UZ

Сўнгги янгиликлар

12:48Скоулз "Манчестер Юнайтед" ҳимоячисидан узр сўрашдан бош тортди 0 12:27Царукян ёки "Манчестер Юнайтед": Пимблетт танлов қилди 0 12:06Усикка яна бир собиқ жаҳон чемпиони рақиб сифатида тавсия этилди 0 11:45Дана Уайт: "Бокссиз UFC бўлмасди" 0 11:24Мундиал тарихи. Омадли турклар, 64 соат учган корейслар, қўзғолон бошлаган мағлубият ҳамда допинг қабул қилган чемпион ҳақида ҳикоя қиламиз 0 11:03Камилла Раҳимова: "Ўзбекистон байроғи остига ўтганимдан кейин бирор нарса ўзгардими?" 0 10:42Абдель-Азиз Оқ уйдаги турнирда қайси мамлакатлар жангчилари чемпион бўлмаслигини тахмин қилди 0 10:21Асосий жанги Холлоуэй - Оливейра бўлган UFC 326 турнирининг расмий постери эълон қилинди + ФОТО 0 10:00Нани "Актобе"да қанча маош олади? 0 09:39Australian Open. Амалдаги чемпион тўртинчи босқичга чиқди 0 09:18UFC 324 тарози натижалари. Икки жангчи, хусусан собиқ UFC чемпиони вазн қила олмади, битта жанг бекор қилинди + ФОТОГАЛЕРЕЯ 0 08:57Дана Уайт: "Царукян энг зўри. Лекин..." 0 08:36U-23 Осиё Кубоги. Вьетнам Кореяни мағлуб этиб, бронза медалига эга чиқди 0 08:15Tata Steel Chess 2026. Абдусатторов амалдаги жаҳон чемпиони Гукешни мағлуб этди ва якка пешқадамга айланди, Синдаров 2-ўринда! 0 07:54Исроил Мадримов эртанги жанг олдидан тарозига чиқди, у рақибдан енгирлоқ тош босди (ВИДЕО) 0

24 янв 11:24
Янгиликлар

Футбол

Мундиал тарихи. Омадли турклар, 64 соат учган корейслар, қўзғолон бошлаган мағлубият ҳамда допинг қабул қилган чемпион ҳақида ҳикоя қиламиз

Футбол бўйича жаҳон чемпионатлари тарихига оид қизиқарли маълумотлар билан таништиришда давом этамиз.

Пушкаш ва Венгриянинг немислардан қабул қилган мағлубияти

1950 йилларнинг бошида Венгрия терма жамоаси Европада тенгсиз, Ференц Пушкаш эса дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири ҳисобланарди. Венгрияликлар мусобақанинг асосий фаворитлари қаторида эди, бироқ гуруҳ босқичида ГФР жамоасига қарши ўйинда немис футболчиси Вернер Либрих ўзаро курашда Пушкашга жароҳат етказди. Ноқулай ҳолда йиқилган футболчи тўпиғини чиқариб олди.

Ҳеч ким ушбу вазият венгрияликлар учун машъум оқибатларга олиб келишини тахмин қилмаган эди: "Чопқир майор" лақабли Пушкаш бир нечта ўйинни ўтказиб юборди, қолаверса, немисларга қарши кечган финал учрашувида ҳам ўз имконияти даражасида самарали ўйнай олмади.

Германиянинг қайтиши

Бразилияда ўтказилган мундиал пайтида бўлиб ўтган ФИФА Конгрессида урушда мағлуб бўлган Ғарбий Германия ва Япониянинг ташкилотга аъзолигини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳар икки мамлакат футбол федерациялари дарҳол навбатдаги жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида иштирок этиш ниятида эканликларини маълум қилди.

Инглизлар ортидан эргашган шотландлар

Қуръа Буюк Британиянинг барча тўрт терма жамоаси: Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландияни яна бир саралаш гуруҳида тўқнаш келтирди. Маблағни тежаш мақсадида жамоалар барча ўйинларни бир даврада ўтказишга қарор қилдилар. Турнирда ўзига хос интрига кузатилмади: инглизлар ва шотландлар финишга бир тур қолгандаёқ дастлабки икки ўринни банд этиб бўлишганди. Глазгода бўлиб ўтган ўзаро баҳсда инглизлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсалар-да, бу сафар шотландлар Швейцария сафаридан воз кечишмади.


Пробстнинг бешта голи

Австриялик ҳужумчи Эрих Пробст "Пратер" стадионида бўлиб ўтган уй учрашувида Португалия терма жамоаси дарвозасини беш бор ишғол қилди. Меҳмонлар 9:1 ҳисобида тор-мор этилди. Лиссабонда эса австрияликларнинг энг яхши тўпурари гол ура олмади — 0:0.


Миландаги совуқ учрашув

Миср – Италия саралаш жуфтлигида барчаси олдиндан маълум эди, аммо Африка вакили икки карра жаҳон чемпионларига жиддий қаршилик кўрсатишга уриниб кўрди. Қоҳирадаги ўйин 2:1 ҳисобида италияликларнинг ғалабаси билан якунланди, 1954 йил 24 январда бўлиб ўтган иккинчи баҳсда эса дуранг натижа салкам бир соат давомида сақланиб турди. Шимолий Италия аҳолиси учун одатий ҳол бўлган совуқ ва қор иссиқсевар мисрликларга салбий таъсир кўрсатди ва улар учрашув сўнгида кечириб бўлмас хатоларга йўл қўя бошладилар. Италияликлар бундан унумли фойдаланиб, 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Турклар кўр-кўрона қуръа ташлаш йўли билан танланди

Испания ва Туркия терма жамоаларига ғолибни аниқлаш учун иккита ўйин камлик қилди. Дастлаб испанлар 4:1 ҳисобида устун келишди, ўз уйларида эса турклар кучлироқ чиқишди – 1:0. У йилларда қўшимча кўрсаткичлар инобатга олинмагани сабабли, жамоалар учинчи марта ўзаро тўқнаш келишларига тўғри келди. Аммо Римдаги қўшимча ўйин ҳам ғолибни аниқлаб бермади, чунки баҳс 2:2 ҳисобида якунланди. Натижага нафақат Босфор жамоасининг жанговар руҳи, балки испанларнинг иккита голини бекор қилган италиялик ҳакам Бернарди ҳам таъсир кўрсатди. Қуръа ташлашга тўғри келди. Ташкилотчилар тасодифан танлаган, Рим стадиони ходимларидан бирининг 14 ёшли ўғли Луижи Франко Жемма кўзлари боғланган ҳолда вазадан Туркия терма жамоаси номи ёзилган қоғозчани тортиб олди. Шу тариқа, Туркия жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўл олди, Испания эса турнирдан четда қолди.

