06 сен 19:14
Янгиликлар
Тавсия қиламиз: Футболдан чиққан UFC юлдузи Сирил Ган билан яқиндан танишинг
Йиллар давомида ушбу турнирда Криштиану Роналду, Тьерри Анри, Карим Бензема каби юлдузлар ҳам иштирок этган...
3 сентябрь куни Париждаги UFC Fight Night турнирида Сирил Ган Сергей Спивак билан жанг қилди. Биласизки, Ган ўзининг ноёб мувозанати ва оёқ ҳаракатлари билан машҳур. Баъзи мухлислар унинг бу кўникмалари аввал футбол билан шуғуллангани боис шаклланганини такидлашади. Сирил етти ёшидан футбол ўйнаб келади, у 42-ўлчамдаги пойабзал киярди ва халқаро турнирларда иштирок этган.
Ган болалигидан футболга ошно эди. Унинг отаси минтақавий даражада футбол ўйнаган. Спортчининг ўзи ҳам ММА жанчиларидан эмас, балки француз футболчилари Зинедин Зидан ва Тьерри Анридан илҳомланган. “Биз Анри билан ватандошмиз. У худди отам каби, Гваделупадан. Зиданни таништириш, менимча шарт эмас”, дейди Сирил Ган.
Спортчи ўзи туғилиб ўсган шаҳарнинг "Gan Étoile Sportive Ornaysienne de Football" академиясида шуғулланган. “Дастлаб ўзини ҳужумда синаб кўрди, аммо техникаси етишмаслиги сабаб марказий ҳимоя позициясига кўчиб ўтди. Янги позицияда Сирилнинг янги қирралари очила бошлади. Унинг майдонни кўриш қобиляти, биринчи пас ва иккинчи қаватда тўпни ютиб чиқиш жиҳатлари анча яхши эди”, дейди Ганнинг биринчи мураббийи Бруно Барбари.
Сирил истиқболли ўйинчи саналарди ва ҳатто Montagu халқаро турнири учун Vendee департаментининг ёшлар жамоасига чақирилган. Йиллар давомида ушбу турнирда Криштиану Роналду, Тьерри Анри, Карим Бензема каби юлдузлар ҳам иштирок этган. Ган келажакда етук футболчи бўлиши мумкин эди, бироқ 16 ёшида тўсатдан футболни ташлаб қўйди. “У бепарво футболчи эди. Яхши ўйнаши учун доим унга бақиришим керак бўлган. Сирил кайфият футболчиси ҳисобланган”, деганди Барбари. “Мен руҳий жиҳатдан кучли эмасдим. Ҳаётдан нима хоҳлаётганимни билмасдим. Ота-онам касбимни давом эттиришимни исташмади”, дея тан олган жангчининг ўзи.
Шундай бўлишига қарамай, франциялик спортчи футболни тамоман йиғиштириб ташлагани йўқ. 2021 йилда у “Марсель” фахрийлари ва футбол афсоналари ўртасидаги хайрия ўйинида иштирок этди. Ган Дидье Дрогба, Янс Леманн, Эстебан Камбиассо, Роберт Пирес, Марсел Десайли ва Самир Насри каби таниқли футболчилар билан бирга майдонда тўп тепганди. Учрашувда у гол ура олмади, аммо Яя Туре услубидаги югуриш билан томошабинлар ёдида қолди.
Сирил ФИФАни хуш кўради. Унинг Мбаппе билан алоқалари ҳам яхши ҳамда Франция терма жамоасининг ашаддий мухлиси ҳисобланади. Қатарда бўлиб ўтган ЖЧ финалидаги мағлубиятдан сўнг жангчи шундай деганди: “Биз ўз ўйинимзни топиб олгандик, аммо кеч бўлганди. Бу терма жамоа ҳали ёш. Франциянинг келажаги порлоқлигиги ишонаман. Мбаппе менинг яқин дўстим ва жангларимда қатнашишни истайди, бироқ унинг тақвими жуда тиғиз. Умид қиламанки, бир куни бу иш содир бўлади”, дейди спортчининг ўзи.
sports.ru сайти асосида Ҳабиб Жўрабоев тайёрлади
Фикрлар