учун яна мусобақаларда иштирок этадими, теннис федерацияси билан ўртасида тушунмовчиликлар юзага келганми ёки йўқ, ўзбекистонлик теннисчилар билан муносабати қандай, шу каби саволларга журналист Диёрбек Мавлонов ташкил этган интервью орқали жавоб олишингиз мумкин.
— Жўрабек ака кўпчилик сизнинг Ўзбекистон термасидаги ўйинларингиз, ёшлар ўртасидаги Australian Open мусобақасидаги муваффақиятли иштирокларингиз орқали яхши эслайди. Аммо икки йилдирки, теннис мухлислари сизнинг ўйинингизни соғинишади. АҚШга кетиш варианти сизда бирданига пайдо бўлганми ёки бу аввалдан ўйланганмиди? Сизнинг АҚШга кетишингиз ҳақида ҳатто матбуотда ҳам маълумот деярли йўқ.
АҚШга кетиш. Бу фикр менда 2020 йили Америкада кўргазмали мусобақаларда ўйнаб юрган кезларимда мийямга келган. Яқин ўртоқларимдан бири бу фикрни шунчаки таклиф сифатида айтиб кўрган. Нега мана шундай коллежда ўйнаб кўрмайсан, деб таклиф қилишганидан сўнг, мен шу ҳақида ўйлаб, ўша пайтда(2020 йил) Wake Forest университетида ўйнайдиган теннисчи дўстим билан гаплашганман. У менинг фикримни ўша ердаги бош мураббийларга етказган, шундай қилиб мен ўша университет аъзосига айланганман. Умуман олганда, бу нарса режалаштирилмаган эди. 2020 йил декабрь ойигача мен коллежга бораман ёки Америкадаги коллежлар теннис тизимида бўламан деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Бу 3-4 кун ичида бўлиб кетган воқеа (2020 йил, декабрь). Ўша пайтда менинг тез қарор қабул қилишимга сабаб, у ердаги мураббий мени коллежга ҳужжат топшириб, ўша ерда ўйнашни истаётганимни билиб, ўша куниёқ, ўртоғим билан гаплашган куннинг ўзида менга телефон қилиб, мен билан гаплашиб, ўз хоҳишини билдирган. Шу сабаб, бу тез содир бўлган.
— Жўрабек ака АҚШдаги ўқиш жойингиз, мутахассислигингиз ҳақида маълумот бера оласизми?
Мен ҳозирда ўқиётган мутахассислигим бу, агар инглиз тилидан таржима қиладиган бўлсак, мулоқот бўйича (коммуникация - изоҳ). Бу соҳа нима вазифани бажаради? Масалан, эски совет давлатларини оладиган бўлсак, бу соҳа унчалик ҳам ривожланмаган. Лекин АҚШ ёки Европа давлатларида, катта компанияларда, барча маҳсулот чиқарадиган жойларда маҳсулот сифатини яхшилаш учун мижозлар билан мулоқот қилиш керак, фикрларини олиш керак. Менинг соҳам, мутахассислигим шундан иборат. Мени ишим мижоздан тез, ва "жонига тегмаган" ҳолда маҳсулот ҳақидаги фикрини билиб олишдан иборат. Умуман олганда, кадрлар билан ишлаш, масс медиа, имиджмейкерлик ва асосан мижозлар билан ишлаш менинг соҳамга киради. Бошқача айтганда, мижозлар билан ишлаш ёки компания брэндини яхшилаш.
Жўрабек Каримов Оливер Андерсон билан ўйиндан сўнг, Австралия очиқ чемпионати 2016
Фото: gettyimages
— Теннисдан узоқлашиш сиз учун қанчалик қийин бўлган? Ҳар ҳолда, энг гуллаган ёшингизда катта теннисни тарк этгансиз...
Биринчидан, Диёр буни Ўзбекистондаги эски совет давлатларидан қолган стереотип дейиш мумкин. Мен ўқишга кирганимдан буён ҳар куни, ҳаттоки шанба куни ҳам машғулот қиламан. Чунки бизда ҳозир бунинг мавсуми ҳисобланади. Январдан май ойигача "сезон". Қолган пайтларда бемалол ўқийверасиз. "Сезон" бўлмаган пайтларда, масалан августда ўқиш бошланса, декабрь ойигача бизда ҳар куни машғулот ўтказилади, ҳар куни жисмоний тайёргарлик устида ишлаймиз. Биз залга борамиз, югуриш йўлакларига чиқамиз. У шунчаки зал эмасда, енгил атлетика жамоамиз учун махсус тайёрланган жойга чиқиб югурамиз биз. Ўзбекистондаги одамлар, агар сиз тенниснинг ортидан коллежга топширсангиз, бўлди теннисдан кетди, фаолиятини тугатди, деб ўйлашади. Агар ҳақиқатни олиб қарасак, бу умуман нотўғри ўй бўлиб чиқади. Чунки, бу ерда сиз теннис билан жуда ҳам кўп шуғулланасиз. Мен теннисни футбол ёки баскетбол жамоаси билан солиштирсам бўлади. Нега десангиз, бизда ҳозир бу жамоада нима десангиз ҳамма нарса бор, барча шароитлар мавжуд. Мисол учун, ўзимизнинг кортларимиз, ракеткаларимиз, машғулот бўйича ўз режимларимиз бор. Биздан, яъни "студент"дан талаб қилинидигани, фақат кортга ўз вақтида келиш, ўз ишингизни, машғулотингизни қилиш, яхши овқатланиб, яхши ўқиш, бўлди. Профессионал теннисда бу сал бошқачароқ, шунинг учун, бу томондан олиб қараганда ҳатто коллеждаги теннис қулайроқ теннисчи учун.
— АҚШда ўз оилангиз билан истиқомат қиласизми?
Йўқ, мен бу ерда бир ўзим яшайман. Ўқишимни олдида, квартирада ижарада тураман. Бу ерда ҳеч-қанақа таниш-билишим йўқ. Мен сизга ҳатто кўпроқ нарса айтишим мумкин: мен ўқиётган университетда битта ҳам рус тилида гаплашадиган одам йўқ. Бу дегани, эски совет давлатидан ҳеч ким йўқ дегани. Шу сабабдан, мени инглиз тилим яхшироқ бўлиши учун бу жуда катта имкон бўлди.
— Ўқишдан бўш пайтларингизда нималар билан шуғулланасиз АҚШда, яъни кун графингиз нималардан иборат? У ердаги ҳаёт Ўзбекистондагидан қанчалик фарқ қилади? Қайси соҳаларда ўрнак олсак бўлади Америкадан?
Бу мен учун жуда ҳам қийин савол. Иккинчи қисмини шундай дейиш мумкин (кулади). Нима қилардим, буларнинг барчаси, яъни менинг кун тартибим ўқишимнинг графигига боғлиқ бўлади. Маърузаларим қачон, "пара"ларим қачон, ўшанга қараб, машғулотларимнинг вақти ҳам аниқлашади. Тикланиш жараёнлари, физиотерапевтларга ҳам қатнаяпман. Билган бўлсангиз, май ойида (2022 йил - изоҳ) елкамни операция қилдиргандим. Бунинг ҳаражатини ўқишим қоплаб берган. Бу томонлама, Америкада талабаларга жуда яхши эътибор беришади. Айтмоқчиманки, буларнинг барчаси ўқишимдаги "пара"ларимдан келиб чиқиб ўтказилади. Масалан, мени параларим қандай? Душанба, чоршанба, жума кунлари соат 11 дан 12 гача битта "пара" бор, 12:30 дан 13:50 гача иккинчи "парам" бор ва 14:00 дан 16:30 гача учинчи "парам" бор. Бу энг оғир кунлардан биттаси. Шундай кунларда мен соат 9 дан 10:30 гача машғулот қиламан. Ярим соат ичида чўмилиб, йўлда "студент"га ўхшаб, нимадир еб олиб (кулади), дарҳол "парам"га бораман. "Парам"да ўтираман, биринчиси тугаганидан сўнг, ярим соат тушликка кетади, улгарсам. Соат 16:30 да "пара"ларим тугаганидан кейин, жамоа машғулоти ҳам шу вақтга тўғри келиб қолса, унга бораман. Лекин, ҳар доим ҳар ҳил, чунки жамоамизда 12 нафар одам мавжуд. 12 нафар одамнинг ҳаммасини ўқиш тартиби ҳар ҳил-ку, шунинг учун машғулотлар ҳар куни ҳар ҳил бўлади. Унақасига, соат 17:30 да фитнес билан шуғулланамиз, залга борамиз. 18:30 да уйга келаман, чўмилиб ўзимга қарайман. 19:30 ларда кечки овқатни тановул қилиб, кейин уйдагилар билан телефон орқали гаплашаман. Чунки бу энг яхши вақт ҳисобланади, уйдагилар билан гапллашиш учун. (Ўзбекистонда бу вақт тонгги 9:00 га тўғри келади - изоҳ).