Энг қизиғи шундаки, икки жамоа қарама-қаршилиги натижасига олдиндан ишонган ФИФА ҳали масала ҳал бўлмасданоқ испанларни (аввалги мундиалда тўртинчи ўринни олган) сараланган терма жамоалар қаторида тасдиқлаб бўлганди – кейин эса уларни ЖЧ дебютанти бўлган туркларга алмаштиришга мажбур бўлди.

Саарланд терма жамоасининг ягона иштироки

Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташкил этилган ва Франция бошқаруви остида бўлган мамлакат жамоаси фақат жаҳон чемпионати саралаши доирасида биринчи ва охирги марта иштирок этди. Жаҳон чемпионларининг бўлажак мураббийи Хельмут Шён бошқарувидаги Саарланд терма жамоасига қуръа Норвегия ва... ГФРни рақиб қилди. Қўшнилар билан ўйинлар тўлиб-тошган трибуналар остида ўтди ва кутилганидек якунланди — немислар фойдасига 3:0 ва 3:1. 1957 йил ўтказилган референдум якунларига кўра Саарланд ГФР таркибига қўшилди.

Польяклар кучини синаб кўришни истамади

Саралаш ўйинларида Польша терма жамоасига рақиб сифатида Венгрия жамоаси тўғри келди. Аммо улар Варшавада мусобақадан чиқиб кетишни афзал кўришди – кучлар тенг эмасди.

Польяклар Пушкаш ва Кочиш бошчилик қилган буюк венгр жамоасининг ўйинларини ҳайрат билан кузатишарди, аммо уларга қарши майдонга чиқиб, курашишга журъат этмади. Венгрия юлдузлари – Ференц Пушкаш ва Шандор Кочиш ўша даврда дунёнинг энг кучли ҳужумчилари саналган.


Жанубий Америкада илк саралаш ўйини

Жанубий Америкада илк саралаш баҳсини ўтказиш ҳуқуқи Парагвай ва Чили терма жамоаларига насиб этди, улар 1954 йил 14 февралда Асунсьонда ўзаро тўқнаш келдилар. Ўйин меҳмонларнинг йирик мағлубияти билан якунланди, чилиликлар ўз дарвозасидан жавобсиз тўртта тўп ўтказиб юборди.


Халоскор Балтазар

Ўз майдонидаги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсизликдан сўнг саралашдан ўтишга мажбур бўлган бразилияликларнинг энг яхши тўпурари ҳужумчи Балтазар бўлди. Жамоанинг тўртта саралаш ўйинида урилган саккизта голидан бештаси унинг ҳисобига ёзилди. "Олтин бош" лақабли "Коринтианс" клуби ўйинчисининг аниқ зарбалари бразилияликларга Чилига қарши икки ўйинда, шунингдек, Парагвай билан сафар баҳсида ғалаба келтирди.


Босқинчилардан олинган қасос

Жанубий Корея терма жамоаси футбол майдонида Японияга қарши ўйинларда ўз мамлакатининг узоқ йиллик оккупацияси учун рамзий қасос олди. Бу, албатта, мамлакат президенти Ли Син Маннинг диққат марказида эди – у футболчиларнинг иштирокини яқиндан кузатиб борган.

Саралаш турнири уй ва сафар тизимидаги икки ўйиндан иборат бўлиши керак эди. Япония терма жамоаси Кореяга сафарга тайёрлана бошлаганда, Ли Син Ман футболчиларга мамлакатга киришни тақиқлаб, "бирорта ҳам япон бу ерга қадам босмайди", деган фикрни илгари сурди. Шундан сўнг ҳар икки ўйинни Японияда ўтказишга қарор қилинди. Аммо Ли Син Ман битта шарт қўйди – агар кореялик футболчилар муваффақиятсизликка учраса, океанга чўкиб ўлишни афзал кўришлари керак бўлади.

Биринчи ўйинда меҳмонлар сенсацияли тарзда 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккинчи баҳс олдидан японлар бош мураббийи Кавамото таркибни кучайтириш мақсадида ўзини ҳам ўйин қайдномасига киритди. Японлар биринчи бўлиб гол уришди, аммо танаффусга жамоалар Корея терма жамоаси фойдасига 2:1 ҳисоби билан чиқиб кетишди. Иккинчи бўлим ўртасида мезбонлар ҳисобни тенглаштирди ва босимни давом эттирди. Ўйин тугашига беш дақиқа қолганда қатъиятли Кавамото меҳмонлар дарвозабонини алдаб ўтишга муваффақ бўлди, бироқ худди ёнғинга шошилгандек етиб келган ҳимоячи Ли Йон Кап тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб юборди. Учрашув дуранг билан якунланди – 2:2.


МУСОБАҚА ТИЗИМИ

Чемпионат бошқа ҳеч қачон қўлланилмаган ғайриоддий схема бўйича ўтказилди. 16 та терма жамоа тўрт гуруҳга тақсимланди, улардан иккитадан жамоа кейинги босқичга чиқарди. Бироқ гуруҳ ичида иштирокчилар учта рақибдан фақат иккитаси билан ўйнашди. Гап шундаки, барча терма жамоалар дастлаб 8 та "кучли" ва шунча "кучсиз"ларга ажратилган эди. Қуръага кўра, гуруҳдан ҳар бир тоифадан иккитадан жамоа жой олди. Фаворитлар аутсайдерларга қарши ўйинларда кейинги босқич йўлланмасини олдиндан нақд қилишлари, шундан сўнг ўзаро учрашув ҳеч қандай маънога эга бўлмаслиги тахмин қилинганди. Ғоя, эҳтимол, ёмон бўлмагандир, аммо фаворитларни танлашда ФИФА мавҳум мезонларга таянган эди, шу сабабли қўшимча баҳсларнинг олдини олиб бўлмади. Дуранг натижаларга қарши ҳам ғалати кураш олиб борилди: агар гуруҳдаги ўйинда ғолибни аниқлаш учун асосий вақт етарли бўлмаса, қўшимча 30 дақиқа белгиланарди. Агар бу ҳам ёрдам бермаса, дуранг натижа ўз кучида қоларди.

