13 сен 07:22
Янгиликлар
Медведев US Open финалида Жоковичнинг рекордига йўл қўймади
Дунёнинг иккинчи ракеткаси бўлиб турган россиялик теннисчи ҳал қилувчи финал учрашувида сайёрамизнинг биринчи ракеткаси, сербиялик Новак Жоковичга қарши кортга чиқди ва уч сетда ҳам бир хил ҳисобдаги ўзи учун тарихий ғалабага эришди - 6/4, 6/4, 6/4.
Икки соату 17 дақиқа давом этган финалда 25 ёшли Даниил 4 та брейк-пойнт, 16 та эйс зарбани амалга оширди. 34 ёшли Новак эса 6 та эйс зарбани ижро этди. Тўпни ўйинга киритишда уч бор қўш хатога йўл қўйди. Теннисчиларнинг ўзаро учрашувларида Медведев ҳисобни минимал кўринишда қисқартирди - 4:5.
Шу тариқа, Даниил Медведев фаолиятидаги илк "Катта Дубулға" совринига эга чиқди. Муваффақиятли иштирок россиялик теннисчига 2,500,000 доллар мукофот пули ҳамда 2000 рейтинг очкосини тақдим этди. Медведев бу ғалабаси билан Жоковичнинг бир мавсумда тўртта "Катта Дубулға" турнири бош совринини қўлга киритишига тўсқинлик қилиб қолди.
Агар Новак Жокович финалда ғалаба қозонганида, мавсумдаги барча "Катта Дубулға" турнирлари бош совринини қўлга киритар ва бу билан афсонавий Род Лэйвернинг натижасини такрорлаган бўлар эди. Сербияликнинг "Катта Дубулға"лардаги чемпионлик титуллари 20 талигича қолди. Айнан шунча совринга Рожер Федерер ва Рафаэль Надаль ҳам эга.
Фикрлар