12 окт 19:54
Янгиликлар
Ўзбекистон Параосиё ўйинларини 77та медаль билан якунлади!
12 октябрь якунларига кўра ҳамюртларимиз томонидан 77 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 35таси олтин, 24таси кумуш ва 18та бронза медалларидир. Медаллар сифати бўйича умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллаб турибмиз.Қайд этиш лозимки, мусобақа давомида бир қатор йўналишлар бўйича Ўзбекистон ўз чемпионларини Осиёга кўз-кўз қилди. Олиб борилган селекция ишлари самараси ўлароқ, мазкур Параосиё ўйинларида янги номлар, янги чемпионлар кашф этилди. Ҳусусан, енгил атлетиканинг бир қатор йўналишлари, жумладан, баландликка сакраш (эркаклар, оёқ ампутацияси) бўйича Темур Гиязов, узунликка сакраш (аёллар, қўл ампутацияси) бўйича Камола Абдуллаева, найза улоқтириш (аёллар, қўл ампутацияси) Розия Эргашева, ядро улоқтириш (бўйи 140см дан паст бўлган спортчилар) баҳсларида Бобур Омоновларни бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Юқорида қайд этилган спортчиларимиз шу кунгача мазкур йўналишларда Хитой ва Япония мамлакатлари гегемониясига чек қўя олишди. Маълумот учун, терма жамоамиз спортчиларининг асосий қисми вилоятлардан, чекка-чекка қишлоқлардан саралаб олинган.
Баҳслар давомида Ҳусниддин Норбеков ўзи учун янги йўналиш ҳисобланган ядро улоқтиришда жаҳон рекордини ўрнатди. Бунгача рекорд 2008 йилги Паралимпия ўйинларида қайд этилганди. Шунингдек, мазкур Параосиё ўйинларида ватандошларимиз учун ёқимли бўлган ҳолат кузатилди. Яъни, тўрт маротаба шоҳсупада фақат Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Сузиш баҳсларида тўртта йўналишда фақат ўзбекистонлик спортчилар медалларга эга чиқишди.
Таққослаш учун, тўрт йил олдин Инчеонда бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида ҳамюртларимиз 22та олтин, 5та кумуш ва 4та бронза, умумий ҳисобда эса 31та медаль қўлга киритгандилар. Бу сафар эса Параосиё ўйинларидаги рекордларимиз мутлоқ янгиланди ва Ўзбекистон учун энг яхшиси бўлиб тарихга кирди.
Эртага мусобақанинг сўнгги кунида бадминтон, велоспорт ва баскетбол бўйича беллашувлар ўтказилади. Спортнинг ушбу турларида ўзбекистонлик спортчилар иштирок этишмайди.
Фикрлар