1-гуруҳ

Қуръа тақдирига кўра, биринчи гуруҳ таркиби деярли аввалги жаҳон чемпионатидагидек бўлиб чиқди, фақат Швейцария ўрнини Франция терма жамоаси эгаллади. Бразилияга биринчи турда яна Мексика рўбару келди. Мазкур ўйин натижаси тўрт йил олдинги йирик ғалабадан бир голга кўпроқ бўлди. Қизиғи шундаки, голлардан бирини 1950 йилдаги каби "селесао" таркибида "Маракана" фожиасидан кейин сақланиб қолган икки футболчидан бири Балтазар урди. Иккинчиси отаси швейцариялик, онаси бразилиялик бўлган ярим ҳимоячи Бауэр эди.

Франция ва Югославия ўртасидаги параллел кечган ўйин кескин, баъзида эса қўпол курашлар остида ўтди ва унда Болқонлик номинал аутсайдерлар Милош Милутиновичнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Югославия терма жамоаси дастлабки 45 дақиқада қарши ҳужумга ўтишга уриниб кўрди, аммо иккинчи бўлимда асосий эътиборни ҳимояга қаратди. Ўз дарвозасини сақлаб қолиш учун ҳар қандай усуллар ишга солинди. Масалан, французлар сардори Жонкенинг бурнини синдиришди, бироқ керакли ҳисобни ушлаб қолишди. 

Шу тариқа, иккинчи турдаги Бразилия – Югославия ўйинида ҳар икки жамоага иккинчи босқичга чиқиш учун дуранг етарли эди ва якунда учрашув айнан шундай натижа билан тугади.

Бразилияликлар "канариньо"га айланишди

Бразилия терма жамоаси ўйинчилари жаҳон чемпионатларида илк бор кейинчалик машҳур бўлиб кетган либосда – сариқ футболкаларда майдонга тушдилар. Жамоа илгари ўйнаб келган оқ ранг 1950 йилги ўз майдонидаги жаҳон чемпионатидаги мағлубиятдан сўнг омадсиз деб топилган эди.

2-гуруҳ

ФИФА 2-гуруҳда иккинчи "кучли" жамоа сифатида Туркия терма жамоасини танлади. Бунда маълум мантиқ бор эди, чунки турклар саралаш босқичида испанларни мусобақадан чиқариб юборишганди. Немис жамоаси аввалгидек юқори баҳоланмаётганди – улар жаҳон уруши ва харитада икки Германия пайдо бўлганидан кейин илк бор мусобақада қатнашишга рухсат олганди. Ўзаро учрашувнинг иккинчи дақиқасидаёқ Туркия немислар дарвозасини ишғол қилди, бу эса ФИФАнинг ҳақ эканлигидан далолат бераётгандек эди. Аммо "Бундестим" ўтказиб юборилган голдан сўнг тезда ўзига келди ва 14-дақиқада Шефер ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлим бошида немислар саккиз дақиқа ичида яна иккита тўп киритишди, финал ҳуштаги чалинишига олти дақиқа қолганда эса Морлокнинг зарбаси учрашувга якун ясади. Параллел кечган учрашувда биринчиликнинг яққол фаворитлари – венгрияликлар Корея терма жамоасини қийинчиликсиз мағлуб этишди: Кочиш хет-трик қайд этди, Пушкаш ва Палоташ ўз ҳисобларига дубль ёздириб қўйишди. Венгрияга қарши иккинчи тур ўйини олдидан немисларнинг тажрибали мураббийи Зепп Хербергер таркибнинг ярмини алмаштирди.

"Тулки" лақабли Хербергер шогирдлари дунёнинг энг кучли жамоаси босимига дош бериши қийинлигини жуда яхши тушунарди, шу сабабли асосий ўйинчиларни асрашга ва бунинг устига ўз терма жамоасининг ҳақиқий кучини венгрияликлардан яширишга қарор қилди. Турнир регламенти ҳар қандай ҳисобдаги мағлубиятга йўл қўярди. Шу сабабли 3:8 ҳисобидаги йирик мағлубият немисларни унчалик хафа қилмади. Кочиш бу сафар тўртта тўп киритиб, польяк Вилимовский ва бразилиялик Адемирнинг натижасини такрорлади. Бироқ фаворитлар жиддий йўқотишга учради – Либрих қасддан бўлмаса-да, Ференц Пушкашни жароҳатлади: Венгрия ҳужумчиси тўп учун курашда ноқулай йиқилиб, тўпиғини чиқариб олди.


Қўшимча ўйин 

ГФР 7:2 ТУРКИЯ

Кореяни тор-мор этган турклар очколар бўйича ГФР билан тенглашдилар ва регламентга кўра қўшимча ўйин ўтказишга тўғри келди. Бу сафар немислар ташаббусни бошиданоқ ўз қўлларига олишди: 12-дақиқада ҳисоб аллақачон 2:0, 30-дақиқада эса 3:1 кўринишига келганди. Иккинчи бўлимда Морлок, Шефер ва Вальтер ака-укаларининг каттаси Фриц турклар дарвозасини яна тўрт бор ишғол қилди. Иккинчи гуруҳдаги сермаҳсуллик футбол ишқибозларини ҳайратда қолдирди – бешта учрашувда 41 та тўп киритилди, бу ҳар бир ўйинга ўртача 8 тадан ортиқ гол деганидир.

Корейсларнинг машаққатли йўли

Жанубий Корея жамоаси Швейцарияга икки гуруҳ бўлиб етиб борди: бири "Air France" авиакомпаниясининг мунтазам рейси билан, бошқаси – Америка бомбардимончи самолётининг юк бўлимида учди. Иккинчи гуруҳнинг парвози 64 соат давом этди. Сафардан ҳолдан тойган тажрибасиз корейслар Швейцарияда икки ўйинда умумий 0:16 ҳисобида мағлуб бўлди.