— Wake Forest жамоасида ўтказаётган ўйинларингиз "форма"ни ушлаб туриш учунми ёки бу жамоа университетингизники бўлгани учунми? У ерда сиз ўйнайдиган рақибингиз ўзингиз учун қай даражада мос?
Яна бир марта қайтараман: Америкада ўқишни бошлаганингиздан кейин, бўлди тугади деб ўйлайди ҳамма. Лекин унақа эмас. Бу ерда мисол учун биринчи рақамли бўлиб ўйнайман. Бу ерда биринчи ёки иккинчи рақамли теннисчилар жуда ҳам кучли ўйнашади! Шунчаки, эски совет давлатларида шундай ўйлашади. Лекин, Европада масалан, Испанияда ўзингизни ёшингиз бўйича кучли ўнталикка кирсангиз ҳам, сиз билан ҳеч қандай шартнома ҳам тузилмайди, ҳеч ким эътибор ҳам бермайди. Ва ўшалар коллежга келиб туриб, тўрт йил ўқиб, битирганидан сўнг, 22 ёшида ҳотири жам бўлиб катта спортга қайтса бўлади. Унақа ўйинчилар жуда ҳам кўп. Ва сиз менга ишонинг: агар сиз Испанияда кучли ўнталикда турсангиз, бу жуда ҳам яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Энг оддий мисол сизга: Бэн Шелтон деган ўйинчи бор. Ҳозир адашмасам, дунё рейтингида кучли элликталикда туради, Australian Open'да чорак финалгача етиб борди. Роппа-роса бир йил олдин, биз ўша болани жамоаси билан National Indoors мусобақасида бирга ўйнашимиз керак эди. Ўша пайти у 700 ўринда турармиди, билмадим. Хуллас, шунақа даражадаги ўйинчи эди ва улар бошқа жамоага ютқазиб қўйишгани учун бошқа жамоа билан ўйнаганмиз. Бэн Шелтон ўша пайтда ҳал қилувчи ўйинда ютқазиб қўйган эди. У ҳозир бир йил ўтиб, элликталикда турибди. Ва бунақа ўйинчилар жуда ҳам кўп. Агар жуфтликдаги ўйинчиларга қарасангиз, камида 10-12 та ўйинчи топасиз, коллежда ўйнаб, кейинчалик профессионалга ўтиб, яхши ўйнаб кетганларини. Масалан, Кэмерон Норри, Жон Изнер, Стив Жонсон, Кевин Андерсон дегани бор, жуда кўп бунақа ўйинчилар. Ва буёқдаги даража ҳам жуда кучли.
Жўрабек Каримов Wake Forest жамоаси таркибида, 2023 йил 29 январь
Фото: wfmenstennis
— Жўрабек ака Ўзбекистонга қачон қайтиш ниятидасиз? Сизни бу ердаги мухлислар соғинишган, айниқча "Дэвис Кубоги"даги ўйинларимиздан сўнг:)
Очиғини айтсам, ҳозир қачон қайтишимни билмайман. Нега десангиз, биринчи навбатда ўқишимни битиришим керак, ундан кейин кўрамиз. Елкамни ҳолатига қараб, агар елкам яхши ҳолатга келса, унда ўйнаб кўраман. Америкада ўйнаб кўришга ҳаракат қиламан, нимага десангиз, бу ерда ҳамма нарса, мисол учун мусобақалар кўп ва арзонроқ ҳисобланади. Шунинг учун, билмадим Ўзбекистонга қачон қайтаман. Бу савол ҳозирча очиқ қолади.
— Ўн йиллик келажагингизни қандай тасаввур қиласиз? Теннис бу ўн йилликдан қанчалик жой эгаллайди?
Мени назаримда, теннис барибир ҳаётимда қолади. Ўйинчи сифатидами, мураббийми ёки бошқа, билмадим, лекин барибир мен ўзимни теннисда кўраман деб ўйлайман. Аммо, билмадим энди, буни ҳаммасини вақт кўрсатади. Биласизми, ҳаётни жуда яхши бир одати бор: сиз умуман кутмаган вақтингизда, жуда катта ўзгаришлар олиб келади ҳаёт. Шу сабаб, бу жуда қийин савол. Лекин, мен ҳали ҳам ўзимни теннисда кўраман деб ҳисоблайман.
— Кўпчилик ёш теннисчилар молиявий муаммолар сабаб карьерасини эрта якунлашга мажбур бўлишади. Корт, мураббий, ракетка ва мусобақаларда иштирок этиш яхшигина маблағ талаб қилади спортчидан (ҳар ҳолда Ўзбекистонда). Сизда бундай ҳолат юзага келганми? Ўзи умуман шу ҳолатга тушган ёш спортчиларга нима деган бўлардингиз?
Бу жуда қийин савол, нега деганда мен жуда ҳам ўртаҳол бўлган оиладан чиққанман ва ёшлигимда бизнинг оиламиз ўзига унчалик ҳам тўқ бўлмаган. Шунинг учун, мен бу вазиятни жуда ҳам яхши биламан. Лекин, мени Аллоҳ берган истеъдодимми, нимадирим бўлган. Ўша пайтда мен теннис кийимлари, ракеткалари ва шартномаларга жуда қизиқардим, шунга интилардим. Мени омадим келиб қолган: 13 ёшимдаёқ Европага бориб, ракетка, экипировка, шунга ўхшаш нарсалар борасида шартнома тузиб келганмиз. Шундай экан, бу қийин масала. Ёш ўйинчиларга нима ҳам дердим? Бу жуда ҳам қийин мавзу. Нимага десангиз, сизни гапингиз, маслаҳатингиз ёш боланинг бутун ҳаётига таъсир қилиши мумкин. Бошқа томондан олиб қараганда, сиз унга ҳамма ҳақиқатни айтасиз, аммо биласиз-ку, ҳамма ҳақиқат ҳам ижобий бўлавермайди, баъзи ҳақиқатлар жуда оғир бўлади. Шунинг учун, ёш болаларга бу ёшида ҳақиқатни билиш керакми, керакмасми, бир нарса дея олмайман. Шундай экан, мен ҳеч нарса демаган бўлардим. Агар олдимга келиб маслаҳат сўрашганида, ҳар бир одамнинг вазиятига қараб, маслаҳат берардим.
— Ўзбекистон теннис терма жамоасининг ўйинларини кузатиб борасизми? АҚШ билан ўйин ҳақида нима дея оласиз?
Албатта, терма жамоада ёш спортчиларни инобатга олмаганда деярли ҳар бир ўйинчи билан яхши муносабатдамиз. Ёшлар билан эса унчалик ҳам таниш эмасмиз. Лекин Фомин, Санжар Файзиев, Ҳумоюн, Денис биз барчамиз бир-биримизни жуда ҳам яхши таниймиз, жуда кўп вақт ўтказганмиз бирга, мусобақаларда бирга ўйнаганмиз. Терма жамоа ўйнаса, албатта кузатиб бораман. Бу йил қуръа (сетка) бўйича бизни бироз омадимиз келмади. Нимага десангиз, ҳамма билса керак, Американинг таркиби жуда кучли. Кучли элликталикда улардан адашмасам, ўнта ўйинчи бор. Бу дунёнинг энг кучли элликта ўйинчисидан йигима фоизи Америкада дегани. Бу қийин масала. Бизни давлатимиз кичкина, аҳолимиз ҳам кам. Имкониятларимиз ҳам Америкадагидек эмас, шунинг учун мен бу нарсага табиий қарадим. Баъзи бир одамлар бор, бу нарсага орзудек қарайди. Бунинг учун, бизни йигитлар жуда ҳам зўр ўйнашлари керак эди, ўзини топ ўйинидан ҳам баландроқ ўйнаши керак эди бу ўйинда ютиш учун. Улардаги жуфтлик теннисчилари Режив Рам дунёда биринчи ўринда туради, Крайчик эса тўққизинчи ўринда туради, шунинг учун жуфтлик баҳсларида ғалаба қозониш ҳам жуда қийин масала эди. Бизда қуръа борасида озгина омадимиз келмади.
— Терма жамоа келажаги сифатида кимларни кўрасиз? Ҳар ҳолда, Истомин ва Файзиев термадаги фаолиятини деярли якунлаб улгурди...
Мени назаримда, агар ўзларини яхши ҳис қилишса, соғлиғи билан муаммолар бўлмаса, Ҳумоюн Султонов ва Сергей Фомин бўлади. Ёшлар борасида айтганимдек икки-уч йил Ўзбекистон теннисидан узоқроқда бўлганим учун унчалик ҳам тасаввурга эга эмасман. Ҳа албатта, бизда Амир Милушевимиз бор. Мен Амирни ўйинини бир марта кўрганман, ҳатто бир сафар машғулот ҳам ўтказганмиз. Аммо, мен у ҳақида бирор нарса дея олмайман, у ҳақида маълумотим кўп эмас. Лекин ўзини ёши учун кучли даражадаги Денис Кудла билан 4:6, 4:6 ўйнаш бу жуда ҳам яхши, назаримда. Агар у шу темпда кетадиган бўлса, аниқ терма жамоамизнинг учинчи рақамли теннисчисига айланади деб ўйлайман.
Ўзбекистон терма жамоаси "Дэвис Кубоги" доирасида Ливанга қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида, 2019 йил
Фото: s_saidkarimov
— Теннисчиларимиз билан тез-тез мулоқот қилиб турасизми? Сизнингча, ўтган йиллар давомида қайси теннисчиларимизда ўсиш кузатилди, ёки тескариси?
Биласизми, мен Сергей Фомин билан жуда яхши муносабатдаман, Санжар Файзиев билан ҳар куни гаплашамиз дея олмайман-ку, аммо тез-тез гаплашиб турамиз. Санжар мендан тўрт ёш каттароқ бўлгани учун, ёши 30 га сал яқинлашганидан сўнг (кулади), менимча жуфтликка ўтказилди. Ва у жуфтликда жуда яхши натижалар кўрсатмоқда, адашмасам жуфтлик рейтингида 188 ўринда у, ва бу Санжар учун жуда яхши натижа. Сергей Фоминни ҳамма билади. "Челленжер" ютди у, бу жуда яхши натижа ва мен Сергейга ишонаман, уни келажагини порлоқ деб ҳисоблайман.
— Бу йил қандай янгиликлар кутсак бўлади сиздан? Катта теннисга қайтган тақдирингизда, ATP мусобақаларида, рейтингларида аввалги мавқеингизни тиклаб олиш сиз учун қанчалик қийинчилик туғдиради?
