UZ

Сўнгги янгиликлар

20:25"Ҳумо" сафарда "Бейбарис"ни йирик ҳисобда мағлуб этди 0 19:3827 сентябрь куни “Спорт нафислик ва саломатлик манбаи” фестивали ўтказилади 0 19:17Польшага қарши ўйинда Франциянинг 4 нафар футболчиси четлатилгани учун ўйин тўхтатилди 0 18:55UFC яна бир россиялик билан шартнома имзолади 0 18:34Карлос Алькараз бошқараётган АТР рейтингида Сергей Фомин пастлади 0 18:12Оливейранинг мураббийи: "Махачев курашда Хабибдан яхшироқ" 0 17:56Жанубий Корея ОТЖ – Ўзбекистон ОТЖ ўртасидаги иккинчи учрашув ҳам дуранг билан якунланди 0 17:48Остон Ўрунов Коста-Рика билан учрашувда қатнашмайди 0 17:24Жаҳонгир Жумаев Octagon 35 турнирида қирғизистонлик ММАчига қарши жанг қилади 0 17:02WTA рейтинги. Акгул Аманмурадова 12 поғона юқорилади 0 16:41Фьюри бугун ҳам Жошуага шартномани эслатди 0 16:20"Ювентус" ПСЖ ҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда 0 15:58ВИДЕО. Конор Макгрегор "спарринг" машғулотларини намойиш этди 0 15:36Стол теннисчиларимиз жаҳон чемпионатига йўл олишди 0 15:12Қозоғистонлик чемпион Жанибек Алимханули 13 ноябрь куни илк ҳимоя жангини ўтказади 0

13 авг 11:59
Янгиликлар

Бокс/ММА

Сан-Диегода бўлиб ўтадиган UFC турнирининг асосий кардига Olamsport.com сайтидан махсус превью + Турнирнинг тўлиқ карди ва бошланиш вақти

14 август эрта тонгида Калифорния штати Сан-Диего шаҳрида UFC'нинг навбатдаги мусобақаси бўлиб ўтади.

Турнир Сан-Диегодаги Pechanga Arena'да бўлиб ўтади. Ушбу турнирнинг асосий кард жангларига махсус превьюни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ҳа айтганча, прелим кард жанглари бизнинг вақтимиз билан 14 август соат 01:00да, асосий кард жанглари эса 03:00да старт олиши белгиланган. Ўзбекистонда ҳеч қайси телеканал томонидан трансляция ҳуқуқи сотиб олинмаган (очиғи мухлислар қандайдир ҳаволалар ёки чет давлат телеканаллари орқали кўришдан безишган).

Асосий кард жангларига превью:

Марказий жанг:


Собиқ ва бўлажак чемпионлар жанги
Марказий жангда энг енгил вазн рейтингида 5-поғонани эгаллаб турган Марлон Вера ва шу вазннинг собиқ чемпиони Доминик Круз тўқнаш келади. Вера UFC'да 2014 йилдан буён жанг қилади, унинг статистикаси: 20-7-1. Марлон UFC'да Шон О'Мэллини мағлуб этган ягона жангчи ҳисобланади. UFC'даги сўнгги мағлубиятини 2020 йилда Жозе Алдодан қабул қилиб олган. Кетма-кет 3 та жангдан буён ғалаба қозониб келаётган Эквадор вакили бу сафар янада жиддийроқ рақиб билан тўқнаш келмоқда: Доминик Круз. Америклик Круз 37 ёшда, рейтингда 8-ўринда жойлашган. Рақибидан 5 ёш катта. Қизиғи, Доминик жуда катта танаффусдан сўнг ММАга қайта олган. 2016 йил декабрида у Коди Гарбрант билан жанг қилиб, мағлуб бўлган ва чемпионлик камаридан айрилган. Шундан сўнг, у 2020 йилда Генри Сехудога қарши жанг билан қайтган ва ўша жангда ҳам мағлуб бўлган. Сўнгги икки жангида ғалаба қозонган. UFC промоушенида 8 та жанг ўтказиб, олти бор ғалаба қозонган ва икки марта мағлубиятга учраган. Мағлубиятлари ҳақида юқорида келтириб ўтдик. ММАдаги умумий статистикаси: 24-3. Доминатор жангларининг учдан бир қисмини муддатидан аввал якунлаган. Чито Верада ҳам шундай вазият. Ҳуллас, ҳамма факторлар жангнинг қизиқарли ўтиши аниқлигини кўрсатиб турибди. Дарвоқе, вазн ўлчаш маросимида Марлон Вера Доминик Круздан граммларга оғирроқ тош босди. Аммо бу жангга ўз таъсирини ўтказа олмаслигини ММА мухлислари яхши билишади.