3-гуруҳ

Учинчи гуруҳда ташкилотчилар аутсайдерларни тўғри топдилар – иккита "сараланмаган" жамоа умумий 0:15 ҳисоби билан мусобақадан чиқиб кетди. Квартет фаворитлари амалдаги жаҳон чемпионлари – уругвайликлар бўлиб, улар таркибда Бразилия устидан қозонилган ғалабанинг аксарият қаҳрамонларини сақлаб қолгандилар. Гижанинг йўқлиги жиддий йўқотиш бўлди, аммо сафда "қора доҳий" Варела бор эди. Чехословакияга қарши биринчи ўйинда "селесте" бор кучини сарфламади, шунга қарамай, Мигес ва Скьяффинонинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Австрияликлар кучга асосланган футболга таянган Шотландиядан техник жиҳатдан сезиларли даражада устун эдилар, аммо 1:0 ҳисобидаги ғалабани бельгиялик ҳакам Франкеннинг ёрдамисиз қўлга кирита олмадилар.

Биринчи турдаги камтарона ғалабалардан сўнг "кучлилар" иккинчи турда ҳақиқий голлар шоусини уюштиришади деб ким ўйлабди дейсиз? Аслида бунга асослар бор эди. Масалан, шотландлар мураббийсиз қолишди – футбол федерацияси раҳбарларининг "қимматли" маслаҳларидан безор бўлган Эндрю Битти Австриядан учралган мағлубиятдан сўнг истеъфо берди. Уругвай билан ўйинда бош мураббийсиз қолган жамоа фақат биринчи бўлимда озми-кўпми қаршилик кўрсатди ва 0:2 ҳисобида ютқазди. Ўйиннинг иккинчи ярмида эса уругвайликлар шотланд ҳимоясини шунчаки яксон қилдилар.

Тезкор қанот ҳужумчилари Борхес ва Аббади тўхтатиб бўлмас даражада ҳаракат қилишди: улар ўзлари ҳам гол уришди ва аввалги уругвайликларнинг энг яхши снайпери бўлган Мигесни ҳам тўплар билан "сийлашди". Барчаси 7:0 ҳисобидаги йирик мағлубият билан тугади. Борхес дарвозани уч марта ишғол қилди, Мигес ва Аббади эса – икки мартадан. Ўз навбатида австрияликлар чехларни шафқатсизларча мағлуб этишди. 24-дақиқага келиб ҳисоб аллақачон 4:0 кўринишини олганди, бунинг устига шотландларга ғалаба голини урган Эрих Пробст 20 дақиқа ичида хет-трик қайд этди. Иккинчи бўлимда Стояспал учрашувга нуқта қўйди.


Барча нарсадан тежашди

Шотландия терма жамоаси маблағни тежаш мақсадида жаҳон чемпионатига жуда қисқартирилган таркибда келди: Швейцарияга 22 нафар ўйинчи ўрнига бор-йўғи 13 киши йўл олди, улардан бири дарвозабон эди. Биринчи ўйин олдидан австрияликлар сардори шотландларга эсдалик байроқчасини топширди, аммо эвазига ҳеч нарса олмади – британларда байроқча топилмади.

4-гуруҳ

Тўртинчи гуруҳда ФИФА энг кучли жамоалар сифатида Англия ва икки карра жаҳон чемпионлари – Италияни тан олди. Бразилиядаги шармандагарчиликдан кейин ўзини оқлаш истагида бўлган англияликлар бельгияликларга қарши ўйиннинг 9-сониясидаёқ ҳисобни очиши мумкин эди, аммо Лофтхауснинг жуда кучли зарбаси устунга яқин жойдан ўтиб кетди. Бироқ биринчи бўлиб айнан бельгияликлар гол урди – Поль Ануль икки ҳимоячи билан курашда тўпни дарвозага жойлади.

Ҳаддан ташқари "академик" услубда ўйнаган англияликлар ташаббусни қўлга олиш учун катта куч сарфлади ва охир-оқибат бунинг уддасидан чиқди: 40 ёшли Стэнли Мэтьюзнинг ажойиб узатмасидан сўнг Бродис ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлим ўртасига келиб, британияликлар 3:1 ҳисобида олдинга чиқди ва ўйин масаласини ҳал қилдик, деб ўйлашди. Бу ўй хато бўлиб чиқди, чунки бельгияликларга ҳисобни тенглаштириш учун атиги тўрт дақиқа кифоя қилди.

Қўшимча вақтда Лофтхауснинг аниқ зарбаси англияликларга ғалаба келтиргандек туюлди, аммо ҳимоячи Дикинсон боши билан тўп йўналишини ўзгартириб, унинг меҳнатини йўққа чиқарди.

Италияликлар ҳам турнирни омадсиз бошлади – улар мезбонлар томонидан кутилмаган қаршиликка дуч келди. Бу ўйинда ҳакамнинг "ёрдами" ҳам бўлди, у баҳсни жуда ёмон бошқарди. 70-дақиқада бразилиялик ҳакам Виана Лоренцининг тоза голини сохта офсайд сабаб бекор қилди. Италияликлар узоқ эътироз билдиришди, аммо фойдаси бўлмади. Кейин эса Хюгининг зарбаси Швейцарияга ғалаба келтирди.

Ўйин охирида "скуадра адзурра" футболчилари ҳакам билан тортишувга берилиб кетгани сабаб учрашувнинг якуни бутунлай издан чиқди. Ҳакам уни тепган икки италиялик футболчини фақат оғзаки огоҳлантириш билан чекланди, аммо майдондан четлатишга журъат қилмади. Кейинчалик ФИФА интизом қўмитаси Виананинг ноҳақлигини тан олиб, уни ҳакамликдан четлатди.

Иккинчи турда италияликлар бельгияликлардан "қасос" олди – 4:1 ҳисобида йирик ғалаба қозонди, мезбонлар эса анча зерикарли ўйинда англияликларга 0:2 ҳисобида ютқазди. Натижада қўшимча ўйин – Италия ва Швейцария учрашувини ўтказишга тўғри келди.


Раппан "қулфи"

Швейцария терма жамоаси мураббийи Карл Раппан ишлаб чиққан ўйин тизими шундай ном олган. Кўп сонли иқтидорли ижрочиларга эга бўлмагани сабабли, у ўз жамоасининг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Қанот ярим ҳимоячилари амалда ҳимоячиларга айланишди, ҳимоя марказида эса "тозаловчи" пайдо бўлди. Тизимнинг битта, аммо жиддий камчилиги бор эди – ҳужум ва ҳимоя чизиқлари ўртасида жуда катта узилиш юзага келарди.


Қўшимча ўйин 

ШВЕЙЦАРИЯ 4:1 ИТАЛИЯ

"Скуадра адзурра" ўйинчилари учрашувга ноодатий таркибда тушди. Швейцарияликлар билан бўлган биринчи ўйиндаги муваффақиятсизликдан сўнг жамоа ичида келишмовчиликлар бошланиб, таркибнинг кескин ўзгартирилишига олиб келди. Бу ҳолат ўйинчиларнинг ҳаракатларида ўз аксини топмай қолмади. 14-дақиқада швейцариялик Хюги ҳисобни очди, иккинчи бўлим бошида эса Балламан фарқни иккитага оширди. 67-дақиқада мусобақа мезбонларининг "хизмати" эвазига ҳисобдаги фарқ қисқарди – ҳимояланаётган пайтда Нестининг бошини нишонга олишди, оқибатда тўп ҳужумчига тегиб, дарвоза тўридан ўрин олди. Италияликлар бор кучини олдинга ташлади ва икки бор мезбонларнинг қарши ҳужумига дуч келдилар. 85-дақиқада Хюги яна гол урди, финал ҳуштаги чалиниши олдидан эса Фаттон ҳисобни йирик кўринишга келтирди – 4:1.

ЧОРАК ФИНАЛ

ГФР 2:0 ЮГОСЛАВИЯ

Женевадаги ўйинни бир жумла билан таърифлаш мумкин: югославлар ҳужум қилишди, немислар эса гол уришди. Сўнгги Олимпиаданинг кумуш медали соҳиблари бутун учрашув давомида яққол устунликка эга бўлди. Чаққон югославиялик ҳужумчилар 90 дақиқани фаол ўтказди, аммо немислар дарвозабони Турекга бас келиб бўлмади. Унинг ҳамкасби Беара эса биринчи бўлимда, аксинча, тўпга атиги бир марта — ўз жамоаси ҳимоячиси Хорватнинг муваффақиятсиз ҳаракатидан сўнг тўпни тўрдан олиб чиқаётганида тегинди. Учрашув сўнгига келиб самарасиз ҳужумлардан толиққан югославлар ҳолдан тойди ва яна бир гол ўтказиб юборди. Жаҳон чемпионига айланган ҳужумчи Ханс Шефер ушбу баҳсни терма жамоанинг энг қийин ўйини деб атади.


ИШҚИБОЗЛАР МОВИЙ ЭКРАН ҚАРШИСИДА

Жаҳон чемпионати ўйинлари илк бор телевидение орқали намойиш этилди. Кўрсатувлар Ғарбий Германияда катта машҳурликка эришди, у ерда одамлар дўкон витриналари олдида ёки телевизори бор "бахтли" инсонларнинг уйларида тўпланишарди. ГФР ва Венгрия терма жамоалари ўртасидаги финал учрашуви Европанинг саккиз мамлакатига жонли эфирда узатилди.

АВСТРИЯ 7:5 ШВЕЙЦАРИЯ

Савия жиҳатидан австрияликлардан ортда қолаётган мезбонлар илк дақиқалардан рақибни ҳужумкор ўйин билан эсанкиратиб қўйишга уринди. Раппаннинг режаси иш берди – 19-дақиқага келиб унинг шогирдлари 3:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Воқеалар ривожининг бундай тус олиши австрияликларни саросимага солмади ва улар таслим бўлишмади. Бор-йўғи 15 дақиқа ўтиб ҳисоб аллақачон уларнинг фойдасига 5:3 кўринишини олганди. Швейцарияликларнинг ўтиб бўлмас ҳимояси қоқ марказдан дарз кетди, ушбу нуқтада жамоа сардори Боке ишончсиз ҳаракат қилаётганди. Фахрий футболчи анча олдин нейрохирург тиғи остига ётиши керак эди, аммо у шифохонага жаҳон биринчилигидан кейин боришга қарор қилганди. Жазирама об-ҳаво ва ўта кескин кураш остида мия ўсимтаси ўз сўзини айтди: Боке худди туман ичида юргандек ҳаракат қиларди. Иккинчи бўлимда жамоалар яна иккитадан гол уришди, бунда австриялик Вагнер ва мезбонлар ҳужумчиси Хюги хет-трик қайд этишди, натижада турнирдаги хет-триклар сони еттитага етди.


УРУГВАЙ 4:2 АНГЛИЯ

Инглизларга об-ҳаво борасида омад кулиб боқмади – Уругвай билан улар жанубий америкаликлар учун одатийроқ бўлган 30 даражали иссиқда ўйнашга мажбур бўлишди. "Мовийранглилар" классик схемаларга ўрганиб қолган инглизларни қайта-қайта қийин аҳволга солиб қўйишди ва позицияларни алмаштирган ҳолда чиройли комбинациялар уюштирди. Гарчи футбол мамлакати вакиллари жаҳон чемпионларининг қанот ҳужумчилари фаоллигини жиловлашга муваффақ бўлишган ва Билли Райт даҳшатли Мигесни ўйиндан бутунлай чиқариб ташлаган бўлса-да, уругвайликлар импровизация ва ижодкорликда европаликлардан яққол устун келишди. Ҳисобни бешинчи дақиқадаёқ Борхес очди, бироқ кўп ўтмай Лофтхаус йиқилиб зарба берган ҳолда ҳисони тенглаштирди. Вареланинг голидан сўнг уругвайликлар яна олдинга чиқиб олишди, иккинчи бўлим бошида эса ҳисобни 3:1 га етказишди. Инглизлар Том Финнининг голи билан жавоб қайтаришди, аммо Хавьер Амбройс икки тўп фарқини тиклади. Ғалаба уругвайликларга қимматга тушди, чунки бирданига учта етакчи ўйинчи – Варела, Аббади ва Мигес жиддий жароҳат олди.

