05 июл 16:37
Янгиликлар
Ўзбек спортида авж олаётган "касаллик": Аэропортдаги "арзон пиар" жонга тегмадими?
Сўнгги пайтларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида халқаро мусобақалардан қайтаётган спортчиларимизни тантанали равишда кутиб олиш "эпидемияси" авж олди. Қизил гилам, гуллар, модель қизлар, ҳарбий оркестр, чопонлар, байроқ кўтарган болакайлар. Бир қараганда ажойиб кўринади. Аммо... тан олиш лозим, ошириб юборилмоқда. Кечаси соат 2 бўладими, дам олиш куни бўладими, спортчилар юртимизга қандай мусобақадан келишидан қатъи назар, барча аэропортга сафарбар қилинади.
Ёдингизда бўлса, январь ойида "шахматчи Абдусатторов воқеаси"дан сўнг шов-шув кўтарилганди. Шундан сўнг қатиқ ҳам пуфлаб ичиладиган бўлди амалдорларимиз томонидан. Тўғри, ўшанда Нодирбек тантанали кутиб олишга арзирли иш қилганди. Нодирбек ва бошқа шахматчиларимизнинг ўшанда кутиб олинмагани жамоатчилик босимига сабаб бўлганди ва эртасига Миллий олимпия қўмитасида юқори даражадаги амалдорлар, мартабали меҳмонлар иштирокида тантанали тадбир ташкил этилиб, шахматчиларимиз мукофотланганди. Аслида аэропортда кутиб олишнинг ўрнига, мана шундай тадбир орқали "пиар" қилиш маъқулроқ эмасми? Кундузи. Кўпчилик иштирокида. Нормал одам ухламайдиган вақтда.
Тан олиб айтиш керак, бугунги кунда аэропортда тантанали кутиб олиш учун ресурсларни ортиқча сарфлаб юборяпмиз. Гуллар, моделлар, чопонлар ва бошқа дабдабаларнинг турган-битгани ҳаражатку. Шуми спортдаги пулларнинг мақсадли сарфланиши?
Қизиқ бўлса супероғир вазн тоифасидаги украиналик боксчи, уч йўналишда жаҳон чемпиони Александр Усик, шунингдек, яқинда жаҳон бокси юлдузи Сауль Альваресни шов-шувли тарзда мағлуб этган Дмитрий Биволнинг кутиб олиниши акс этган видеоларни интернетдан қидириб, кўриб чиқинг. Ортиқча дабдаба йўқ. Уларнинг ютуқларини аҳамиятини, салмоғини спортни бироз тушунадиган одамлар ҳам яхши билишади.
Яна қўшимча сифатида шуни айтиш мумкинки, бу оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ҳам ноқулайликлар туғдирмоқда. Аэропортга киришдаги сарсонгарчиликлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ва яна, кечаси соат 02:00 да аэропортга чиқишдан спортимиз тепасидагилар ҳам хурсанд бўладилар деб ўйламаймиз.
Кутиб олиш учун арзийдиган мусобақалар - Олимпия ўйинлари ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари. Тамом! Ушбу жараёнда иштирок этишдан барча бирдек хурсанд бўлса керак. Лекин, паст даражадаги халқаро мусобақалар, "Қорбобо кубоги" каби турнирлардан қайтаётган спортчиларимизни тантанали кутиб олишга ҳожат йўқ деб ҳисоблаймиз. Истовчилар кутиб олсин, лекин "замминистр"дан тортиб, журналистгача сунъий равишда "аэропортга ҳайдаш" маъқул иш эмас.
Таклифимиз - бундай кутиб олишларни бекор қилиш лозим ва "пиар"ни жуда ҳам исташса эртаси куни ўша спортчилар иштирокида кичик тадбир, масалан матбуот анжумани, тақдирлаш маросимлари (агар кўзда тутилган бўлса) ташкил этилсин. Ёки тинчгина узоқ йўлдан чарчаб, уйини соғинган спортчиларга жавоб бериб юбориш лозим.
Юртдошларимиз ютуқларини биз - ОАВ вакиллари доимо хурсандчилик билан ёритиб борамиз. Ғалабалардан қанчалик қувонсак, мағлубиятлари дилимизни ҳира қилади. Шундай яхши кўрамиз спортчиларимизни. Ютуқларни имкон қадар чиройли, тезкорлик билан халқимизга етказиб беришга уринамиз.
Ўзбек спортига оид ҳар қандай ютуқдан, ижобий янгиликлардан доимо хурсанд бўламиз. Лекин... ҳақиқатдан ҳам аэропортдаги "арзон пиар" жонга тегмадими?
Фикрлар