Сурат манбаси: twitter.com


Co main event:


UFC'ни "портлатмоқчи бўлаётган" бўлажак юлдузлар жанги

Бу жанг ярименгил вазнли америкаликлар — Нейт Ландвер ҳамда Давид Онама ўртасида бўлиб ўтади. Нейт учун бу UFC'даги бешинчи жанг. 2020 йил энг юқори ММА промоушенида дебют қилган Ландвер унда икки бор ғалаба қозонган ва шунча мағлубиятни қабул қилган. Сўнгги жангида Людовит Клейнни сабмишен эвазига мағлубиятга учратган (2021 йил, 16 октябрь). Умумий статистикаси: 15-4. Жангларининг ярмида зиёдини муддатидан аввал якунлаган. Шундай бўлишига қарамасдан, 5 раундлик жангларга ҳам "яхши ўрганган". Унинг рақиби ўзидан ёшроқ бўлган бошқа бир америкалик. Давид Онама ҳам UFC'да ҳали кўча тили билан айтганда "пацан". У ушбу промоушенда уч бор жанг қилган. Бошланишига мағлубият, кейинчалик иккита ғалабага эришган. Эътиборлиси, шу учта жангни Онама ярим йилдан зиёдроқ вақтда ўтказган. Сўнгги жанги июль ойида бўлган эди Давиднинг. Мана бир ой ўтар-ўтмас кейинги жангини ўтказмоқда. Бир сўз билан айтганда, Давид UFC'да порляпти. Умумий статистикаси: 11-1. Ягона мағлубиятини боя ёзиб ўтган эдик. Жангларининг ярмидан кўпини нокаут билан якунлаган. Атиги иккита ғалабасини ҳакамлар қарори билан қўлга киритган. Кўриниб турибдики, жангнинг эрта якунланиши эҳтимоли катта. Бу эса унга бўлган қизиқишни ошириши табиий. Дарвоқе,Ландвернинг рақиби аслида, барчамизга таниш — Зубайра Тухугов бўлиши керак эди.

Суратда: Нейт Ландвер


Асосий карднинг қолган жанглари:

Ясмин(Жасмин)лар жанги
UFC Сан-Диегонинг учинчи сараланган жанги аёллар ўртасида биринчи ўта енгил вазнда, икки нафар Ясмин ўртасида бўлиб ўтади. Бири мексикалик бўлса, иккинчиси бразил диёридан. Энг қизиғи, иккиси ҳам UFC'да дебют жангини ўтказишмоқда. Мексикалик Ясмин Хауреги 23 ёшда. Дебют жангининг ўзидаёқ ўз адашига қарши жанг қиладиган Хауреги фаолияти давомида ҳали мағлубият нималигини билмайди. Турли лигаларда 8 та жанг ўтказган Ясмин Хауреги барча жангларида ғалаба қозонган. Шуни таъкидлаш керакки, Хауреги 8 та ғалабасидан 7 тасини муддатидан аввал қўлга киритган. Ва ҳаммаси нокаут билан. Combate Global Last Latina Standing лигасининг ўтган, 2021 йилги мавсуми ғолибаси. Хаурегининг рақибасига келадиган бўлсак, боя айтганимиздек у ҳам дебютант. Бразилиялик Ясмин Лусиндо рақибидан 3 ёш кичик, анқироғи 20 ёшда. 15 та жанг ўтказган бўлса, ўн бир бор ғалаба қозонган ва тўрт марта мағлубият аламини тотган. Ғалабаларининг саккизтасини нокаут/техник нокаут билан якунлаган. Кўриниб турибдики, икки жангчи ҳам "нокаутчи". Қизиқ, UFC яна ўтган галги рекордни янгиламоқчими?

Суратда бразилиялик Ясмин Лусиндо


АҚШ — Россия қарама қаршилиги (сиёсатда эмас)

Навбатдаги жанг яримоғир вазн тоифасида Америкалик Дэвин Кларк ҳамда россиялик Азамат Мурзаконов ўртасида бўлиб ўтади. Кларк UFC промоушенида 2016 йилдан буён жанг қилиб келади. Бугунги кунгача ушбу промоушенда 13 та жанг ўтказган ва уларнинг еттитасида ғалаба қозонган. Мағлубиятларининг аксарини Ян Блахович, Александр Ракич, Энтони Смит ҳамда Ион Куцелаба каби жангчилардан қабул қилиб олган. Умумий статистикаси: 13-6. Ғалабаларининг катта қисмини очколар эвазига қўлга киритган, яъни Дэвин Кларк нокаутчи эмас. Тасодифни қарангки, у сўнгги жангида Уильям Найтни техник нокаут билан таслим этган. Унинг рақиби Азамат Мурзаконов эса анча жиддий. Яъни Дэвин Кларкнинг мутлақо тескари варианти. 35 ёшга тўлган бўлишига қарамасдан, Азамат UFC'да энди иккинчи жангини ўтказяпти. Қисқа вақт ичидаги иккинчи жанг. Мурзаконов UFC'га Дана Уайт Серияси орқали "чипта олган". ММАдаги илк жангини 2010 йилда Россиядаги маҳаллий лигалардан бирида ўтказган. Умумий 11 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида рақибларини "ер тишлатган". 8 та жангида рақибларини нокаутга учратган ва муддатидан аввал ғалаба қозонган. Ҳамюрти Зубайрадан фарқли равишда Азаматда виза билан боғлиқ муаммо юзага келмади, кўрамиз, буёғига нима бўларкин?