Ростини айтсам, менда профессионал теннисга қайтиш учун ҳозир унақа катта мотивациям ҳам йўқ. Нимага десангиз, тенниснинг дунёси жуда ҳам оғир. Масалан, футболдами ёки баскетболдами, ёки бошқа жамоавий ўйинларда оладиган бўлсак, сиз дунё рейтингида ўз спортингизда кучли беш юзталикка кирсангиз, миллионерсиз! Бошқача айтганда, сиз бу ишингиздан бемалол оилангизни боқсангиз бўлади. Нима десам бўлади, мен ҳам энди кичкина бола эмасман, июнь ойида Худо хоҳласа, 25 ёшга тўламан. Ҳа албатта, спорт бу сизнинг орзуингиз ёки олдингизга қўйган мақсадингиз, лекин ёшингиз етгани сайин сиз оила қуриш ҳақида ўйлайсиз. Оила учун эркак киши бўлганингиздан сўнг яхши молиявий фундамент керак. Оилангизни қайси пулга боқасиз, шулар ҳақида ўйлайсиз. Теннисда агар сиз кучли беш юзталикда турсангиз масалан, уч юзталикдан беш юзталиккача оладиган бўлсак, сиз фақат минусга ишлайсиз. Менинг фикримга қўшилмаган ҳар қандай одамга мен буни тушунтириб беришим мумкин. Теннисда фақат 150-200-ўриндаги ўйинчилар нолга ишлайди. Улар теннисдан ҳеч қандай пул ишлаб топмайди. Бир йил ўйнаганингиздан кейин, мураббийга ойлик тўлашни бошлайсиз, жуда кўп давлатларга бориб келасиз. Буни кўпчилик орзу қилади, аммо бир йил ўтиб: "мана шунча ишлаб, нима орттирдим?" деган саволингизга ўзингиз жавоб қайтара олмайсиз. 300-ўриндан пастдаги ҳамма теннисчилар минусга ишлайди. Ҳозир менда ҳомий бўлмагани учун, Ўзбекистонда 2019 йилдан кейин ҳамма профессионал мусобақалар бекор бўлганидан кейин, бу нафақат мотивациям ва олдимга қўйган мақсадимни ўлдирди, балки йўқ қилиб юборди деса ҳам бўлади.
— Кўпчиликни қизиқтирган савол: Ўзбекистон теннис федерацияси билан орангизда қандайдир тушунмовчилик бўлмаганми?
Бизни орамизда англашилмовчилик бўлган, лекин мен ҳеч қандай деталларни, ким билан нима бўлганини айтмоқчи эмасман. Нимага десангиз, мен Ўзбекистон теннисини ўзимни уйимдек ҳис қиламан. Уйдаги англашилмовчиликларни уйда қолиши керак деб ҳисоблайман. Агар, сиз бизни теннисга яқин одам бўлиб, ўша уй сизни ҳам уйингиз бўладиган бўлса, сиз мен билан федерацияни орасида бўлган вазиятдан жуда ҳам яхши хабардорсиз. Агар сиз у вазиятни билмасангиз, демак сиз у уй ичида эмассиз. Ва бу нарсани кимдир менинг оғзимдан эшитишини хоҳламаган бўлар эдим.
— Сизни танийдиган теннис мутахассислари сизни жуда асабий, жиззаки дейишади. Бу ҳислатингиз теннисда қанчалик панд берган-у, ҳаётда қанчалик панд берган?
Нима десам бўлади, албатта йиллар ўтганидан кейин бу асаб, бу жиззакилик бор албатта. Мен ҳар бир матчга юз фоизимни бераман деб ҳисоблайман. Ўйин пайти нимадан жаҳлим чиқади? Ўйин пайти мен жаҳлимни ёки кортда ҳис қилаётганларимни кўрсатишдан уялмайман ёки қўрқмайман. Шу туфайли мен Жўрабекманда! Шу нарса мени Жўрабек қилади. Мен ўйнаётган вақтимда менга мутлақо фарқсиз эди ким нима дейиши. Ҳа, буни нотўғри дейишим мумкин, қайси тарафлама нотўғри? Бу жуда ҳам кўп энергия олади. Лекин сиз 18 ёшлигингизда бу сизни ичингизда ядродек туюларди, сиз ичингизда ҳудди шу нарсани ҳис қилардингиз. Мисол учун, сиз шу ишга энергия сарфлаб туриб, ютқазганингиздан сўнг ўша рақибингизни ютишингизни била туриб, буни амалга ошира олмаганингиз сизни жаҳлингизни чиқаради. Шу нарсадан жаҳлим чиқарди мени. Ўйинда баъзи вазиятларда бу минус бўларди мени назаримда. Яна баъзи вазиятларда эса аксинча менга ёрдам берган. Лекин кўпроқ минус бўлган мен учун. Ҳаётда эса ҳа асабийлигим бор. Лекин мен ҳеч кимни ҳақорат қилмайман, ҳеч ким билан ёмон муомалада гаплашмасликка ҳаракат қиламан. Ва агар сиз биринчи бўлиб менга ёмон муомала қилмасангиз, мен сизга ҳеч қачон ёмон муомала қилмайман. Агар кимдир менга шу нарсани қилса, мен жим тура олмайман, яъни агрессив жавоб қайтараман. Бу мен учун қийин иш эмас.
— Ўзбекистонда тенниснинг ривожланишини кўпчилик мамлакатнинг биринчи президентига боғлайди. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирда теннис бизда ривожланяптими ёки пастга шўнғияптими?
Мени назаримда, теннис 100 % ривожланмаяпти. Фикримча, теннис бизда жуда катта регресс жараёнида. Нега десангиз, бизда олдин тўртта "фьючерс", тўртта "челленжер" ва ҳудди шунча аёллар мусобақалари ҳам бўларди. Ҳаммасини ҳисоблайдиган бўлсак, бизда 13 та мусобақа бор эди. Ҳозир 13 та мусобақадан бизда биттаси ҳам қолмади. Ўзбекистонда бугунги кунда ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақалар профессионалларникига қараганда кўпроқ. Мана ёш теннисчилар ҳам шунча шуғулланишади, бизда ITF мусобақаларимимз бор (18 ёшгача бўлган теннисчилар ўртасида), лекин ундан кейин қаерда ўйнаса бўлади? Бундан кейин ўсиш қаердан бўлсин? Масалан, бизни федерациямиз ўйинчиларга ҳатто пул ажратмаган бўлса ҳам, ҳеч бўлмаганда ўз уйимиздаги (Ўзбекистон) мусобақаларда яхши иштирок этиб, ўша ерда бир-икки сўм ишлаб, кейин ўша пулни бошқа давлатларга чиқишга ишлатсангиз бўларди. Ҳозир у ҳам йўқ, бу ҳам йўқ, тушуняпсизми? Аввал мен ёш бўлганимда, бизга кам эътибор кўрсатишяпти деб ўйлардим, энди ростини айтсам нолиган эканман ўша пайтда. Ҳа, ўша пайтдаги федерациямизга ҳам кўп савол бўлган. Энди бу федерациянинг юритаётган сиёсати қанақа ҳолатга олиб боради, тушунтира олмайман. Менда умуман бошқа фикр, Ўзбекистон теннис федерацияси юритаётган сиёсат фақат теннисчиларнинг ичидаги мотивацияси ва хоҳишини камайтирмоқда деб ўйлайман.
— Катта теннисга қайтган тақдирингизда сизни олимпиада ёки Осиё ўйинлари каби мусобақаларда кўришимиз мумкинми?
Агар уч-тўрт ой ичида фикрим ўзгариб, ёки бошқа имкониятлар пайдо бўлиб қолиб қайтсам, қўлдан келганча ҳаракат қиламан. Бу фақат менга боғлиқ нарса эмас. Агар насиб қилган бўлса, ўйнаймиз. Насиб қилмаган бўлса, энди уёғи қийин.
— Ўзбек ва дунё теннисидаги кумирларингиз.
Аввало бу Денис. У ҳам кумирим, ҳам катта акам ва шу билан бирга ўзим учун намуна эди. Менинг ҳурматим чексиз Денис учун ва унга буни айтганман, ўйлашимча. Биринчи ўринда, албатта Денис, ўзбекистонлик бўлгани учун. Менда кумир бўлганми билмадим, агар билсангиз мен ҳар доим банданада ўйнайман. Бу қаердан келиб чиққанини ҳамма билса керак. Бу фақат менда эмас, теннис оламининг тўқсон фоизи Федерер ёки Надаль орқали шундай қилишган. Менда айнан Федерер бўлган. Чунки, мен учун энг чиройли, энг томошабоп теннис Федерерники бўлган. Ўйин томонидан олиб қарасак, албатта Новак Жокович. Эсимда, 2012 йил Жокович билан Надаль Australian Open финалида беш соату эллик икки дақиқа ўйнашган эди. Бутун матчни биз додамларнинг уйларида кўрган эдик. Мен, раҳматли дадам, додам, акам, ҳаммамиз кўриб ўтирганмиз. Мен ўша пайтда 13 ёшли бола эдим. Ўша ўйиндан кейин нафақат Жокович, балки теннисни ҳам ёқтириб қолган эдим.
— Теннисдан ташқари қайси спорт турларини мунтазам кузатиб борасиз?
Бу саволга берадиган жавобим кўпчиликка ёқмаса керак. Мен 2020 йил, Ковид йилида ҳамма уйда, ҳеч нарса кўра олмайдиган пайтда жуда ҳам киберспортга қизиқиб қолганман. Киберспортнинг жуда ҳам машҳур ўйини бор бу Counter Strike. Шу ўйинни оҳирги икки-уч йилда жуда ҳам кўп кўрадиган, қизиқадиган бўлганман. Иккинчи ўринда албатта футбол, Жаҳон чемпионати финалини адашмасам, ҳамма бақириб-бақириб кўрган (кулади), мен ҳам шулар қаторига кираман. Яна Формула-1 ёқади менга. Америкадаги машҳур спорт турлари, жумладан, Америка футболи, бейсбол ёки баскетбол умуман ёқмайди. Баскетболни озгина кўришим билан "жонимга тегиб кетади".
— Ўзбекистондаги кўпчилик одамлар теннисни кераксиз спорт тури сифатида билишади. Теннисчи сифатида сиз бундай инсонларга нима деган бўлар эдингиз?
Қайси спорт тури керак ёки қайси спорт тури керак эмаслиги бу нотўғри фикр. Нимага десангиз, бу спорт тури олимпиадаги киритилган, адашмасам жуда ҳам кўп спорт турларидан аввал олимпиадаги киритилган теннис. Иккинчидан, теннис бутун дунё бўйича ҳурмат қилинадиган спорт тури ҳисобланади. Бу спортни дунёда жуда ҳам кўп одам томоша қилади. Масалан, Ўзбекистонни эмас, бутун дунёни олсак, битта каналда каратэми, ҳаваскорлар ўртасидаги боксми ёки таэквандоми бўладиган бўлса ва бошқа каналда "Ролан Гаррос" ёки "Уимблдон" финали бўладиган бўлса, 80 % одам теннис кўради деб ўйлайман. Мен ҳозир санаган спорт турларини камситмоқчи эмасман, ёки бу спорт турларини бизга керак эмас демоқчи эмасман. Лекин кўриш учун қизиқарли, қизиқарсиз нарсалар бор . Бутун дунёда теннис кўриш учун қизиқарлироқ, нимага десангиз, бу ўйин яккакурашлар ҳам қизиқ. Аммо рейтинг ҳам аслида ҳаммаси қандай эканини кўрсатиб туради. Умуман олганда, теннисми, футболми барибир рейтинги баландроқ бўлади деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам менинг назаримда теннис керак, ва олимпия спорт турларига киритилган барчаси бизга керак деб ҳисоблайман.
Диёрбек Мавлонов суҳбатлашди
Фикрлар