28 авг 16:03
Янгиликлар
Муҳожир сифатида Россияга борган, ҳозирда Флойд билан дўст тутинган, UFC томон олға интилаётган ўзбек - Маҳмуд Муродов ҳақида
У ерда бир хонада ўн икки киши билан яшарди. Ҳозир эса Муродов ММАда кетма-кет 11-ғалабасини қўлга киритди. У Флойд Мейвезер билан дўстлашган, шунингдек чехиялик машҳур қўшиқчи билан бирга. “Матч ТВ” мухбири Муродовдан фаолияти ҳақида интервью олди.
Маҳмуд 2007 йил, 17 ёшида Томскга пул топиш мақсадида боради. Муродов Россияда тўрт йил давомида ишлади.
"Мен дастлаб келганимда ўн икки киши билан бир хонада яшаганман. Ўртача ойига 10000-15000 рубль пул топардим, топганимни 60 фоизини уйга жўнатганман".
- Бир умрлик "Доширак"ларинигизни еб бўлгандирсиз ўша вақтларда?
- Бу кунларни унутмайман, лекин мен кўпинча "Ролтон" еганман, сабаби у арзонроқ эди. Мен учун энг завқли вақт эса биз йогурт ёки сметана сотиб олган вақтларимиз бўлган эди ўша кезларда.
- Сиз отангиз касаллиги сабаб пул топиш учун келганман дедингиз. Шундан сўнг отангизга нима бўлди?
- У ҳозирда қўлсиз, шунингдек оёғи ҳам яхши эмас. Лекин энг асосийси у ҳаёт. Демак барчаси яхши. Ота-онам менинг борим.
Маҳмуд Россияда салкам 4000 доллар ишлади. Кейин эса Чехияга ўқиш учун жўнаб кетди, лекин бош мақсад ўқиш эмас, балки профессионал фаолиятини бошлаш эди. У барча пулини ўқишга берди. Шундан сўнг Маҳмуднинг пули қолмади.
"Мен одатда Чехияда дўконга кириб, у ердан нарса олиб, ўша ернинг ўзидаёқ ердим. Чунки боришга жойим йўқ эди. Бир куни мени тутиб ҳам олишган. Чехияда бир йил ўқиганимдан сўнг, ўқиш визасини ишлаш визасига алмаштирдим. Бу ерда барча қора ишларни бажардим. Кўпинча мени алдаб, пулимни беришмасди. Кунлардан бирида мен Петр Книже спорт залига бориб қолдим. Мен улардан машғулотлар қанча туришини сўрадим, улар эса 10 евро деб жавоб қайтаришди. Бу эса менга тўғри келмаслигини айтганимда, менга текинга келаверишимни айтишган. Мана ўшандан бери мен шу спорт залда машғулот олиб бораман”,-деди Муродов.
Книже унга иш топишга ҳам ёрдамлашди. Муродов ойига 500 евро ишлаб топишни орзу қиларди, лекин унга ҳар смена иш учун 80 евролик иш топиб берди.
"Мен 42 кун узлуксиз ишлаган вақтларим ҳам бўлган. Шундан сўнг жангда иштирок этардим ва яна 30 кунлаб ишлардим. Мен тезроқ қарзларимдан қутулиб, оиламга пул жўнатишни истардим. Шу тариқа 3 йил давомида ишладим. Ҳозирда ўзимнинг қўриқлаш агентлигим бор, у ерда 30 нафар ишчим бор. Мен шу ерда Олег Газманов билан танишганман. У менинг энг машҳур дўстларимдан".
Августнинг ўрталарида Мейвезер "Instagram"даги саҳифасида Мурадовнинг сурати жойлаб, сурат тагига: «Жаҳоннинг энг кучли ММА жангчиси»,-деб ёзиб қолдирди. Муродов Мейвезер промоутер компанияси билан шартнома имзолаган биринчи ММА жангчиси ҳисобланади. Улар икки йил аввал Чехияда танишиб қолишганди.
"Флойд мен ҳақимда ёзганини ўзим кўрдим. Мендан кўпчилик Флойддан ўзинг ёзишни сўраганмисан деб айтишади. Лекин ундай эмас, мен буни сўрамаганман".
Маҳмуд яқинда UFCнинг собиқ жангчисини нокаут қилишга эришди. Бу нокаут ҳам Флойднинг "Instagram" саҳифасига юкланди. Ҳозирча Муродов 11 та жангда ғалаба қозонган. У "Oсtagon" промошени компаниясида жанг қилади. У UFCга ўтиши борасида фикр билдирди.
"Европада менга рақиб топиш жуда қийин бўлмоқда. Дастлаб рақибларим менга қарши жанг қилишга рози бўлишади, лекин улар жангларим видеоларини кўрганларидан сўнг мен билан жанг қилишдан воз кечишади. Сочида С-70 турнирда Вячеслав Василевкига қарши жанг қилишим керак эди. Мен бу тўқнашувга розилик бердим, лекин улар рад этишди. Мен Шлеменкога қарши жанг қилишни истаган бўлардим. Лекин бунинг учун россияликлар менга керакли пулни беришлари керак".
- Бир ой муқаддам сизга UFC президенти Дана Уайтнинг кўргазмали жангида иштирок этиш имкони берилган экан. Бу турнир ғолиби билан эса UFC шартнома имзолайди. Сиз эса бунга рад жавоби бергансиз. Нега?
-UFCда дебютант жангчиларга ўртача 10000 доллар + 10000 доллар тизимида пул беришади. Бу ҳозирда Чехияда топаётган пулларимдан анча кам. Вақти келади, мен UFCда жанг қиламан.
Ҳозирда Муродов Лас-Вегасда. У Мейвезер шериклигида Дана Уайт билан учрашди.
-Учрашув ҳақида нима дейсиз?
-Мен кўплаб машҳурлар билан учрашдим. Шартнома имзоланмагунга қадар ҳеч нима демайман.
Муродов навбатдаги жангини 9 ноябрда Oktagon 15 турнирида ўтказади. Жангларга 20000 мухлисни сиғдирадиган арена мезбонлик қилади. Мурадов Мейвезернинг мақтовидан сўнг янада машҳур бўлиб кетди. Унинг обуначилар кундан кунга кўпайиб бормоқда.
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар