18 апр 08:03
Янгиликлар
Муроджон Аҳмадалиевнинг жанг санаси ўзгарди, у Шаҳрам билан бир оқшомда рингга чиқади
Мағлубият ва муроса нималигини билмай келаётган юртдошимиз 26 апрель (Тошкентда 27 апрель тонг саҳар) куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги “Forum” аренасида мексикалик Карлос Карлсонга қарши рингга кўтарилади. Аслида бу жанг аввал эълон қилинганидек, 19 апрель (Тошкентда 20 апрель тонг саҳар) ўтказилиши керак эди.
“Спортда ҳар қандай кутилмаган ҳолатлар бўлиб туради. Шу жумладан менинг жангим санасида ҳам ўзгариш бўлди. Энди аввал белгиланган кундан бир ҳафта ўтиб рингга чиқаман. Лекин рақиб ўзгаргани йўқ. Кутилмаган ва менга боғлиқ бўлмаган ўзгаришлар учун барчадан узр сўрайман”, - деди Аҳмадалиев.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Муроджон Аҳмадалиев Шаҳрам Ғиёсов билан бир бокс оқшомида рингга чиқади. Еттита жангнинг барчасида ғалаба қозонган Ғиёсов шу куни Эммануэль Тейлорга қарши жанг ўтказади.
Маълумот учун, 28 ёшли Карлсон проф боксда 28 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 23тасида ғалаба қозонган. Ўн тўртта жангда рақибларини нокаутга учратган. Бешта жангда мағлубият аламини тотиб кўрган. Иккита жангда нокаут бўлган. Сўнгги 5 та жангидан 4 тасида ютқазган.
Фикрлар