21 янв 18:40
Янгиликлар
Конор - Порье. Биринчи жангдан сўнг ўзгаришлари: Ҳар иккиси чемпион, Порье Хабибни мағлуб этишга яқин келган ягона жангчи. Конор эса ММА оламини ўзгартириб юборди
Шу кунларда Конор микрофонни ҳеч кимга бермай, Хабибни жиғига тегишда давом этмоқда. Дастин эса фаолиятидаги энг муҳим жанглардан бирига жиддий тайёргарликни давом эттирмоқда. Дастинни UFC'нинг фахрий жангчилари қаторига қўшса бўлади, сабабли у UFC'даги тўққиз йиллик фаолияти давомида 24 та жангда иштирок этди. Конор эса бутун бошли ММА оламини ўзгартириб юборишга эришди.
Конор ва Порье ўртасидаги биринчи жангдан сўнг ҳар икки жангчининг тақдири ўзгариб кетди. Конор ММА оламини забт этди, Порье эса вазнини ўзгартиришга қарор қилди
Дастин UFC'га 2011 йилда дебют қилди, Конор эса ундан икки йил ўтиб сайёрамизнинг энг кучли ММА промоушени билан шартнома имзолади. Макгрегор UFC'га келгунга қадар Дастин Макс Холлоуэй ва "Кореялик Зомби"ни мағлуб этишга улгурганди. Бироқ америкаликнинг UFC'даги дастлабки йиллари жуда қийин кечди. У ғалабалар билан бирга мағлубиятларни ҳам қабул қилади. Аммо кучлиларга қарши ёрқин жанги учун тезда мухлислар меҳрига сазовор бўлди. Конор эсa... Конорга Дастинга қарши жанг қилиш учун учта жанг кифоя бўлди. У вақтларда Дастин аллақачон ўнта баҳсда иштирок этиб бўлганди. Ўзига ишончи юқори бўлган ирланд Порьедан ҳеч қандай хавф кўрмасди. Унинг жангдан аввал берган интервьюсида ҳам буни кўриш мумкин эди.
"Битта зарба ва нокаут. Биринчи раунднинг ўзида Дастин нокаут бўлади",-деганди Конор жангдан аввалги интервьюсида.
Шундай бўлди ҳам, жанг бошланганидан 106 сония ўтганидан сўнг Конор айтганидек битта зарба ва нокаут. Шундан сўнг Конор камар учун олға юришда давом этди. Дастин эса вазнини ўзгартиришга қарор қилди.
Олти йил давомида жуда кўпчилик бу жангчилар ўртасида реванш исташди, бироқ энди ва энг керакли вақтда UFC бу жангни ташкил этишга эришди. Улар ўртасидаги реванш жуда катта тарихга эга.
Порье янги вазнидаги барчани "янчиб ташлади", учта чемпионни мағлуб этди ва Хабибни мағлуб қилишга энг яқин келган жангчига айланди
Дастин мағлубиятдан сўнг фаолиятидаги энг тўғри қарорлардан бирини қабул қилди. У енгил вазнга ўтди. Чунки ярим енгил вазнда Дастин вазн ташлаш билан анча қийинчиликка учраганди. Енгил вазнда мухлислар умуман бошқа Дастинини кўришга эришди. Порье у ерда ҳақиқий кучини намойиш этди. Биринчи раунднинг ўзида Диего Феррейра, Янси Медейроша ва Боб Грин каби кучли жангчиларни таслим этди. Америкалик икки йил ичида енгил вазннинг саккизнчи ўрнига кўтарилиб олди. Чемпионлик камари учун иккитача жанг қолганида, ўзидан пастроқда бўлган Майкл Жонсонга қарши октагонга кўтарилишга рози бўлди. Жангда фаворит ҳисобланган Порье кутилмаганда биринчи раунднинг ўзида кучли зарбани ўтказиб юборди ва нокаутга учради. Шундан сўнг Дастин салкам бир йил октагонга кўтарилмади. Бир йиллик танаффусдан сўнг Жим Миллерга қарши жанг қилиб, очколар ҳисобига кўра мағлуб этишни уддалади.