ВЕНГРИЯ 4:2 БРАЗИЛИЯ

Турнирда техник жиҳатдан энг кучлилари бўлган икки жамоа ўртасидаги ўйин ажойиб футбол томошаси бўлиши мумкин эди, аммо шафқатсиз жангга айланиб кетди. Бу қандай содир бўлди? Бразилия терма жамоаси аъзоларидан бири кейинроқ изоҳ берганидек, "селесао" ўйинчилари қуръа уларга рақиб сифатида жаҳоннинг энг кучли ва аввал ҳеч қачон дуч келмаган жамоасини танлаганини билгач, қаттиқ тушкунликка тушишган эди. Улар "Мараканасо" воқеаси учун реванш олишга умид қилишганди, аммо тақдир яна уларнинг устидан кулди. Бразилияликларнинг ҳаракатларидаги асабийлик ўйиннинг бошиданоқ сезилиб турди. Тўртинчи дақиқада Пиньейро ўз жарима майдончаси ичида кераксиз алдаш ҳаракатини бошлаб, тўпни йўқотди. Дарвозабон Кастильо кетма-кет иккита зарбани қайтарди, аммо Хидегкутининг кучли такрорий зарбаси олдида ожиз қолди. Орадан бор-йўғи уч дақиқа ўтиб ҳисоб 2:0 кўринишини олди – Кочиш ўнг қанотдан узатилган тўпни боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Жалма Сантос пенальтидан ҳисобдаги фарқни қисқартирди, иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмида эса жамоалар голлар алмашишди.

Бразилияликларда вазиятни ўнглаш учун имконият бор эди, аммо тўп венгрлар дарвозасига кирмади – гоҳ дарвозабон Грошич, гоҳ дарвоза устуни қутқариб қолди. Бразилияликларнинг асаблари дош бермади ва ҳакам Эллис қўполлик учун уч ўйинчини: венгриялик Божик, бразилиялик Нилтон Сантос ва Умбертони майдондан четлатишга мажбур бўлди. Ўйин тугашига икки дақиқа қолганда Кочиш томонидан урилган гол оммавий муштлашув бошланиши учун сигнал бўлди.


ЖИРКАНЧ БЕРН ЖАНГИ

Бразилия ва Венгрия терма жамоалари ўйин тугаши арафасида майдонда нафратли жанг уюштирди. Урушаётган ўйинчиларни ажратишда ҳакамларга кўмаклашиш учун полиция аралашди. Аммо трибуна остида муштлашув янги куч билан авж олди. Бу сафар жароҳат олган ва ўйинда қатнашмаган Пушкаш жанжал ташаббускорига айланди – у бразилияликлардан бирининг бошига шиша билан туширди. Муштлашувда жамоалар, сураткашлар, полициячилар, массажчилар – яқин атрофда ким бўлса, барча иштирок этди.

ЯРИМ ФИНАЛ

ВЕНГРИЯ 4:2 УРУГВАЙ

Уругвай ва Венгрия терма жамоалари ўртасидаги ярим финалда рақиблар шу қадар техник, ижодкор ва тартибли ҳаракат қилишдики, буни журналистлар "аср ўйини" деб номлашди. Ёмғир ва лой майдон жамоаларга энг чиройли футбол намойиш этишга халақит бермади. Дастлаб венгрлар устунлик қилишди ва иккинчи бўлим бошига келиб Цибор ва Хидегкутининг голларидан сўнг 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Охирги чорак соатда уругвайликлар Скьяффино ва Хохбергнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобни тенглаштирдилар. Биринчиси пас берди, иккинчиси 75 ва 86-дақиқаларда гол урди. Қўшимча вақтда "мовийранглилар" олдинга чиқиб олиши мумкин эди, аммо Скьяффино дарвоза устунини нишонга олди. Зарба бериш пайтида ҳимоячилар Уругвай терма жамоаси етакчисини жароҳатлашди, шу сабабли у тўлиқ куч билан ўйнай олмади. Эҳтимол, бу ўйин натижасига таъсир қилгандир. Уругвайликларда бошқа гол уриш имконияти бўлмади, венгрлар эса Кочишнинг зарбаларидан сўнг яна иккита тўп киритди.


ГФР 6:1 АВСТРИЯ

Немисларнинг рақиблари бошида яхшироқ кўринганди, аммо, одатдагидек, ҳисобни немислар очди – 31-дақиқада Шефер Фриц Вальтернинг қойилмақом узатмасидан унумли фойдаланди. Иккинчи бўлим бошида Морлок ҳисобни иккитага оширди, бироқ бир неча дақиқа ўтиб австрияликлар битта гол билан жавоб қайтаришди – Турек тўпни қўлидан чиқариб юборди ва Пробст дарвозага жойлади. Гўёки кураш қайта қизийдигандек эди, аммо 10 дақиқа ичида ГФР жамоаси учта гол уриб, ғолиб ким бўлиши ҳақидаги барча саволларга тўлиқ чек қўйди. Олтинчи тўпни Оттмар Вальтер финал ҳуштаги чалинишига бир неча дақиқа қолганда киритди. Бироқ учрашувнинг бош қаҳрамони у эмас, балки унинг акаси Фриц бўлди. У барча олтита голда иштирок этди – икки марта пенальтини аниқ амалга оширди ва тўрт марта шерикларига узатма берди.

ГФР терма жамоаси сардори Швейцарияда фавқулодда ўйин намойиш этди. Иккинчи жаҳон уруши вақтида асирга тушган ва Венгрия ҳудудидаги лагерда сақланган футболчининг қачонлардир жаҳон чемпиони бўлишига камдан-кам одам ишонарди. Мураббий Зепп Гербергер бундай маҳорат эгасини бошқа топиб бўлмайди деб ҳисобларди: "Фриц тўпни қабул қилиб олишидан олдинроқ, уни қаерга узатишни биларди".


3-ўрин учун баҳс

АВСТРИЯ 3:1 УРУГВАЙ

Уругвайликларда жаҳон чемпионатларининг 100-ўйини бўлган "бронза" учун баҳс катта қизиқиш уйғотмади, шу сабабли улар ҳафсаласизлик билан тайёргарлик кўришди. Кўп титулга эга бўлмаган австрияликлар учун эса ўйин муҳим эди ва иштиёқ билан ўтказишди. 16-дақиқада Динст жарима майдончасида йиқитилди ва Стояспал пенальтини аниқ амалга оширди. Бироқ уругвайликлар тез орада ҳисобни тенглаштиришди ва дуранг натижа 59-дақиқагача сақланиб турди, ўшанда "мовийранглилар" ҳимоячиси Луис Крус тўпни ўз дарвозасига буриб юборди. ўйин якунига 11 дақиқа қолганда Оцвирк австрияликларнинг ғалабасини узил-кесил расмийлаштирди.


ФИНАЛ: ГФР — ВЕНГРИЯ — 3:2 (2:2)

Эҳтимол, жаҳон биринчиликлари финаллари иштирокчиларидан бирортаси венгрлар каби яққол фаворит бўлмагандир. Бунга статистика ҳам ишонтирарди. Венгрия терма жамоаси сўнгги тўрт йил ичида бирорта ҳам ўйинда мағлуб бўлмаган, 29 та ғалабага эришиб, тўплар нисбатини 144:33 кўринишига келтирганди! 6:3 ҳисобида якунланган машҳур ўйинда жамоа тарихда илк бор Англияни ўз майдонида мағлубиятга учратганди. Будапештдаги жавоб учрашувида эса футбол асосчиларини нақ 7:1 ҳисобида тор-мор этди! "Шу орада" венгрлар 1952 йилда бешта учрашувда 20 та гол уриб, Олимпиада "олтин"ини қўлга киритишди. Хуллас, венгрларнинг ғалабалари ва хизматлари рўйхати уларнинг обрў-эътибори каби улкан эди.

Бошқа томондан, Швейцарияда немисларнинг очиқчасига омади келаётганди. Улар мантиқан йирик ҳисобда ютқазишлари керак бўлган ўйинда югославларни мағлуб этишди. Қуръа ярим финалда уларга энг кучсиз рақибни танлаб берди. Ҳал қилувчи баҳсда уларга об-ҳаво борасида ҳам омад кулиб боқди. Кучли ёмғир ёғаётган эди, бундай об-ҳаво шароитини эса немислар "Фриц Вальтер об-ҳавоси" деб аташарди – урушда безгак билан касалланган футболчи ёмғирда хавфли жангчига айланарди.

Немислар ўйинга жуда жиддий тайёргарлик кўришди ва энг майда деталларгача эътибор беришга ҳаракат қилишди. Хусусан, ноқулай об-ҳавони ҳисобга олган ҳолда бутсалар учун турли хил тишлар тўплами тайёрланган эди, жамоа чигилёзди машқларини венгрлар каби ёмғирдан ивиб кетган майдонда эмас, балки стадиондаги машғулот залида ўтказди. Adidas компаниясидан Ади Дасслер Ғарбий Германия терма жамоасини янги турдаги – тишлари алмаштириладиган бутсалар билан таъминлади. Ушбу тишлар танаффус вақтида алмаштирилган.

Шунга қарамай, учрашув боши Хербергер шогирдларига ҳеч қандай яхши аломат ваъда қилмаётганди. Аксинча, у гуруҳ босқичидаги йирик мағлубиятни эслатиб юборарди – стартдан саккиз дақиқа ўтиб венгрлар 2:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Олтинчи дақиқада Кочишнинг зарбасидан сўнг ҳимоячига тегиб қайтган тўпни Пушкаш дарвозага жойлаб қўйди. Кейин эса немисларнинг ўзлари ўз дарвозаларига гол "олиб келишди". Венгрлар ҳужуми давомида Кольмайер орқага, дарвозабон Турекка пас берди. Дарвозабон ҳўл тўпни қўллари билан эгаллаб олгандек туюлганди, аммо у кутилмаганда сирпаниб чиқиб кетди. Цибор шу ерда ҳозиру нозир эди – 2:0.

Бундай шиддатли стартдан сўнг венгрлар, афтидан, осон ғалабага эришамиз деб ўйлашди, аммо бунинг учун тез орада товон тўлашди. Немислар таслим бўлишни хаёлларига ҳам келтиришмаётганди. 10-дақиқада улар ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Хельмут Ран чапдан жарима майдончасига пастлатиб ажойиб узатмани амалга оширди, Лорант тўп йўлини тўса олмади ва тўп ўз манзилини – Макс Морлокни топиб борди. 18-дақиқага келиб эса ҳисоб 2:2 кўринишини олди. Бурчак зарбаси амалга оширилаётганда Грошич тўпга чиқишда муваффақиятсиз ўйнади ва Ран бир уринишда тўпни дарвозага йўллади.

Венгрлар ҳужум қилишда давом этишди ва ГФР терма жамоаси дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Тўп икки бор дарвоза устунига тегди, Турек бир нечта ажойиб сейвларни амалга оширди, у ҳам ожиз қолган вазиятда эса Кольмайер тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб юборди. 84-дақиқада эски футбол қоидаси иш берди: "Сен урмасанг – сенга уришади". Хельмут Ран жарима майдончаси чизиғида алдамчи ҳаракат билан ҳимоячини ортда қолдирди ва ўнг пастки бурчак томон кучли зарба йўллади – 3:2.


Венгрлар бу вазиятда ҳам таслим бўлишмади ва учрашув якунига икки дақиқа қолганда Пушкаш жавоб тўпини киритди, аммо қанот ҳаками офсайдга ишора қилди. Шу тариқа, Ғарбий Германия жаҳоннинг энг кучли жамоаси устидан ғалаба қозонди. Урушдан кейин кўплаб шаҳарлари ҳамон харобазор бўлиб ётган бутун мамлакат ақл бовар қилмас руҳий юксалишни бошдан кечирди. Футболдаги ғалаба немисларга ўз қадр-қимматини қайтарди.

Венгриядаги реакция даҳшатли эди. Юз минглаб одамлар кўчаларни тўлдириб юборишди. Аммо футбол сабаблардан бири эди холос – одамлар мамлакатдаги тузумдан йиғилиб қолган норозиликларини ифода этишарди. 

Будапешт кўчаларига десталинизацияни, лавозимидан четлатилган Имре Наднинг қайтарилишини, совет қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини ҳамда бюджетнинг катта қисми шошилинч тарзда қайта қурилаётган саноатга сарфланаётгани туфайли иқтисодий курснинг ўзгартирилишини талаб қилиб, 200 мингдан ортиқ одам чиқди. Совет Иттифоқи намойишчиларга қарши танкларни юборди.

15 кун давом этган тўқнашувнинг аниқ оқибатлари – уч минг нафар ҳалок бўлган ва йигирма минг нафар яраланган венгрлар, кичик сиёсий юмшатишлар ҳамда Венгрия ҳудудида "биродар" совет қўшинларининг салмоқли контингенти жойлашуви бўлди. Кўзга ташланмайдиган оқибати эса – мамлакат буюк терма жамоасининг парчаланиб кетиши эди.

Венгриялик футболчилар Будапешт кўчаларидаги ғазабли норозилик намойишлари босилмагунча, уч кун давомида Тата шаҳарчасида яшириниб ўтиришди.

ГФР терма жамоасининг ёввойи одатлари

Беллашувлардан олдин жамоада ғалати бир маросим амал қиларди. Таркибга киритилмаган ўйинчилар кийиниш хонасида майдонга тушаётган шерикларини "Бўйин ва оёқларни синдиринг!" ибораси билан кузатиб қўйишарди.

Фантастик сермаҳсуллик

Венгрия терма жамоаси бешта ўйинда 27 та тўп киритган ҳолда, жаҳон чемпионатининг мутлақ рекордини ўрнатди, бу ҳар бир ўйинга ўртача 5,4 та голни ташкил этди.

Гол! Гол! Гол! Гол!

Херберт Циммерманнинг Хельмут Ран томонидан Венгрия дарвозасига киритилган ғалаба тўпи ҳақидаги тавсифи Германия спорт тарихидаги энг машҳур шарҳ ҳисобланади. "Шефер ичкарига оширди... Бош билан зарба... Қайтарилди. Орқароқдан Ран зарба бериши керак... Ран тепди! Гол! Гол! Гол! Гол! (Циммерман саккиз сония жим бўлиб қолади) Германия гол урди! Германия 3:2 ҳисобида олдинда. Мени жинни денг, мени ақлдан озган деб айтинг!"

Чемпион ака-укалар

Финалда ғолиб жамоа таркибида илк бор ака-укалар — Оттмар ва Фриц Вальтерлар майдонга тушишди. Орадан 12 йил ўтиб, уларнинг натижасини англиялик Чарльтонлар такрорлашди.

Фильм

Германиялик режиссёр Зёнке Вортманнинг "Берн мўъжизаси" ("Das Wunder von Bern") бадиий фильми 2003 йилда экран юзини кўрди. Фильм ёш бола ва унинг ишсиз отаси ҳақида ҳикоя қилади; уларни Ғарбий Германиянинг 1954 йилги жаҳон чемпионати финалида Венгрия устидан қозонган ғалабаси ўзаро яқинлаштиради.

Алмашиш

1954 йилда майдонга тушган икки футболчи кейинги турнирларда бошқа мамлакатлар шарафини ҳимоя қилди. Венгриялик Ференц Пушкаш ва уругвайлик Хосе Сантамария 1962 йили Чилида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Испания терма жамоаси сафида тўп тепди.

Допингли чемпионлик?

Венгрлар финал олдидан немис ўйинчиларига рағбатлантирувчи моддалар уколи қилинганини таъкидлашган. Буни ғалабадан сўнг бутун жамоани қамраб олган ва инъекция орқали юқиши мумкин бўлган сариқ касаллиги эпидемияси ҳам билвосита тасдиқларди. Кенг кўламли тергов давомида 2004 йил Оттмар Вальтер ва Хорст Эккель ўйиндан олдин уларга қандайдир укол қилинганини тан олишди (бунгача барча ўйинчилар бу фактни қатъиян рад этиб келишарди), жамоа шифокори Франц Луген эса Хербергернинг илтимосига кўра футболчиларга С витамини инъекциясини қилганини айтди. Журналистлар Лейпциг университетига мурожаат қилишди ва спорт тарихчиси Эрик Эггерс томонидан эълон қилинган хулосада таъкидланишича, ўйинчиларга (эҳтимол, уларнинг хабарисиз) первитин (метамфетамин) юборилган – бу моддани Иккинчи жаҳон уруши пайтида аскарлар истеъмол қилган.

Рамзий жамоа: Дьюла Грошич (Венгрия) – Эрнст Оцвирк (Австрия), Йожеф Божик (Венгрия), Хосе Сантамария (Уругвай) – Фриц Вальтер (Германия), Жозе Бауэр (Бразилия) – Хельмут Ран (Германия), Нандор Хидегкути (Венгрия), Ференц Пушкаш (Венгрия), Шандор Кочиш (Венгрия), Золтан Цибор (Венгрия).


Мундиал тарихи. Футболчи сувга тушиб кетган, майдон четидаги полиция голли узатма берган ҳамда мураббийлар ҳакамлик қилган илк жаҳон чемпионатини ёдга оламиз

Мундиал тарихи. Пора эвазига иштирокчи бўлган чемпион, Фаластин номидан қатнашган Исроил ҳамда фашизм тарғиботига айланган турнир ҳақида ҳикоя қиламиз 

Мундиал тарихи. Қуръа ташлаган 5 ёшли болакай, иримчи дарвозабон ва ялангоёқ тўпурар, шортиги тушиб кетган Меацца ҳамда пойабзал қутисида сақланган кубок ҳақида ҳикоя қиламиз

Мундиал тарихи. Ялангоёқ ҳиндларга тақиқ, авиаҳалокат, очилиш ўйинига кечиккан ҳакамлар ҳамда стадиондаги 200 минг кишини йиғлатган финал ҳақида ҳикоя қиламиз


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг