26 сен 11:55
Янгиликлар
Ўзбекистонда қатор профессионал футбол клублари ишончли бошқарувга берилади
Мазкур жараён спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ҳамда тармоққа тадбиркорлик субъектларини кенгроқ жалб қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Белгиланган талабларга кўра, профессионал футбол клублари фаолияти билан боғлиқ йиллик барча харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағларини киритган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳи ушбу жамоаларни бошқарувга олиши мумкин. Танловга қўйилган жамоалар қаторидан "Бунёдкор", "Бухоро", "Динамо", "Қизилқум", "Навбаҳор", "Насаф", "Нефтчи", "Локомотив", "Машъал", ОКМК ва "Пахтакор" клублари жой олган.
Футбол клубларини ишончли бошқарувга олган тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли имтиёзлар тақдим этилади. Хусусан, юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблашда соф фойда клубларни молиялаштиришга йўналтирилган ҳомийлик маблағлари суммасига, бироқ солиққа тортиладиган фойданинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда камайтирилади. Шунингдек, мазкур клублар футболчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади – улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида қатъий белгиланади.
Бундан ташқари, тадбиркорларга тижорат банклари томонидан клубларни сотиб олиш ёки спорт объектларини қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари учун 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади. Бунинг учун сармоядор томонидан истиқболли бизнес-режа ва ликвидли гаров таъминоти тақдим этилиши лозим – бунда клуб балансидаги бино, иншоот ва ер майдонлари гаровга олинмайди. Шу билан бирга, клубни бошқарувга олган сармоядорлар ўз маҳсулот ҳамда хизматларини спорт трансляциялари давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги марказий ва ҳудудий телеканалларда реклама қилишда 50 фоизлик чегирмага эга бўлишади.
Фикрлар