Дастин чемпионлик йўлига эга бўлиш учун собиқ чемпион Эдди Алваресга қарши жанг берилди. Бу жанг ўтказилмаган деб эълон қилинди, сабаб Эдди таъқиқланган зарба йўллаганди. Порье навбатдаги жангини Энтони Петтисга қарши ўтказди, бу баҳсда эса у андердог сифатида октагонга кўтарилди. Жанг давомида Дастин рақибини ҳар томонлама мағлуб этишга эришди ва Петтиснинг қовурғасини жароҳатларга эришди. Ғалаба орқали Порье енгил вазн рейтингининг бешинчи ўрнига кўтарилиб олди. Петтис мағлуб этилганидан ярим йил ўтиб Жастин Гетжига қарши октагонга кўтарилди. Иккита панчернинг ўзаро баҳси кўпчилик учун қизиқ эди.Тенг курашлар остида кечиши кутилган тўқнашувда Порье рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва ғалаба эришди. Бу ғалаба эса унга саккиз йиллик фаолияти давомида илк бор чемпионлик камари учун жанг қилиш имконини берди. Узоқ кутилган жанг - 2019 йил 13 апрель куни UFC Хабибнинг камарини вақтинчалик ғолибини аниқлашга қарор қилди. Бу вақтда даъвогарлар деярли йўқ эди. Тони Хабибни кутаётганди, Конор фаолиятини якунлаган, Альварес ONE FC промоушенига ўтиб кетганди. Шу пайт ярим енгил вазн чемпион Макс Холлоуэй икки вазн чемпиони бўлишни истаб қолди. Дастин Максни мағлуб этди ва Хабибга қарши жанг қилиш имконини қўлга киритди. Афиша эълон қилинган вақтда мухлислар Дастин қанчалик улғайганига амин бўлишди. Дастин бу жангда ҳам иккинчи рақамли жангчи сифатида октагонга кўтарилди, жуда кўпчилик бу баҳс Хабиб учун жуда осон кечишини тахмин қилди, бироқ айнан Порье Хабибни мағлуб этишга энг яқин келган жангчи сифатида тарихга кирди. У жангнинг учинчи раундида Хабибни бўйнини тутишга эришди ва бўғиш усулидан фойдаланди. Агар Хабибнинг ўрнида бошқа жангчи бўлганда таслим бўларди. Бироқ Хабиб қийинчилик билан бўлсада чиқиб кетди ва кейин нима бўлганини барча яхши эсласа керак...
Жангдан сўнг Дастин жиддий жароҳат олгани маълум бўлди ва бир йил давомида жароҳатни даволаш билан ўтди. У яна топ жангчилар орасига қайтиши учун кучли спортчига қарши октагонга кўтарилиши лозим эди ва UFC унга қарши Ден Ҳукерни ўйинга ташлади. Тўқнашув ўтган йилнинг ёзида бўлиб ўтди ва Дастин жангни ғолиб сифатида якунлади.
Энди Дастин чемпионлик учун йўлга чиқди. Биринчи тўсиқ Конор. Агар бу йўлдан ўтадиган бўлса, чемпионлик учун асосий даъвогарга айланади.
Конор икки вазнда UFC камарига эга чиқди. Сайёрамизнинг энг кучли боксчисига қарши рингга кўтарилди ва криминал орасида яшади
Конор Порьедан фарқли равишда чемпионлик камарига етиб бориши учун олтита жанг ва уч йил етарли бўлди. Конорнинг йўли анча осонроқ кечгандек кўриниши мумкин. Лекин кўпчилик мухлислар Конорни ярим енгил вазн тоифасидаги камарга эга чиқиши учун 13 сония етарли бўлганини ёддан чиқарган бўлишлари мумкин. У тўққиз йил давомида мағлубиятга учрамаган Жозе Алдога қарши жанг қилди ва бутун дунёнини шокка туширди. Конор бу билан тўхтаб қолмади ва иккинчи камарга қараб йўл олди ва UFC тарихида биринчи бўлиб икки вазн тоифасида чемпион бўлган илк жангчига айланди.
Матбуот анжуманида Дастин рақибларига ҳурмат кўрсатаётган вақтда Конор рақибларини устидан кулишда давом этмоқда.
Унинг жанглари доим бошқаларникидан ажралиб турган. Унинг ҳар бир баҳси ўзгача саҳна кўриниши бўлади. У ғалаба қозонса, нокаут билан эришади. 22 та ғалабадан 19 таси нокаут билан. Мабодо ютқазадиган бўлса ҳам, дахшатли ҳаракатлар билан мағлуб бўлади. Конор 2017 йилда бокс афсонаси Флойд Мейвезерга қарши рингга кўтарилди. У ўнинчи раундда нокаутга учради. Бироқ бу баҳсдан Конор ақлбовар қилмас даражада бойиди. Шундан сўнг Конор икки йиллик танаффус қилди ва яна октагонга қайтди. Қайтиш Хабибга қарши жанг билан эди. Бу баҳс UFC тарихидаги энг омадли жанглардан бири сифатида тарихга кирди. Мағлубиятдан сўнг Конор бир неча бор фаолиятини якунлаб, тиклади. Конор жанглар ва рекламалар орқали жуда катта бойликка эришди. Конор яна икки йиллик танаффусдан сўнг октагонга қайтди. 2020 йилда Дональд Серронега қарши баҳс олиб борди ва 40 сонияда рақибини «йўқ» қилиб ташлади. Конор Макгрегор бир неча бор фаолиятини якунлаб тиклашига қарамасдан, ММА оламининг энг кучлиларидан бири бўлиб қолади.
Хабиб уларнинг ҳар иккисини ҳам мағлуб этди. Бу енгил вазннинг собиқ чемпионлари ўртасида кечадиган супер реванш. Уларнинг қўшма статистикаси 48 та ғалаба ва улардан 41 таси муддатдан аввал. 24 январь куни супер жанг кўришимиз учун барча сабаблар етарли. Конор супер панчер, у исталган рақибини битта зарба билан «ухлатиб» қўйиши мумкин. Қизиғи ҳар иккиси ҳам чапақай.
Нима бўлган тақдирда ҳам UFC 2021 йилнинг бошланиши учун супер реванш ташкил қилиб бермоқда. Барча кутмоқда, умид қиламиз реванш кутилган натижани тақдим этади.
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар
Conorni janglari xaqiqiy show .