Суратда: Азамат Мурзаконов


UFC "гўзаллари" ёхуд "Зўравонлик маликаси" иштирокидаги жанг
Яна бир қизиқ томони бу жанг икки бразил ўртасида бўлиб ўтади. Уларнинг бири Присцила Кечоейра бўлса, иккинчиси Ариани Липски. Присцила Педрита 33 ёшда. UFC'да 2018 йилда дебют қилган. Шу бугунгача у мазкур промоушен остида 7 та жанг ўтказиб, уч бор ғалаба қозонган. Энг қизиғи, Кечоейра UFC'даги дастлабки учта жангининг барчасида мағлуб бўлганига қарамай, Дана Уайт унга имкон берган. Балки UFC'га ўтишигача бўлган даврда умуман мағлубиятга учрамагани бунга асос бўлгандир? Хуллас, Присциланинг ММАдаги умумий статистикаси: 11-4. Тўртта мағлубият ҳақида юқорида ёзган эдик. Унинг рақибаси, ўзининг ҳамюрти Ариани Липски (Зўравонлик маликаси) бўлади. Ариани рақибасидан 5 ёш кичик, аниқроғи 28 ёшда. ММАдаги илк жангини 2013 йилда, UFC'даги лик жангини эса 2019 йилда ўтказган. Умумий статистикаси: 14-7. UFC'да у ҳам ҳудди Присцила сингари 7 та жанг ўтказиб, уч бор ғалаба қозонган ва тўрт марта мағлубиятга учраган. Мухлислар уни актриса Галь Гадотга ўхшатишади. Хуллас, бир сўз билан айтганда, бу UFC гўзали иштирокидаги жанг бўлади, албатта статистикалар шунга ишора қилмоқда.

Суратда: Ариани Липски


Маҳмуд Мурадовни "бўғиб қўйган" Жеральд Мёршарт учун яна бир жиддий синов(ча)
Жеральд Мёршарт эсингизда бўлса кераг-а? У ўтган йили август ойида ҳамюртимиз Маҳмуд Мурадов билан жанг қилиб, ғалаба қозонган эди. Хуллас, ўша Мёршарт эртага бразилиялик Бруно Сильвага қарши жанг қилади. Рақиб ўзидан бир ёш кичик, 33 ёшда. Бу Мёршарт учун UFC'даги 17-жанг бўлади. У UFC'да тўққиз бор ғалаба қозонган ва етти марта мағлубият аламини тотган. Энг қизиғи, Жеральд сўнгги жангини ҳам Марлон Вера кардида ўтказган эди. Мёршартнинг умумий статистикаси: 33-15. Ғалабаларининг 76 % ни сабмишен орқали қўлга киритган. Унинг рақиби Бруно Силвага келадиган бўлсак, у UFC'да тўртта жанг ўтказган ва дастлабки учтасида ғалаба қозонган, сўнгги жангида Исраэль Адесанянинг бўлажак рақиби — Алекс Перейрага мағлуб бўлган. Умумий статистикаси: 22-7. Мёршартдан фарқли ўлароқ, жангларининг 86 %ни нокаут/техник нокаут билан якунлаган. Кўриниб турибдики, бири "стойка"да урушишга ҳаракат қилса, бири партерда. Бу эса ҳар доим қизиқарли бўлган-ку.

Суратда: Жеральд Мёршарт


Прелим кард жанглари:

Аёллар ўртасида биринчи ўта енгил вазнда: Андела Хилл (рейтингда - #13 | 13-12 | 5 КО/ТКО) — Лупита Годинес (8-2 | 1 КО/ТКО, 1 САБ);

Оғир вазнда: Мартин Будай (10-1 | 7 KO/TKO, 1 САБ) — Лукаш Бржески (8-1-1 | 5 KO/TKO, 2 САБ);

Аёллар ўртасида ўта енгил вазнда: Синтиа Калвильо (рейтингда - #12 | 9-4-1 | 2 KO/TKO, 3 САБ) — Нина Нуньес (рейтингда - #9 | 10-7 | 4 KO/TKO, 2 САБ);

Енгил вазнда: Габриэль Бенитез (22-10 | 8 КО/ТКО, 10 САБ) — Чарли Онтивероз (11-8 | 4 KO/TKO, 2 САБ);

Ўта енгил вазнда: Оде Осборн (11-4 | 5 КО/ТКО, 4 САБ) — Тайсон Нэм (20-12-1 | 12 КО/ТКО, 1 САБ);

Яримўрта вазнда: Жейсон Уитт (19-8 | 3 KO/TKO, 8 SUB) — Жош Куинлан (5-0 | 3 KO/TKO, 2 САБ);

Энг енгил вазнда: Юссеф Залал (10-5 | 2 KO/TKO, 5 САБ) — Д'Амон Блэкшир (12-4 | 1 KO/TKO, 8 САБ).



Диёр Мавлонов тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг