08 июн 18:31
Янгиликлар
Ломаченко учун охирги имконият... Енгил вазн ўзининг қизғин палласида
Бу биринчи навбатда, Василий Ломаченко учун ёмон янгилик эди. Эндиликда украиналик боксчининг камарларга эга чиқиши янада қийинлашадиган бўлди.
Йил бошида Ломанинг австралиялик Жорж Камбососга қарши жанг қилиши эълон қилинганди. Лекин кейинчалик Россия ва Украина ўртасида бўлаётган ишлар бунга ўз таъсирини ўтказди. Ломаченко эса бу вазиятда ўз ватани ҳимояси учун Украинада қоладиган бўлди.
Бир неча ой олдин Александр Усик Жошуага қарши реванш жанги сабаб Украинадан кетишга мажбур бўлганди. У рингда кўпроқ ўз ватанига фойда келтиришини айтиб, Украинани тарк этганди.
Айни пайтда Василийнинг ҳам рингга қайтишини бокс мухлислари сабрсизлик билан кутишмоқда.
Украиналик боксчининг қайтиши учун яхшигина сабаблар бор.
1. Ҳозирда енгил вазн тоифаси тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Бу дивизионда 23 ёшли Хейни мутлақ чемпионга айланди. Райан Гарсия ва Жэрвонта Девис эса мағлубиятсиз серия билан унинг изидан бормоқда. Лекин ҳали ҳам Теофимо Лопес, Жорж Камбосос ва бошқа боксчилар бу рақобатдан четга чиққани йўқ. Ана шундай муҳитда Ломаченко ўзининг буюклигини исботлаши мумкин. Агар Лома бу дивизионда чемпионга айланса, украиналик боксчининг ажойиб жангчи эканлигига ҳеч ким эътироз билдира олмайди.
2. Тop Rank раҳбари Боб Арум қариган Ломаченко ҳақидаги доимий қаршиликларга қарамай, ўзи бу танқидлар асоссиз эканлигини таъкидлади. Улар ҳали ҳам Василийнинг қайтишини кутишмоқда. Боб Арум украиналик боксчининг менежери Эгис Климас билан доимий алоқада. Бу фақат битта нарсани англатади - Арум Ломани доим қўллаб-қувватлашга тайёр.
3. Бўлаётган воқеалар натижаси бундай истеъдодли боксчига таъсир ўтказаётгани бироз ачинарли. Ҳозир Ломаченко учун қайтишнинг айни вақти.
Чемпионлик йўлида Ломаченкога кимлар таҳдид солади?
Дэвин Хейни (28-0)
23 ёш бўлишига қарамай, Хейни мутлақ жаҳон чемпионига айланди. Жорж Камбосос устидан ғалаба қозониш натижасида у энди ёшларнинг вақти келганига ишора қилди. Хейни жуда ақлли ва тезкор боксчи. Аммо, у Ломаченкода бўлгани каби Хорхе Линаресдан нокдаунга учраган. Унинг ҳимоясида бироз муаммолар кўзга ташланмоқда. Бу Камбососга қарши жангда яққол сезилди. Унинг жанговар ҳолати ҳайратда қолдириши мумкин. У яхши жангчи, ўзининг кучли томонларидан оқилона фойдаланади.
Жервонта Дэвис (27-0)
Девис кучли зарбага эга. У яқин масофада устунлик қила олади. Сўнгги жангида ҳам буни кўришимиз мумкин. Лома - Дэвис услуб жиҳатидан бир-бирига ноқулай рақиблар ва бу тўқнашув кўпчилик бокс мухлислари учун қизиқарли бўлиши аниқ.
Райан Гарсия (22-0)
Гарсия 23 ёшда ва у Ломаченко билан жанг қилган Люк Кэмпбеллни нокаутга учратган. Василий 12 раунд давомида Кэмпбелл билан жанг қилган. Гарсия эса Кэмпбеллни еттинчи раундда жигарига кучли зарба йўллаб нокаутга учратган. Ломаченко учун Райан Гарсия энг ноқулай рақиб ҳисобланади. Бўйи 178 см ва жуда кучли зарбага эга (22 ғалабадан 18 тасини нокаут билан қўлга киритган). Мексикалик ўзининг қарши зарбалари билан украиналикларга муаммо туғдириши аниқ.
Шундай қилиб, агар Василий Ломаченко яқин орада рингга қайтмаса чемпионлик пойгасидан қолиб кетиши мумкин.
championat.com сайти асосида Камрон Ҳасанов тайёрлади
Фикрлар